Поклик — иймоннинг ярми

ss

Азиз биродарлар, Аллоҳ таоло сизу бизларга покликни севишини сифатлаб шундай дейди:

فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ – “Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор. Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради”. Тавба 108

Ислом дини соғликни сақлашга, тозаликка жуда катта аҳамият берган. Ислом манбаларининг қайси бирига назар солманг, хоҳ у ҳадис бўлсин, хоҳ у фиқҳий-шаръий ҳукмлар бўлсин биринчи бўлиб “Поклик” мавзусига кўзингиз тушади. Фақатгина бизнинг динимизда, Ислом динида тозалик ибодат даражасига чиққан. Қайси бир иш бўлмасин, ҳаёт турмушимиз ёки ибодатларимиз бўлмасин, барчаси поклик билан амалга ошади. Буни ҳозирги фан тилида “гигиена” дейилади.

Юқорида зикр этилган оят ва тозалик борасида айтадиган ҳадисларимиз, буларнинг барчаси покликка – гигиенага риоя қилишга ундайдиган бир омилдир. Шунинг учун Расулуллоҳ с.а.в. шундай марҳамат қилганлар:

Поклик иймоннинг ярмидир”.

Демак, бизлар иймонли мўмин бандалар эканмиз, покликка риоя қилишимиз лозим. Тозалик бу иймонимизнинг, динимизнинг ярми экан. Демак, тозалик-озодалик бўлмаса, ҳеч бир ибодат мақбул эмас, қолаверса, соғлиғимизга ҳам зарардир.

Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Таомнинг баракаси ундан олдин икки қўлни ювмоқдир ва ундан кейин икки қўлни ювмоқдир”. Ушбу ҳадисдан Ислом маданиятимиз қанчалар юксак эканлигини англашимиз мумкин.

Бу эса шахсий гигиенанинг бир кўриниши, яъни инсон нафас олганда кислород ютиб, нафас чиқарганда карбонат ангидрид ва шу билан ҳар хил микроблар чиқаради. Шу сабабдан Расулуллоҳ с.а.в. ичимликка пуфлаш ёки ичига нафас олишдан қайтардилар.

Жобир р.а. Расулуллоҳ с.а.в. дан бундай деганларини эшитибдилар: “Идишларнинг устини ёпинг, мешкобларнинг оғзини боғланг. Чунки йилда бир кеча бор, унда вабо тушади. Ёпқичи йўқ идиш, боғичи йўқ мешкоб олдидан ўтганда ўша вабодан, алабатта, уларга тушади”, дедилар.

Бу ҳадиси шариф —  ҳозирги тиббиёт илмлари тасдиқлаган ва қатъият билан амал қилаётган озиқ-овқатлар орқали, уларга тушган микроблар орқали турли касалликлар, ваболар тарқалиши мумкин эканлиги таъкидланмоқда.

Ислом дини покликни ҳар биримизга ибодат қилиб, иймоннинг ярмига тенглаштириб қўйгани ва ибодат нопок ҳолда қабул қилинмаслиги бежиз эмаслиги хақида тушунтиради.

Мана муҳтарам азизлар, Ислом маданияти  юксак маданият манбаси эканлигини  яхши англаб олайлик.

Бунинг яққол далили, ҳозир биз билган, эшитган ҳадис шарифлардаги биргина шахсий озодалик, гигиена, поклик мисолида билиб олишимиз мумкин. Ислом дини нақадар энг тўғри дин эканлигини, инсониятни покликка олиб борувчи ва фақат башариятнинг фойдаси учун хизмат қилишини ва энг аввало бу дин БУЮК ВА ҚУДРАТЛИ БЎЛГАН ЯРАТУВЧИМИЗНИНГ ҳақ дини эканлигини билиб олишимиз керак.

 

Абдуманнон Муродов,

Булунғур тумани “Оломон” жоме масжиди имом-хатиби  

 

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment