Рамазон ойи муборак бўлсин!

ss

Бизга Рамазон ойини савоб ва ажрларга лиммо-лим қилиб берган Аллохга хамдлар, барча хулқларнинг чиройлиси мужассам бўлган пайғамбаримизга соловат ва салом бўлсин. Ва у кишининг  оилаларига, асхобларига ва уларга шоду-хуррамлик кунигача яхшилик билан эргашган зотларга хам саломлар бўлсин.

Оламлар роббиси ва халқига меҳрибон Аллоҳ таъолонинг марҳамати билан барча мўъмин-мусулмонлар қатори биз ҳам орзиқиб кутаётган Рамазон ойи  кириб келди. Яхши кўрган нарсасини топиб олган болани хурсандчилигини бир кўз олдимизга келтирайлик. Хурсандчиликдан кўз ёшларини артишлиги-ю, иккинчибор ундан ажралиб қолмаслик учун маҳкам қучоқлаб олиши кишини қалбига меҳр-муҳаббат донини сочгандай туюлади. Қандай ҳам сурурбаҳш дамлар. Рамазон ҳам мўъминнинг йил давомида орзиқиб кутган, уни келишини интиқ билан соғинган, топганида эса хурсандчилигидан кўз ёшларини дув-дув тўкадиган, нақадар лаззатли, ширин дамлар. Ҳа… буни қанчалик таърифламайлик, тиллар унинг таърифида чарчайди. Дарҳақиқат, мўъминларнинг муаллими, дунё ва охиратда уларнинг саодатгўйи, суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламдан Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Рўзадор икки бор хурсанд бўлади: биринчиси – оғиз очганида (ифтор қилганида) ва иккинчиси – рўза тутиб Аллоҳга ёруғ юз билан йўлиққанида», деганлар». Ҳақиқатда худди шундай, оғиз очганида рўзадор ўзини шундай енгил ҳис қиладики, хурсандчиликдан гўё ўзини еттинчи осмонда тургандек билади. Аллоҳга ёруғ юз билан йўлиққанида у учун ваъда қилинган, фақат Аллоҳнинг ўзи биладиган мукофотга етиш умидида раҳмат ва мағфират денгизига шўнғийди, таърифлаб бўлмайдиган даражада роҳат топади.

Азиз биродарим, биз Рамазон ойини кандай ўтказамиз? Бу шундай улуғ ойки, унда жаннат эшиклари очилади, жаҳанам эшиклари қулфланади, шайтонлар кишанланади ва мана шу қутлуғ ойда Аллох таоло солиҳ  бандаларини дўзаҳдан озод этади. Хўш… яна нимани Яратган зотдан сурашимиз мумкин?…

Тавбани бошланг!

Тавба — бу туғри  йўлнинг боши ва охиридир. У шундай маёқки, Аллох сари йўл тутувчилар ўзларини барча сафар ва ҳижратларида уни махкам тутадилар. Йулни нақадар эгри, паст-баланд бўлишига қарамай, қўлларини куйдирса ҳам ташлаб юбормайдилар. Тавба – кўпчилик ўйлаганидек фақат гуноҳкорлар ва адашганлар тутадиган йўл эмас. Балки бу йўл — тавба қилувчиларнинг саййиди ва обидларнинг имоми бўлган зот- Расулуллох саллолоҳу алайҳи васалламнинг йўлидир.  Аллоҳ таоло истиғфорни, тавбани  гуноҳларнинг заҳрини кесувчи малҳам қилди. Истиғфорнинг маъноси Аллоҳ таолодан мағфират сўраш. Гуноҳлар тавба ҳамда истиғфор билан авф бўлади. Шу боис қачон бир катта ёки кичик гуноҳ содир бўлганда, тезлик билан тавба ва истиғфор билан уни кетказиш лозим.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳга етмиш мартадан кўп истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан», дедилар».

 

Аллох субҳанаҳу ва таоло гуноҳларни кечирувчи бўлган зотдир, кундузи қилинган гуноҳларни кечириш учун тунда, тунда қилинган гуноҳларни кечириш учун кундузи бутун борлиққа қараб,  -“ Мендан сўрайдиган борми сўраган нарсасини бераман, гуноҳига тавба қиладиган борми гуноҳини кечираман” — деб туради. У зот Тавба килувчиларнинг тавбасини, осий-гуноҳкорларнинг надоматини эшитиб шод бўлади.

Келинг,  салафи солиҳларимизнинг Аллох таолонинг ибодатида кўрсатган гўзал ахлоқларини,тиришқоқликларини ўрганайлик. Шоядки, уларнинг ҳаётларига назар солиб, у зотлардан ибодатларда мустаҳкам бўлиш ва олийҳимматлик каби сифатлардан ўзимиз учун бироз мерос олайлик:

1.Пайғамбаримиз саллоллоху алайҳи ва саллам намозларида узоқ турганлари сабабли оёқлари шишиб кетарди. Бунчалик уринишни «Ахир шукр қилувчи бандалардан бўлмайинми?» дея изоҳлардилар. (Муттафақун алайҳи)

  1. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳусусан намоз ва Қуръон тиловатида жуда кўп йиғлар эдилар.
  2. Умар розияллоҳу анҳунинг ёноқларида кўп кўз ёш тўкишнинг аломати бўлган қора чизиқлар бор эди.
  3. Усмон розияллоху анҳу Қуръони каримни бир ракъатда ўқиб тугатган вақтлари ҳам бўлган.
  4. Али розияллоҳу анҳу меҳробда намоз ўқир эканлар, соқоллари кўз ёшидан ҳўл бўлиб кетарди ва «Эй мени чалғитган ва ғурур-ҳаддан ошишга чақирган дунё, сен уч талоқсан, сенга қайтиш йўқдир!» дер эдилар.

Дунёдаги ҳар-бир тожиру-савдогар мўмай даромад қилиш учун савдо мавсумини кутиб яшайди. Биз ҳам Аллох ва бандаси ўртасидаги, аламли азобдан бизларни қутқарадиган савдонинг мавсумида турибмиз.

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Рўза (дўзах ўтидан асровчи) қалқондир. Рўза тутган киши ёмон сўзларни сўзламасин, қўполлик қилмасин. Агар бирор киши уни уришса ёки ҳақорат қилса, икки марта «мен рўзадорман», десин. Аллоҳга қасамки, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Рўзадор Менинг учун емайди, ичмайди ва шаҳватини тарк қилади. Рўза холис Менга ибодатдир, унга Ўзим ҳисобсиз савоб бераман. Ваҳоланки, ҳар бир яхшиликка ўн баробар яхшилик бордир».

Ушбу мавсумда “савоб” деб номланадиган даромадимизни кўпайтириб олайлик, зеро, вақтимиз жуда оз, фурсат ғанимат. Қайси бир киши Рамазон ойига гувоҳ булса-ю, гунохлардан тозаланиб, ўзини жаннатийлар қаторига қўшиб олмаса хор булишини Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтиб ўтганлар. Илоҳо, Парвардигор, гуноҳларимиздан тозаланиб жаннатийлар қаторида бўлишни насиб қилгин. Омин.

Хайруллоҳ Саттаров,

ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари.

  

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment