РАМАЗОН ҲАЙИТИ МУБОРАК БЎЛСИН.

ss

 

Бандаларининг ҳар икки дунё саодатини кўзлаб, рўзани Исломнинг фарз ибодатлари қаторига қўшган Аллоҳ таолога хамду санолар бўлсин!

Умматларига меҳр кўрсатиб, рўза тутмоқни барча сир-асрорлари билан ўргатиб кетган ҳабиб Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога саловоту саломлар бўлсин!

Аллоҳ таоло Рамазон ойи рўзасининг ҳукм ва ҳикматларини, бандаларининг ушбу ойдаги вазифалари ва савобли амалларини Қуръони Каримда батафсил баён қилиб шундай дейди:

“Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Муборак Рамазон ойининг рўзасини ихлос билан тутиб, ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва яхши ишлар қилиб ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Рамазон рўзасини ихлос билан тутишлик ҳақида Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан  ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайхи васаллам) бундай мархамат қиладилар: “Кимки Рамазон рўзасини иймон эътиқод ва Аллоҳдан савоб умид қилиб тутса, унинг ўтган гунохлари кечирилиб юборилади”. (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзаҳдан   озод бўлиш ойи бўлган муборак Рамазон ойида кундузни рўзадорлик ва кечани тоат-ибодатларда ўтказиб, мана энди муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида турибмиз.

Мусулмон киши ҳайит кунларида ўзгаларга самимий меҳр кўрсатиш, яхшилик қилиш, моддий ва маънавий ёрдам бериш, етим ва бева-бечораларга саховат кўрсатиш, бағрикенглик каби улуғ сифатларни ўзида мужассам этиши лозим. Зеро, Аллоҳ таоло доимо инсонларни адолат, меҳр-мурувват, яхшилик, эҳсон қилишликка чорлайди ва бунинг эвазига икки дунёда улуғ мукофотларга эришишларини ваъда қилади.

Аллоҳ таоло бундай мархамат қилади: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўйшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон Зотдир” (Бақара сураси, 261-оят).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайхи васаллам) ўзларининг ҳадиси шарифларида марҳамат қилганлар: “Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида саъй – ҳаракат қилувчи ёки кечалари тоат-ибодат қилиб, кундузлари рўза тутувчи кабидир”.

Агар бу ҳадиси шариф мазмунига теранроқ назар соладиган бўлсак, етимлар, бева-бечоралар, ёрдамга муҳтож кишиларга меҳр-мурувват кўрсатиш, уларга ёрдам бериш, ҳолларидан хабар олиш жуда хам катта савоб иш эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.

Шунингдек, ҳайит кунларида биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, қариндош-уруғларимизни, ёру-биродарларимизни, қўни-қўшниларимизни ва беморларни кўришлигимиз энг катта савобли ишлардан хисобланади.

Кулайб  ибн Манфаъадан ривоят қилинади: “Бобом: “Ё Расулаллоҳ, кимга яхшилик қилай?” – деди”. “Онангга, отангга, опа- синглингга, ака-укангга ва улардан кейин келадиган яқинларингга, вожиб ҳақдир ва силаи раҳмдир”, — дедилар”.

Бухорий “Адаб”да ривоят қилган.

Демак, онага, отага, ака-ука, опа-сингилларга, бошқа қариндошларга силаи раҳм, яхшилик қилиш, мухтож бўлса ёрдам бериш, ҳожатини чиқариш, нафақа бериш ҳар бир мўмин – мусулмон учун вожиб амал эканлигини унутмаслигимиз керак.

Рамазон ҳайити байрам бўлгани учун бу кунларни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик лозим. Ўтганларимизни эслаб, уларнинг ҳақларига тиловат қилиб, дуойи хайрлар қилишимиз яхши амал, лекин булар ҳайит байрамига таъсир қилмаслиги зарур. Яъни, аза бўлган хонадонларга уйма-уй кириб чиқишлик шариатимизда қаттиқ қораланган.

Эътибор беришлигимиз керак бўлган нарсалардан яна бири, баъзи бир кишилар айрим сабаблар билан ўзаро аразлашиб, гина сақлаб гаплашмай юрган бўлсалар, бу муборак кунларда ўзаро узрлар айтиб, бир бирларини кечириб ярашишлари лозим бўлади.

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо (розияллоҳу анху)дан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайхи васаллам: “Албатта, ичида қариндошлик алоқасини узувчи бор қавмга раҳмат тушмайди”, -дедилар”

Бухорий “Адаб”да ривоят қилган.

Масалан, беш-олтита ака-ука, опа-сингиллардан фақат биттаси, нима бахона ёки сабаб бўлишидан қатъи назар, силаи раҳмни узиб юрган бўлса, қолган барчалари ҳам Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлиб қолишлари мумкин. Аслида, силаи раҳмни узишга ҳеч бир нарса сабаб, баҳона бўла олмайди. Шунинг учун ҳар бир жамоа, ҳар бир қавм доим бир-бирларидан хабардор бўлиб, ичимизда шундайлар пайдо бўлиб қолмасин, ҳаммамиз унинг сабабидан балога қолмайлик, деб, бир-бирларини  ўзаро яхшиликка чақириб туришлари керак.

Демак, қаерда бўлмасин ака-укаларми, оғайни-қариндошларми ёки қўни-қўшниларми аразлашиб алоқани узган бўлсалар, уларнинг сабабидан бошқалар ҳам  Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлиб қолишлари мумкин.

Юртимизга кириб келаётган муборак Рамазон ҳайити барчамиз учун шодлик ва хуррамлик айёмига айланишини ҳамда юртимиз ҳамиша обод ва фаровон, кишилар ўзаро тинч ва иттифоқликда яшашларини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз!

Иброҳим ота жоме

масжиди имом хатиби:                                                               А.Ахмедов

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment