Насиҳатчи бўлмаган ва насиҳатчиларни хуш кўрмайдиган қавмда хайр йўқ!

ss

 

                         Screenshot_2016-12-02-08-38-10-1                   

Шахсга нисбатан қилинган насиҳат ҳеч бир жамиятда ман қилинмаган. Қандай ҳам яхши агар инсон тавбани такрор ва такрор қилса, мақсадини мустаҳкамласа, гуноҳга қайтмаса шайтонни енгилган ҳолда топади. Чунки шайтон очиқ душмандир! Қиладиган тавбамиз уни хафа қилади, саждамиз уни йиғлатади. Киши дўстлари билан кучли, ёлғиз ўзи заифдир. Ҳеч хам шайтонга ёрдамчи бўлиб қолмаслигимиз керак! Мусулмон киши дўстлар ва панду-насиҳатли давраларга боғланиб туриши зарур, чунки бу йўл пайғамбарлар ва солиҳ кишилар тутган йўлдир. Бу борада Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Дин – бу насиҳатдир!”, айтилди: “ким учун эй Расулаллоҳ?”, айтдилар: “Аллоҳ ва унинг китоби, ва расули ва мусулмонларнинг раҳбарлари ва барча мусулмонлар учун”.

Аллоҳга насиҳат қилиш — Унга иймон келтириш, ҳар қандай шерикни инкор этиш, барча мукаммал ва улуғ сифатлари билан сифатлаш, ҳар қандай нуқсондан поклаш, ибодатни Унга холис қилиш, Унга итоатгўй бандаларни дўст тутиш ва Унга осий бўлганларни душман деб билиш орқали ҳосил бўлади.

Мазкур нарсаларга  сўзда ва амалда риоя қиладиган мўмин кишилар дунё ва охиратда саодатли бўладилар.

Аллоҳнинг китобига насиҳат – Қуръон Аллоҳ таоло тарафидан нозил қилинган  самовий китобларнинг энг сўнгиси эканига, у Аллоҳ таолонинг мўъжизавий каломи, уни Аллоҳнинг ўзи ўзгаришсиз сақлашига иймон келтириш билан бирга уни кўп ўқимоғи ва ёд олишга интилмоғи керак. Уни ўқиш билан мусулмон кишининг номайи аъмолига энг улуғ ажрлар ёзилади. Уни ёдлаш билан қалблар ором олади ва покланади. Қиёматда эса соҳибини кутуб турувчи шафоатчи бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга насиҳат – У зотни Аллоҳнинг элчиси эканига ишониш ва суннатларига эргашишдир. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш ва буйруқларига итоат этиш ҳам, у зотга қилинган насиҳатдир. Аллоҳни яхши кўриш Расулуллоҳни яхши кўриш демакдир. «Айтинг: «Агар Аллоҳни яхши кўрсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ ҳам сизларни яхши кўради…» (Оли-Имрон сураси, 31-оят). Демак, ҳар бир мусулмон Расулуллоҳнинг сийрат ва суннатларини ўқиб ўрганиши, ахлоқ ва одоблари билан ўзини зийнатламоғи ва одамлар орасида ёймоғи керак бўлади экан.

Мусулмонларнинг раҳбарларига насиҳат — уларнинг солиҳ бўлишлари, тўғри йўлда туришлари ва адолат билан иш юритишларини яхши кўриш, уларга ҳақни эслатиб, хато қилганларида уларни ҳикмат билан огоҳлантириб туриш демакдир. Зеро, ноҳақ нарсани кўриб уни айтишга журъат этолмаган уммат яхши уммат эмас!

Барча мусулмонларга насиҳат – дунёга келадиган одам фарзандлари Аллоҳ таоло хохиш-иродаси билан келар экан, Унинг кўрсатган низоми асосида яшашга мажбурдир. Шундай экан мусулмонлар бир-бирига ҳақни кўрсатиб, амали ва сўзида хато ва нуқсонларни тўғрилашда ёрдамчи бўлишларидир.

Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларида Жарир ибн Абдуллоҳ байъат қилганларида учта нарсани буюрдилар. Намозни қойим қилишни, закот беришни ва ҳар бир мусулмонга насиҳат қилишни. Али розияллоҳу анҳу:“мусулмонлар бир-бирига насиҳатчи, мунофиқлар ҳавойи-нафсларига шишувчидир”, деганлар. Мусулмонлар орасида панду-насиҳат кўпайса, бу яхшилик далолати ва соғлом назоратдир. Умар розияллоҳу анҳу: “Насиҳат қилмайдиган ва насиҳатчиларни хуш кўрмайдиган қавмда хайр йўқ!” деганлар. Агар насиҳат сўровчи хузирингда насиҳатни қабул қилса, билгинки у ҳаё неъматидан мосуво булмапти, осмонлар ва ернинг роббиси ҳидоятига рағбати бор экан. Қилинган насиҳатнинг қабул бўлиши кечикса, ҳеч хам хафа бўлма, насиҳат қилиш мусулмоннниг иши ҳидоят эса Аллоҳдандир. Роббимиз азза ва жалла набиййи саллоллоҳу алайҳи васалламга айтган сўзларини эслайлик. “Албатта, сен ўзинг севган кишингни ҳидоят қила олмассан. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қилур. У ҳидоятга юрувчиларни яхши билгувчи зотдир. (Қасос 56). Демак, одамларни ҳидоят қилиш Аллоҳнинг измидадир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким, ҳатто Пайғамбари с.а.в. ҳам бу ишга қурблари етмайди. Ҳидоят қилиш имкони берилганда эди амакиси Абу Толибни ҳидоят қилар эдилар. “Бас, агар эслатиш манфаат берса, эслатгин”. (ал-Аъло 9). Шу ўринда, ҳаммага ҳам насиҳат кор қилавермас экан. Насиҳатга моил бўлган кишиларгагина манфаат берар экан. “Бас, эслатгин, сен, албатта эслатгувчисан”. (Ғошия 21). Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Сизлардан бирор киши мункар нарсани кўрса, уни қўли билан тўғриласин, агар кучи етмаса тили билан тўғриласин, агар кучи етмаса дили билан. Анашу иймоннинг энг зайифидир”. Мусулмон мусулмоннинг хатосини тўғрилаш гўзал тарздаги панду-насиҳат билан бўлишлиги, унга Аллоҳнинг амрини эслатмоқлиги билан бўлар экан. Аллоҳ барча мусулмонларни насиҳатни қабул қиладиганлардан қилсин. Омийн.

 

 

Хайруллоҳ Саттаров,

Жомбой тумани бош имом хатиби.

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment