Олимлар юлдузларга ўхшайди

ss

Ҳар тонгда чиққан Қуёш, ўз вазифаси битгач, ботади. Инсон ҳам туғилар экан, албатта, бир куни вафот этади. Туғилмоқ – ўлмоққа далолат демакдир. Қанчалаб одамлар ҳаётга келиб-кетади. Уларни биров танимайди ҳам, эсламайди ҳам. Шундай инсонлар борки, улар вафот этиб кетсалар ҳам, инсонларнинг қалбида дунё тургунча яшайди. Улар олим ва уламолардир.

Забардаст олим, дин пешвоси, воиз, ислом ва мусулмонлар хизматчиси, умрининг кўп қисмини дин хизматига бахш этган устоз Нуриддинхон Исломов 22 сентябрь куни 73 ёшларида бу дунёни тарк этиб, охиратга юзландилар.

Нуриддинхон домла ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб динимиз ривожи йўлида хизмат қилиб келган эдилар. Жумладан, 1970 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ходими вазифасида иш фолиятини бошлаган. Шундан сўнг 1980 йилдан 2008 йилга қадар Жиззах вилоят, Ғаллаорол туман бош имом хатиби вазифасида фаолият олиб бордилар. Домла тумандаги “Ислом Нури” жоме масжидининг имом-хатиби вазифасини ҳам бажарганлар. Жиззах вилоятидаги меҳнат фаолияти давомида аҳолига соф ислом таълимотини етказиш, бидъат ва хурофотларга чек қўйишда фидойи бўлганлар. Туман марказидаги қадимий масжидни қайта тиклаш учун олиб борилган ҳаракатлари ўша даврдаги маҳаллий ҳукумат томонидан чеклангандан сўнг, бир неча кекса ёшли намозхонлар билан собиқ советлар мамлакатининг пойтахти Москва шаҳрига бориб, у жойда Кремль масъулларидан Тихинов билан шахсан учрашиш ва янги масжид биносини қуриш учун рухсат олишга муваффақ бўлганларини Ғаллаорол аҳолиси ва домланинг фарзандлари яхши эслайдилар. Оғир даврларда Аллоҳнинг байтини бунёд этиш, уни обод қилиш йўлида куч ва ғайратини аямаган домла қанча соғлиқ ва асабларидан ажраганини ўзингиз тасаввур қилиб кўришингиз мумкин. Масжид қурилиши 1989 йил бошланиб, 1991 йил фойдалнишга топширилган. Иншаллоҳ, ушбу байтнинг қурилишига ҳисса қўшганларга жаннатда қасрлар бино этилажак.

Нуриддинхон Исломов 2008-2017 йилларда — Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили ва 2017 йилдан ҳозирги вақтгача Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби ҳамда “Шоҳи Зинда” жоме масжиди имом-хатиби лавозимида фаолият олиб бордилар. Вилоят ва шаҳар бош имом-хатиби сифатида ёш имом-хатибларга устозлик қилдилар. Ўз иш тажрибаларини ёшларга ўргатар, жамоат билан иш олиб бориш, муомала, одоб ва ахлоқда намуна эдилар. Устознинг фазилатларидан бири, саломлашиш одобига катта эътибор қаратар эдилар. Ёшларга таълим бўлсин учун ҳали улар салом беришларидан аввал у киши биринчи бўлиб салом бериш одатлари бор эди. Ҳар қандай давраларда доимо насиҳат, амру маъруф, ҳаётий мисоллар билан суҳбат қурардилар. Ҳақиқат, тўғри сўзни шарт айтадиган, бу борада истисно қилмайдиган одат соҳиби эдилар. Шу билан бирга камтар, кибрсиз, доимо очиқ чеҳрали, ҳусни хулқ соҳиби бўлган домла, ўзларининг ширинсухан, гўзал суҳбатлари билан кўпчиликнинг ёдида қолганлар.

Ҳасан Басрий: “Олимлар юлдузларга ўхшайди. Агар кўриниб турса, одамлар улар билан йўл топишади. Агар кўздан йўқолиб, зулматда қолса, қаёққа юришни билмай ҳайрон қолишади. Олимнинг ўлими билан Исломда бўшлиқ пайдо бўлади. Вақт ўтса-да, бу бўшлиқни бирор нарса тўлдира олмайди”, деганлар. Дарҳақиат, Шайтони лаъин ҳам ўнлаб ёки юзлаб оддий инсонлар вафот этса қувонмас, лекин бир олим инсон вафот этадиган бўлса, жуда хурсанд бўлар экан. Динга тарғиб этгувчи, кўпчилик инсонларни ҳидоят топиб қолишига сабаб бўладиган зотларнинг ўлими улар учун қувонч ва шараф экан.

Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўзининг шомил мағфирати ва раҳматига олсин.

Ушбу мусибат дамларида марҳумнинг аҳли байтига, яқинлари, шогирт ва сафдошлариша Аллоҳ таолонинг қазои қадарини розилик ила қарши олган чинакам мўминларнинг мақомини сўраймиз ва барча яқинларига Аллоҳ таоло гўзал сабр берсин.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги ҳамда барча диний соха ходимлари Аллоҳ таолодан бу фоний дунёни тарк этган устоз Нуриддинхон Исломовнинг охиратлари обод бўлишини, бу дунёда динимиз, мусулмонлар учун қилган барча саъй ҳаракатларига ажру савобларини зиёда қилиб беришини сўраб, дуои хайрлар қилиб қолади.

 Зайниддин Эшонқулов Самарқанд вилоят бош имом-хатиби

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment