Мусо ва Хизр қиссаси

ss

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: Пайғамбар Мусо алайиссалом Бани Исроил қавми ичида хутба қилиб турган эди. «Ким энг олим зот? » деб савол берилди. Мусо алайҳиссалом: Мен деб жавоб бердилар. Сўнг Аллоҳ таоло у кишини илмни Аллоҳга нисбат бермаганлари учун танбеҳ берди. (Яъни Мусо алайҳиссалом «Аллоҳу аълам» демадилар)
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга икки денгиз бир-бири билан учрашган жойда бир банда у кишидан ҳам илмли эканини ваҳий қилди.
— Eй Роббим у билан қандай учрашаман? дедилар.
— Саватни ичига балиқ солиб ол. Балиқни йўқотиб қўйган жойингда уни топасан дейилди.
Мусо алайҳиссалом йўлга чиқдилар. У зот билан бир шогирдлари Юша’ ибн Нун ҳам йўлга тушди. Саватга балиқ солиб олдилар. Улкан бир харсанг тошни олдига келганларида ухладилар. Шунда балиқ саватдан чиқиб денгизга тушиб кетди. Мусо алайҳиссалом ва шогирдлари кечаси яна йўл юрдилар. Тонг отгача Мусо алайҳиссалом: Нонуштамизни олиб кел бу сафаримизда анча қийналиб қолдик дедилар. Шогирдлари: Катта харсангни олдида дам олганимизда балиқни у ерда эсимдан чиқариб қолдирибман деди. Мусо алайҳиссалом: Биз айнан шуни излаётган эдик дедилар ва изма-из ортга қайтдилар. Катта харсангни олдига етиб келганларида бир одамни кўрдилар ва Мусо алайҳиссалом унга салом бердилар. Шунда Хизр: Диёринггиз тинчми? деди.
— Мен Мусоман дедилар.
— Бани Исроиллик Мусоми? деди.
— Ҳа. Сизга билдирилган нарсаларни менга ҳам ўргатишинггиз учун сизга эргашсам майлими? дедилар.
— Сен мен билан бўлсанг ҳеч ҳам сабр қилолмайсан. Эй Мусо менга Аллоҳ бир илм берган сен уни билолмайсан. Сенга Аллоҳ бир илм берган мен уни билолмайман.
— Мени сабр қилувчилардан эканимни кўрасиз иншааллоҳ. Сизга ҳеч бир ишда норози бўлмайман десилар.
Улар йўлга тушдилар. Денгизнинг соҳилида кетаётганларида бир кема ўтиб қолди. Кемадагилардан ўзларини кемага чиқаришларини сўрадилар. Кемадагилар эса уларни текинга кемага олдилар. Бир қуш келиб кеманинг четига қўнди ва денгиздан сув ичди. Хизр: Эй Мусо менинг илмим ҳам сенинг илминг ҳам Аллоҳнинг илмидан бу қуш денгиздан сув ичган миқдорчалик ноқис қилолмайди деди. Сўнг Хизр кеманинг бир жойини тешди. Шунда Мусо алайҳиссалом: Бизни текинга кемаларига олганларни кемасини тешдингми? Уни аҳлини ҳалок қилишни истаяпсанми? дедлар. Хизр: Сен мен билан бўлсанг, ҳеч ҳам сабр қилолмайсан демаганмидим? деди. Мусо алайҳиссалом: Эсимдан чиқарганим учун кечир дедилар.
Сўнг йўлда давом этдилар. Ўйнаб юрган болаларни кўрдилар. Хизр шу ерда бир болани ўлдирди. Мусо алайҳиссалом: Ҳеч гуноҳ қилмаган, ҳеч кимни ўлдирмаган болани ўлдирдингми? дедилар. Хизр: Сен мен билан бўлсанг, ҳеч ҳам сабр қилолмайсан демаганмидим? деди.
Сўнг йўлда давом этдилар. Бир қишлоққа етиб келдилар. Қишлоқ аҳлидан таом беришларини сўрадилар. Лекин улар таом беришмади. Кейин улар бу қишлоқда йиқилиб тушишига оз қолган бир деворни кўрдилар. Хизр у деврни таъмирлаб қўйди. Мусо алайҳиссалом: Хоҳласанг бу ишинг учун бу қишлоқ аҳлидан бир нарса олсанг бўлади дедилар. Хизр: Энди йўлимиз айрилади деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ Мусога раҳм қилсинг. Агар Мусо сабр қилганида эди уларнинг кейинги ишларини Аллоҳ бизга айтиб берар эди.

Имом Бухорий ривоят қилганлар.

*Кейин эса ҳазрати Хизр бу уч ҳодисани нима учун қилганликларини айтиб берганлар. Бу Қуръони каримнинг Каҳф сураси 79-82- оятларда қуйидагича келади. «Кемага келсак, у денгизда ишлайдиган мискинларники эди. Мен уни айбли қилишни хоҳладим. Чунки, ортларида бир подшоҳ бўлиб, барча кемани тортиб олаётган эди. Eнди болага келсак, ота-онаси мўмин кишилар эди. Биз унинг икковларини туғён ва куфр ила эзишидан қўрқдик. Роббилари уларга унинг бадалига ундан кўра яхшироғини, аҳли солиҳроқ ва меҳрибонроғини беришни ирода қилди. Деворга келсак, у шаҳардаги икки етимники бўлиб, унинг остида икковларининг хазинаси бор эди. Уларнинг оталари солиҳ одам эди. Роббинг икковларининг вояга етишини ва хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди. Бу Аллоҳнинг раҳмати ила бўлди. Мен ўзимча қилганим йўқ. Мана шу, сен сабр қила олмаган нарсанинг таъвилидир».

«Ал мухтор мин фароидин нуқул вал ахбор»

Абдулвоси Эргашев тайёрлади

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment