Гуноҳи кабийра ва ота-она хизмати

ss

Қобилов Н.С. Пайариқ тумани Соғиш ота жоме масжид имом хатиби.

٥ — باب لين الكلام لوالديه

ОТА-ОНАГА МУЛОЙИМ ГАПИРИШ ҲАҚИДА[1]

٨ — حدثنا مسدد قال: حدثنا إسماعيل بن إبراهيم قال: حدثنا زياد بن مخراق قال: حدثني طيسلة بن مياس قال: «كنت مع النجدات[2] فاصبت ذنوبا لا أراها الا من الكبائر فذكرت ذلك لابن عمر» قال: «ما هي؟» قلت: «كذا وكذا» قال: «ليست هذه من الكبائر هن تسع: «الإشراك بالله وقتل نسمة والفرار من الزحف وقذف المحصنة وأكل الربا وأكل مال اليتيم والحاد في المسجد والذي يستسخر[3] وبكاء الوالدين من العقوق» قال لي بن عمر: «أتفرق من النار وتحب أن تدخل الجنة» قلت: «إى والله» قال: «أحى والداك» قلت: «عندي أمى» قال: «فوالله لو ألنت لها الكلام وأطعمتها الطعام لتدخلن الجنة ما اجتنبت الكبائر».

Бизга Мусдад ҳадис айтди. У: Бизга Исмоил ибн Иброҳим ҳадис айтди, – деди. У: Бизга Зиёд ибн Мухроқ ҳадис айтди, – деди. У: Менга Тайсалама ибн Майёс ҳадис айтди, – деди. Тайсала ибн Майёс (р.а.): «Мен Нажда ибн Омир Хорижийнинг[4] асҳоблари билан бирга гуноҳлар қилдим. Уларни ўзимча катта гуноҳ деб ўйлардим. Шуни Абдуллоҳ ибн Умарга айтдим. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар: У нималар? – деди. Мен: Шулар, шулар, – дедим. “Булар катга гуноҳ эмас, У (катта гуноҳ)лар тўққизтадир; Аллоҳга ширк келтириш, айбсиз инсонни ўлдириш, уруш майдонидан қочиш, муҳсина (ўзини покиза сақлаган) аёлни зинокор (фоҳиша) деб айблаш, судхўрликдан ризқ ейиш, етимнинг молини ейиш, масжидда диндан чиқиш, одамларни масхара қилиш, (фарзандини) оққ қилишлари сабабидан ота-онанинг йиғлашлари (ота-онанинг боласини оққ қилганидан йиғлаши)”, – деб кейин ибн Умар менга: “Сен дўзахдан қўрқиб, жаннатга киришни хоҳлайсанми?” – деди. Мен: “Аллоҳга қасамки, шундай”. – дедим. У киши: “Ота-онанг тирикми?” – деди. Мен: “Онам бор”, – дедим. У киши: “Аллоҳга қасамки, онангга гапиришда юмшоқсўз бўлсанг, уни таомлантирсанг, албатта жаннатга кирасан, модомики катта гуноҳлардан сақланган бўлсанг”, – деди.

Тайсала ибн Майёс (р.а.) – ишончли ровий, асл исми Тайсала ибн Али ан-Наҳдий (ал-Баҳдалий)[5], Миёс Алининг лақаби.

Абдуллоҳ ибн Умар – саҳобий, тўлиқ исмлари – Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб ал-Маккий  (ваф. 74/693).   Абдуллоҳ ибн Умар отаси халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Мадинага ҳижрат қилган. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг доимий хизматларида бўлганларнинг бири ҳисобланади. У ўта тақводор, ҳофизу-л-Қуръон ва кўп ҳадис билиши билан саҳобалар орасида алоҳида эътиборга эга бўлган,  ундан 2630та ҳадис ривоят қилинган.

Ҳадиснинг умумий маъноси:

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг бевосита мактабларини ўтаган буюк саҳобий, уматнинг фақиҳи Абдулоҳ ибн Умарнинг ҳузурларига Тайсала ибн Майёс ўзи билиб-билмай қилиб қўйган гуноҳлари юзасидан ҳосил бўлган муаммоли масала юзасидан фатво сўраб келди. Ундан гуноҳларидан қандай покланиб дўзахдан сақланишни сўради. Абдуллоҳ ибн Умар унинг нима гуноҳ қилганлигини сўраганида Тайласа бирма-бир қилган гуноҳ амалларини айтиб берди. Абдуллоҳ унинг бу қилган гуноҳлари катта гуноҳ (гуноҳи кабира)лар тоифасига кирмаслигини айтиб, (воқеъликда унинг қаршисида турган ва у булардан сақланиши лозим бўлган) катта гуноҳларни бирма-бир санаб берди:

  1. Аллоҳга ширк келтириш,

Аллоҳ таолодан бошқага сиғинишга ширк амал дейилади. Киши кичкина ширк амали сабабли ҳам иймондан маҳрум бўлади. Шунинг учун бу амал катта ва кечирилмас гуноҳ сифатида қаралади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат этилади: “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва лекин ана шундан бошқа (гуноҳ)ларни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур”. (Нисо сураси, 48-оят).

Шунингдек, Аллоҳ таоло ширк келтиришни Луқмон сурасининг 13-оятида “Албатта ширк энг катта зулмдир” деб ширк амалини зулмга тенглаштиради. Чунки,  мушрик ҳар қандай шерикдан пок Аллоҳга бир махлуқни тенглаштириб, уни холиқ даражасига кўтарди ва бу амали билан Аллоҳ таолонинг ўзига нисбатан ғазабини қўзғаб ўзига ўзи зулм қилган бўлади.

Бошқа амаллар сингари ширк амаллари ҳам зоҳирий (кўриниб турган) ва ботиний (махфий) бўлади. Зоҳирий ширк амал Аллоҳ таолога сиғиниш, ибодат қилиш билан бирга бошқа бут-санамларга сиғиниш, ёки мутлақ ҳолда Аллоҳ таолодан бошқасига сиғиниш, ибодат қилишлар киради.

Ботиний ширк амалларга фолбин, сеҳргар, мунажжимларнинг сўзларини тасдиқ қилиш киради. Чунки, Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 59-оятида “Ғайб очқичлари (сирлари) Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур.” деган бўлса-ю, бошқа бир гумроҳ чиқиб; Мен ғайб илмини биламан, деб келажакдан фол очиб, ғайб илмига даъво қилса, бошқаси эса уни сўзини тасдиқлаб унга ишонса бу ҳолатнинг ҳукми қандай бўлади? Ғайбни билиш ҳақидаги унинг бу даъвоси илоҳлик даъвосидир. Унга ишонган киши эса, Аллоҳ таолонинг сўзига кофир бўлиб, уни сўзини тасдиқ қилса, дарҳақиқат у киши ҳам ширк амалга қўл урибди. Бу ўриндаги фолбин, коҳин, сеҳргарлар эса шайтон қавмидан бўлган кишилардир.

  1. “айбсиз инсонни ўлдириш,

Дунёда Аллоҳ таолодан бошқасига ибодат қилишдан кейин бегуноҳ инсонни ўлдиришдек оғир гуноҳ йўқ ҳисобланади. Зеро, қотиллик сабабли жамиятда беқарорлик, фитна-фасод авж олади. Аллоҳ таоло ноҳақ одам ўлдиришни гуноҳини Моида сурасининг 32-оятида шундай баён қилади: “… кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гуё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса), демак; гўё барча одамларга ҳаёт берибди. …” дея ноҳақдан бирор одамни ўлдирган кишига дунёдаги барча одамларни ўлдирганни гуноҳини ёзилишини таҳдид қилиш билан қотилликдек оғир гуноҳдан инсонларни қайтармоқда.

Жумладан, Нисо сурасининг 93-оятида “Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир.”  қасддан одам ўлдиришнинг гуноҳи кечирилмас ва жуда оғир эканлигини баён қилмоқда. Шунинг учун бу амал ҳам катта гуноҳлар қаторига киради.

  1. уруш майдонидан қочиш,

Душманга уруш майдонида рўпарў келганда орқа ўгириб қочиш ҳам гуноҳи кабиралардан бири саналади. Чунки, Ватанни обод ва озод ҳолда сақлаш ҳамда душмандан уни ҳимоя қилиш шу ватанда истиқомат қилиб турган ҳар бир киши учун муқаддас бурч саналади. Аллоҳ таоло Анфол сурасининг 16-оятида урушда душманга орқа ўгириб қочган кишининг жазосини шундай хабар беради: “Кимки ўша (уруш) кунида жанг йўсинини ўзгартириш ёки бошқа бир гуруҳ (мусулмонларга) қўшилишдан ташқари ҳолатда, уларга (кофирларга) орқа ўгириб қочса, бас, у Аллоҳ тарафидан ғазаб билан кетибди ва унинг жойи жаҳаннамдир. Нақадар ёмон оқибат-а!”

  1. “муҳсина (ўзини покиза сақлаган) аёлни зинокор (фоҳиша) деб айблаш,”

Муборак динимизда аёл шаъни, ор-номуси жуда қаттиқ қўриқланади. Бир аёлни фоҳиша деб айблаш учун камида тўрт солиҳ киши гувоҳлик бериши керак. Агар гувоҳлар  сони тўрттадан кам бўлса, унда гувоҳлар инсон шаънига тажовуз учун жазоланади. Чунки, муъминнинг шаъни ва молига тажовуз унинг қонини тўкиш билан баробар ҳисобланади. Энди ўзини зино ва фаҳш ишлардан пок тутган муҳсина аёлни фоҳишалик билан айблаш гуноҳлар ичра энг оғир гуноҳлардан бири ҳисобланади. Бу Пайғамбаримиз с.а.в.дан ворид бўлган саҳиҳ ҳадисларда ҳам келтирилган.

  1. судхўрликдан ризқ ейиш,”

Кишига фойда келтирувчи омиллардан бири бўлган яна бир амал — судхўрликни тижорат, тадбиркорликнинг бир кўриниши деб қарамаслик лозим. Чунки, Аллоҳ таоло савдони ҳалол ва рибо (судхўрлик)ни ҳаром қилди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган.

 “Аллоҳ савдони ҳалол, рибо (судхўрлик)ни ҳаром қилди”.[6]

Судхўрлик – фоизга пул бериш орқали фойда кўриш юқорида айтилганидек шариати Исломда ҳаром қилинган амаллардан биридир. Чунки, бу амал сабабли қарздор хоҳ фойда кўрсин, хоҳ кўрмасин барибир олинган қарзнинг фоизини тўлашга мажбур. Бу эса жамиятда бузғунчилик ва оқибатсизликни авж олдирувчи сабаблардан биридир. Шунинг учун Исломда савдо (олиб сотиш) ҳалол қилинди, судхўрлик эса ҳаром қилинди.

 “Эй мўъминлар! Бирингиз бирингизнинг молини ноҳақ йўллар билан еманг. Ўзганинг молини фақат рози бўлиб савдо қилиш билан олгач ейишингиз мумкин”.[7]

Чунки, савдода фойда кўриш билан бирга зарарнинг ҳам эҳтимоли бор. Савдогар фойда кўришга умид қилгани ҳолда, зарарни ҳам бўйнига олиб иш бошлайди. Жамиятнинг эҳтиёжидаги товарларни меҳнату машаққат билан олисдан маълум маконга олиб келиб, одамларнинг талабини қондиради. Энг муҳими савдода харидорнинг молни олиш-олмаслик ва танлаш ихтиёри бор. Аммо, рибо – судхўрликда ундай эмас. Судхўр меҳнат қилмай бошқанинг зарари ва ҳатто хонавайрон бўлиши эвазига фойда кўради. Шариатимизда савдони ҳалол ва судхўрликнинг ҳаром қилинишига сабаб бўлган яна бир қанча омиллар борки, буларнинг барчасини бу ўринда бирма-бир санаб ўтишни имкони йўқ ва бунинг ўзи алоҳида бир мавзу.

  1. етимнинг молини ейиш,”

Абдуллоҳ ибн Умар гуноҳи кабираларни бирма-бир баён қилар экан, уларнинг ичида етимнинг молини ейиш ҳам борлигини уқтирдилар. Шариати исломда етим моли жуда қаттиқ эътибор билан қўриқланади. Ҳаттоки баъзи Суфён ас Саврий ва Абдуллоҳ ибн Муборак каби аҳли илмлар етимнинг молидан закот олинмайди деб ҳам айтганлар. Аслида, хоҳ етим бўлсин, хоҳ етим бўлмасин бировнинг ҳаққини ейиш кечирилмас катта гуноҳлардан бири саналади. Аммо етимнинг молини ейиш унданда каттароқ ва ҳисоби оғирроқ гуноҳ амаллардан биридир.

  1. “масжидда диндан чиқиш,” ҳадиснинг мазкур матни бошқа ҳадисларда “Масжиду-л-ҳаром – Каъба жойлашган масжидни ҳалол санаш” деб келган. Масжиду-л-Ҳаромнинг ҳарамлигини тан олмаган киши ҳам кечирилмас оғир ва улкан гуноҳ қилган саналади. Яъни, Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ҳаром деб, ҳаром қилганини ҳалол санаш билан ҳам киши диндан чиқади. Киши илми етмаган нарсалар устида масжидда баҳс юритиб, Исломда кўрсатилган ҳукмларга тескари фатво бериш сабабли диндан чиқиб қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун соҳиби илм – дин пешволари ва муҳтарам имомларимиз шариати ислом ҳукмларидан сўзлаётганда ниҳоятда эҳтиёт бўлиши, фитнага сабаб бўладиган сўзлардан қочиши керак.
  2. одамларни масхара қилиш,

Аллоҳ таоло Луқмон сурасининг 6-оятида “Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун ва у (йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олур. Ана ўшалар учун хор қилгувчи азоб бордир.” деб кибру ҳаво ила ўзини бошқалардан баланд олиб масхаралаб куладиганлар учун охиратда аламли азоб борлигидан огоҳ этмоқда. Бошқалардан ўзини катта олиш, ўзгаларни масхара қилиш, ноўрин ҳазил-мазахлар ҳам гуноҳи кабийралар қаторига киради. Чунки, бошқаларни масхара қилишнинг замирида бошқа бир инсонни қадрини паймол қилиш, обрўсини тўкиш ётади. Ҳадисларда айтилинганидек, муъминнинг обрўсини тўкиш унинг қонини тўкиш билан баробардир. Шу сабабли бу амал катта гуноҳлар қаторига киритилган.

  1. “фарзандини оққ қилишлари сабабидан ота-онанинг йиғлашлари”

Афсуски, ота-онанинг хизматини қилмаслик, уларнинг ҳаққи – мартабасини билмаслик сабабли уларнинг норозилига олиб борадиган нарсалар кейинги авлодларни назаридан бирмунча четда қолиб, бу одатий ҳолга айланиб бормоқдаки, бунинг оқибати инсон учун салбий ҳолатлар билан тугашлиги кўпчиликка маълум нарсадир.  Ана шу салбий оқибатлардан бири ота-онага оқ бўлишдир. “Оқ бўлиш”нинг луғавий маъноси – гапга кирмайдиган, бошқаларни ҳурмат қилмайдиган, деган маънолари мавжуд бўлиб, асл истеъмолда “ўзидан йироқ қилиш, бегона қилиш”  маъноларини англатади. Хоссатан, ота-онага оқ бўлиш — уларга бегона бўлиш маъносида қўлланилиб, ота-она ва фарзанд муносабатларига хос иборадир. Ота-она ҳеч қачон ўз ихтиёри билан фарзандини оқ қилмайди, аксинча бунга фарзанд мажбур қилади. Ота-онасига оқ бўлиб, уларнинг кўзларидан ёшини оқизган фарзанд кечирилмас улкан гуноҳга қўл урибди. Бу ҳақда янада батафсил маълумотни 7-бобда келтирамиз.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Инсон дини ва эътиқодига оид саволларни илм аҳлидан сўраши кераклиги.
  2. Гуноҳ амалларни, айниқса катта гуноҳларни улардан сақланиш учун билиш кераклиги.
  3. Фарзанд ота-онага қиладиган яхшиликлари сабабли гуноҳлари мағфират қилиниб, жаннатга кириши.
  4. Катта гуноҳлар учун алоҳида тавбанинг лозим эканлиги.

 

[1] Имом Бухорий. Ал-Адаб ал-муфрад. 5-боб, 8-ҳадис.

[2] النجدات – هم أصحاب نجدة بن عامر الخارجى

[3] و فى رواية أخرى < يستسحر >яъни сеҳр билан шуғалланиш.

[4] Ямомалик Нажда ибн Омир (ёки Уваймир) Абу Ҳанифа мазҳабига эътиқод қуйган киши эди. У хаворижлар (яъни адашган оқим) бошлиғи бўлиб, уларнинг эътиқодича, кишилар учун имом (халифа ёки амир) бўлиши шарт эмас. Одамларнинг ўзлари ҳақни ноҳақдан ажрата билишлари ва ўз-ўзларини, жамият йўналишини бошқара билишлари керак (Муҳаммад Абу Зуҳра, «Ал-Мазоҳиб ал-Исломия», 33-бет).

 

[5] Ан-Наҳдий, ал-Ҳузалий ва ал-Баҳдалий – учаласи ҳам бир исм бўлиб, Бани Саъддаги бир қабиланинг номи.

[6] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, Бақара сураси, 275-оят мазмуни.

[7] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, Нисо сураси, 29 -оят мазмуни.

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment