Рамазондан кейин нима қиламиз?!

ss

Ҳайит байрамларини ҳам ўтказиб олдик. Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, юртимизда ҳайит байрами жуда қувонарли даражада бўлиб ўтди. Масжидларимиз одамлар билан лиммо-лим тошди. Буни кўриб қувонади киши!

Бир деганда, Рамазон қўлларини очиб биз билан хайрлашиб кетди. Буни кўриб бир хафа бўласиз, бир хурсанд. Хафа бўлишлигимиз сабаби ушбу муборак ойда ибодатлар билан машғул эдик. Хурсанд бўлишлигимиз сабаби – инша Аллоҳ ушбу ойда солиҳ амаллар қилиб, кўп ажрларга эга бўлдик, Аллоҳ таолонинг каломини тиловат қилдик. Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 30-оятида шундай марҳамат қилади: “Ўша кунда ҳар бир нафс яхшиликдан қилган амалларини ҳозир қилинган ҳолда топади”. Ҳадиси қудсийда эса: “Эй бандаларим, албатта, мана бу мен сизларни ҳисоб-китоб қиладиган амалларингиздир. Сўнг шунга кўра сизларни мукофотлайман. Кимки яхшиликни топса Аллоҳга ҳамд айтсин! Кимки ундан бошқасини топса фақатгина ўзинигина маломат қилсин!” деб марҳамат қилган (Имом Муслим ривоятлари).

Рамазон ойи бизни тарк қилганини айтдик. Бу ойда фойда қилган фойда қилди, зарар кўрган зарар кўрди. Энди бу ойга келаси сафар етиша оламизми ёки йўқ “Унинг илми Роббимнинг ҳузурида, китобдадир. Роббим адашмайди ҳам, унитмайди ҳам” (Тоҳа сураси 52-оят).

Рамазонни тугашида биз учун ибрат ва панд-насиҳат бор. Рамазон кунлари неъматлар ичида бурканиб, шод-у ҳуррам яшаётган эдик. Сўнг бу кунлар кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Гўёки бизнинг ҳаётимиздан қайтиб келмайдиган бир муддат узилгандек! Лекин бошқа кунлар ҳам ҳаётимизнинг қисмларга бўлинган муддатларидир. Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтганларки: “Эй Одам боласи! Сен кунлардан иборатсан. Сенинг бир кунинг кетса, бир қисминг кетибди”.

Агар баҳор келса, унинг аломати атроф муҳитни кўкаламзор қилиб, барча жонзотларни кўзини яйратади. Ҳайвонлар унда лаззат нима эканлигини ҳис қилади. Одамлар ҳам шу жумладан. Энди, Рамазон ойи ҳам худди баҳор кабидир. У кишининг қалбида солиҳ амалларни ундиради, ибодатларга бўлган муҳаббат суви билан суғоради. Бундан кўп кишилар учун манфаатлар бўлади. Тақво неъмати билан мукофотланади.

Киши Рамазон ойидан чиққанидан сўнг ўзини гўёки воҳа ичидан саҳрога, ёйингки бахт-саодатдан бахтсизликка чиққандек ҳис қила бошлайди. Шу сабабли ҳам кишилар ушбу ойдан сўнг бир неча қисмга ажралиб қоладилар. Хусусан икки қисмга:

Биринчи қисм – Уларни ушбу ойда ибодат ва Қуръон тиловати билан машғул ҳолда кўрасиз. Уларнинг ҳолатларини кўриб, салафи солиҳлар ёдингизга келади. Аммо, Рамазон ойи чиқиб, улар гўёки қамоқхонадан қутулган қулдек, ўзларини жуда эркин ҳис қила бошлашади. Боғу биёбонларни кўрмагандек турли-тумун жойларга саёҳатга йўл олишади. Рамазон ойидаги ибодатдан, Қуръон тиловатидан асар ҳам қолмайди. Рамазондан кейинг амалларнинг ҳам аҳамиятли эканлигини унитиб қўймайлик, азизлар! Халқимиз орасидаги “Ҳайитбой” ёки “Жумабой” деган сўзлар ўз-ўзидан келиб чиқмаганини билгандирсиз?!

Иккинчи қисм – Улар ҳам Рамазон ойини ибодат ва Қуръон тиловатида ўтказар, солиҳ амалларда ўзаро мусобақалашиб, бир-бирлари билан кимўзар ўйнашади. Қийналиб қолган бева-бечораларнинг ҳолларидан хабардор бўлишади. Етимларнинг кўзлари ва қалбларига қувонч улашади. Рамазон ойи чиқса ҳам, ўзларини ушбу ой ичада юргандек ҳис қилишади. Чунки, бир мавсумда қилиб юрган ишларингизни кейинчалик ҳам қилсангиз, ўзингизни ўша мавсум ичида деб ҳис қила бошлайсиз-да! Тўғри улар Рамазон ойи чиққанлигидан жуда қаттиқ хафа бўлишади. Ахир, шундай муборак ой тарк этганлигидан ким ҳам хафа бўлмас эди?!

Савдогар тижорат мавсуми келса нима қилади? Ҳа, у бор кучи билан жидду-жаҳд қилиб кўп фойда олиш илинжида бўлади. Қаттиқ меҳнат ва тер тўкиш кетидан кўп фойда олиб, бахтли ҳаёт кечиради. Аммо, у мавсум тугагандан кейин ишини тўхтатадими? Йўқ, асло! Демак, биз ҳам Рамазон ойи кетишлиги билан тўхтаб қолмаслигимиз зарур!

Аввало, савдогар йилнинг охирида қанча фойда кўрганлигини ҳисоб-китоб қилганлигидек ўзимизни бир бошдан-оёқ ҳисоб-китоб қилиб чиқайлик. Ушбу ойда қанчалик ибодат қилдик, ибодатимиз қабул бўлдими ёки йўқ? Буни ҳам билиб олишлигимиз зарур. Хўш буни қандай биламиз, дейсизми? Қилган ибодатларимиз, бизни яна шу ибодатларда бардавом бўлишликка ундаб, фаҳш ва мункарлардан қайтараяптими, демак бизнинг ибодатларимиз қабул бўлган!

Салафи солиҳларимиз роҳимаҳумаллоҳлар Рамазон тугаганлиги сабабли ғам-ташвишлари зиёда бўлар эди. Уларнинг ҳолат тиллари улар ҳақида хабар берар эди: “Биздан қабул бўлдими? Ё Робб! Бизнинг ибодатларимизни юзимизга урмагин!”. Аллоҳ таоло уларни сифатлаб айтади: “Ва берадиган нарсаларини албатта Роббиларига қайтгувчи эканликларидан қалблари титраган ҳолда берадиганлар. Ана ўшалар яхшиликларга шошилурлар ва улар ўша (яхшилик)лар учун мусобақа қилурлар” (Мўминун сураси 60-61 оятлар). Амаллар қиладилар ва қилган амаллари қайтарилишликларидан қўрқадилар. Қандай ҳам улуғ зотлар!

Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: “Ё Аллоҳнинг росули! “Ва берадиган нарсаларини албатта Роббиларига қайтгувчи эканликларидан қалблари титраган ҳолда берадиганлар” – бу ўгирлик ва зино қилиб, хамр ичиб Аллоҳ таолодан қўрқадиган кишими?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Сиддиқнинг қизи! Улар намоз ўқийдиган, рўза тутадиган, садақа қиладиган кишилардир. Улар ўзларидан қабул қилинмасликларидан қўрқарлар” дедилар. (Имом Аҳмад ва Термизий ривоятлари).

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, “Роббимиз Аллоҳ” деган, сўнгра мустақийм бўлганларнинг устиларидан фаришталар: “Қўрқманглар, маҳзун ҳам бўлманглар, ўзингизга ваъда қилинган Жаннат хушхабарини қабул қилинглар” (Фуссилат 30-оят). Мўмин киши мана шундай бўлишлиги керак. Ибодатда бардавом бўлиш гўзал амалдир. Зеро, Аллоҳ таолога энг маҳбуб амаллар оз бўлса ҳам бардавом бўлганидир.

Демак, Рамазондан сўнг биз қилишлигимиз лозим бўлган амаллар ушбу ойда қилган амалларимизни давом эттиришимиз экан. Қуръон тиловатини ҳеч ҳам канда қилмаслик экан. Уламоларимиз Қуръон билан муомиламизни узмасликка тарғиб қилганлар. Тунги қиёми лайл ибодатларини бардавом қилишликка одатланмоқлигимиз лозим!

Аллоҳ таоло ушбу ойда тутган рўзаларимиз, қилган ибодатларимиз ва солиҳ амалларимизни мақбул айласин!

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

Битирувчиси Абдуссамиъ Эргашев тайёрлади

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment