Ота-онага оқ бўлишнинг оқибатлари ва яхшилик қилишнинг фазилати.

ss

ОТА-ОНАГА ОҚ БЎЛИШНИНГ ОҚИБАТЛАРИ ВА ЯХШИЛИК ҚИЛИШНИНГ ФАЗИЛАТИ .

   Муборак ислом динимизда  ота-онага оқ бўлиш энг катта гуноҳлардан бири  ҳисобланиб, унинг даражаси Аллоҳдан бошқага сиғинадиган кишининг гуноҳи билан тенглаштирилган. Афсуски, ота-онанинг хизматини қилмаслик, уларнинг ҳаққи – мартабасини билмаслик сабабли уларнинг норозилига олиб борадиган нарсалар кейинги авлодларни назаридан бирмунча четда қолиб, бу одатий ҳолга айланиб бормоқдаки, бунинг оқибати инсон учун салбий ҳолатлар билан тугашлиги кўпчиликка маълум нарсадир.  Ана шу салбий оқибатлардан бири ота-онага оқ бўлишдир. “Оқ бўлиш”нинг луғавий маъноси – гапга кирмайдиган, бошқаларни ҳурмат қилмайдиган, деган маънолари мавжуд бўлиб, асл истеъмолда “ўзидан йироқ қилиш, бегона қилиш”  маъноларини англатади. Хоссатан, ота-онага оқ бўлиш — уларга бегона бўлиш маъносида қўлланилиб, ота-она ва фарзанд муносабатларига хос иборадир.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ота-онасига оқ бўлганлар ҳақида шундай дейдилар: “Энг катта гуноҳлар ҳақида сизларга хабар берайинми? Улар; Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлишдир”.  “Тўрт тоифа инсонлар (қилган ишларидан) тавба қилмаган бўлсалар жаннатга кирмайдилар ва жаннат неъматларини татиб ҳам кўрмайдилар. Улар; маст қилувчи ичимликларни кўп истеъмол қилган киши, (ризқини) судхўрликдан ейдиган киши,  етимнинг молини ейдиган киши ва ота-онасига оқ бўлган кишилардир”.  Ота-онасига оқ бўлиб, ҳоли ҳаётларида  ота-онасининг розилигини олмасдан вафот этган кишилар ҳар қанча яхши амал қилган бўлсалар ҳам ҳоҳ тавба қилган бўлсинлар, ҳоҳ тавба қилмаган бўлсинлар улар жаннатга кирмайдилар.

Фарзанднинг ота-онасига оқ бўлиши учун уни ота-онаси “оқ қилдим” дейиши шарт эмас. Ўзи тўқ бўлиб, ота-онасини оч ўтириши, ёки уларнинг дилини оғритадиган ишларни мудом қилиши, ёки уларни норози қилиш амаллари фарзандни ўзи билмаган ҳолда ота-онасига оқ бўлишига олиб келади. Чунки Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам уч бора: “Бурни ерга ишқалсин! (хор бўлсин!)”,- дедилар. Саҳобалар: Эй Расулуллоҳ! Кимнинг бурни ерга ишқалсин,- деганларида, у зот: “Ота-онаси ёки улардан бири унинг ҳузурида кексалик ёшига етсаю, уларнинг  хизматини қила олмаган фарзанднинг бурни ерга ишқалсин,”- дедилар.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳис – саломга шундай ваҳий қилган экан: “Эй Мусо! Ота-онангни улуғлагин. Кимки ота-онасини улуғласа, унинг умрини узун қилиб, унга ҳам уни улуғлайдиган фарзандни бераман. Ким ота-онасига оқ бўлса, умридан қисқартириб, унга ҳам оқ бўладиган фарзанд бераман”.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсонни ўсиб, камолга етишида ота-онанинг хизмати беқиёсдир. Ота-она фарзандига дунёдаги бор яхшиликларни истайди. Фарзандини келажакда комил инсон бўлиб вояга етиши учун қўлидан келган барча имкониятларни муҳайё қилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадиси шарифларида ҳам ота-онага, хоссатан онага кўпроқ яхшилик қилишга буюрадилар.

Бир одам Расулуллоҳ  саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига келиб: “Ё Расулаллоҳ, менинг яхши муомала қилишимга ким ҳақлироқ?”- деб сўради. Жаноб Расулуллоҳ: “Онанг!”- деб айтдилар. У: “Яна ким?”- деб сўради.  Жаноб Расулуллоҳ: “Онанг!”- дедилар.У: “Яна ким?”- деб сўради.  Жаноб Расулуллоҳ: “Онанг!”- дедилар. У тўртинчи бор: “Яна ким?”- деб сўради.  Жаноб Расулуллоҳ бу сафар: “Отанг!”- деб жавоб қилдилар.

Мазкур ҳадисдан  онанинг фарзанд зиммасидаги ҳаққи отанинг ҳаққидан бир неча бор катта эканлиги, агар ҳар иккаласи баробар ҳолда  фарзандни чорласалар, аввал онанинг чақириғига жавоб бериш лозимлиги маълум бўлади. Чунки онанинг  фарзандини вояга етишида ҳиссаси кўпроқдир. У ҳомилалик вақтида тўққиз ой фарзандини қорнида кўтариб юради. Сўнг унинг гўдаклик вақтида икки йил эмизиб, қанча-қанча тунларни бедор ўтказади. Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб (Аллоҳ иккаласидан ҳам рози бўлсин) бир киши онасини кўтариб, Каъбани тавоф қилаётганини кўрди. Шунда у киши: Эй ибн Умар! Нима  дейсиз, мен онамнинг ҳақини бажардимми?- деганларида, Абдуллоҳ ибн Умар у кишига: Туғруқ вақтидаги бир дақиқасининг ҳаққини ҳам адо қила олмадинг, лекин сен яхши иш қилдинг. Аллоҳ таоло сенинг бу озгина яхши амалинг учун кўп савоблар бергусидир,- дедилар.

Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифида шундай дейди: “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “Уф!….” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! * Уларга меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут ва (дуода): “Эй Роббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”- деб айт!”[1]

Аллоҳ таоло бандаларига қатъий қилиб фақат ўзигагина ибодат қилмоқликка ва ота-онага яхшилик қилишга буюрди. Уларга яхшилик қилишни ибодат даражасига кўтарди, ҳатто ота-онага яхшилик қилиш баъзи ибодатлардан ҳам афзалроқдир. Ота-онанинг  ҳурматини жойига қўйиб, мудом уларнинг ҳолидан хабар олиб хизматида бўлиш, улар ёқтирмаган нарсалардан йироқ бўлиш, улар вафотидан кейин дўстлари ҳолидан хабар олиб туриш ҳам уларга нисбатан яхшилик қилиш ҳисобланади. Аллоҳ таоло бандаларини ота-онасига ҳатто “Уф” деган сўзни айтмасликка буюради. “Уф” калимаси бирор нарсадан безор бўлганда айтиладиган сўз бўлиб, аслида инсон ўзига етган чанг-ғубор ва шунга ўхшаш ёқимсиз нарсаларни ўзидан даф қилиш учун айтиладиган сўздир. Шунингдек оятда ота-онага бақирмасликка буюрилган бўлиб, улар ҳузурида бошқага бақириш ҳам ота-онага нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Жумладан, уларга дунёдаги  энг яхши — чиройли сўзларни топиб сўзлашга ҳамда улар хизмати учун ўзни хору-ҳокисор тутишга  буюриладики, бу ота-онанинг фарзанди олдида нечоғлик улуғ мартабада эканлигини  англатади.

Эй Фарзанд! Ота-онангни хизматини қилиб, уларнинг дуосини ол. Уларнинг дуосини шарофати ва барокати билан эл орасида обрў — эътиборли инсон бўлиб умргузаронлик қил! Уларнинг дуоси билан Аллоҳнинг розилигини топиб, икки дунёингни обод қилгин!

Имом Бухорий Халқаро Маркази Ҳадисшунослик

Бўлими мутахассиси: Қобилов Нодир.

 

 

[1] Исро сураси. 23-24-оятлар.

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment