Намознинг фазилатлари

ss

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўзининг каломи шарифи бўлмиш Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади: »Албатта, намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтарур». Бошқа бир оятда эса: »Кундузнинг икки тарафида ва кечанинг бир бўлагида намозни тўкис адо қил! Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: »Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим. Яъни Сарвари коинот Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўзларининг муборак ҳадисларида намознинг фазилати ҳақида: »Фикр юритмайсизларми агар сизларнинг эшикларингизни олдидан бир анҳор оқиб ўтган бўлса, сизлар у анҳорда ҳар куни беш маҳал чўмилсангиз баданингизда кирдан асар қоладими?», деб сўрадилар. Саҳобалар: »Кирдан асар қолмайди ё, Расулаллоҳ (с.а.в)», деб жавоб берганларида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: »Беш вақт намознинг мисоли ҳам худди шундай. Аллоҳ таоло намоз билан бандаларининг гуноҳ ва хатоларини ўчиради», деб марҳамат қилдилар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари. Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: »Беш вақт ва жумадан жумагача адо этилган намозлар улар ўрталарида билиб билмай қилинган гуноҳларга каффоротдир», деб марҳамат қилганлар. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: »Кимки икки салқин вақтдаги намозни адо этса жаннатга киради», дедилар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар. Бу ерда зикр қилинган »икки салқин»дан мурод бомдод ва аср намозлари. Ҳазрати Жундуб ибни Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: »Кимки субҳ яъни бомдод намозини адо этса, бас у банда Аллоҳ таолонинг зиммасидадир», дедилар. Шунингдек, намознинг фазилатлари тўғрисида Аби Зуҳайр Умора ибни Руъайба розияллоҳу анҳу: »Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: »Қуёш чиқишдан олдин ва қуёш ботишдан олдин намозни адо этган киши қиёмат куни дўзахнинг қаърига қулаб кетмайди», деганларини эшитган эдим», деб ривоят қилганлар. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: »Кимки аср намозини тарк қилса, батаҳқиқ унинг амали ҳабата бўлибди», деб марҳамат қилганлар.
Аби Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: »Кимки уйида комил таҳорат қилиб, кейин эса фарз намозлардан бирини адо этаман деган холис ният билан Аллоҳнинг байтларидан бўлган жоме масжидлардан бирига йўл олар экан, масжид сари биринчи қадамини қўйиши билан Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло унинг гуноҳларини мағфират қилса, иккинчи қадамини қўйиши билан даражасини юксалтиради», деб марҳамат қилганлар. Имом Муслим ривояти. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: »Мен сизларга ўғирлик қилувчиларнинг гуноҳ жиҳатидан энг оғир гуноҳкорларини хабарини берайинми?», деб сўраганларида саҳобалар »улар кимлар ё, Расулуллоҳ (с.а.в)», дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: »Улар намозларидан ўғирлайдилар», дедилар. Саҳобалар: »Қандай қилиб намоздан ўғирлайдилар?», деб сўраганларида Сарвари коинот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: »Руку ва саждаларини тамомий тўлиқ қилмайдилар», деб жавоб берган эканлар.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда Юнус алайҳис салом ҳақида оят нозил қилди. Саффот сураси 143-144 оятларида: »Агар у (Аллоҳга доимо) тасбеҳ айтувчилардан бўлмаса эди, албатта, у (балиқ) қорнида то қайта тириладиган кунларигача (яъни, қиёматгача) қолиб кетган (яъни, ҳалок бўлган) бўлур эди». Ибни Аббос розияллоҳу анҳу бу оятнинг тафсирида у зотни яъни Юнус алайҳи саломни намозхонлардан бўлган эди, деб тафсир қилганлар. Розияллоҳу анҳум ажмаъийн.
Манбалар асосида Пайариқ тумани бош имом хатиби Мансуржон Абдухолиқов тайёрлади.

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment