Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломнинг тупуклари теккан таомнинг баракали бўлиши (4)

ss

وعن جابر قال إنا يوم الخندق نحفر فعرضت كدية شديدة فجاؤوا النبي صلى الله عليه و سلم فقالوا : هذه كدية عرضت في الخندق فقال : «أنا نازل» ثم قام وبطنه معصوب بحجر ولبثنا ثلاثة أيام لانذوق ذوقا فأخذ النبي صلى الله عليه و سلم المعول فضرب فعاد كثيبا أهيل فانكفأت إلى امرأتي فقلت : هل عندك شيء ؟ فإني رأيت بالنبي صلى الله عليه و سلم خمصا شديدا فأخرجت جرابا فيه صاع من شعير ولنا بهمة داجن فذبحتها وطحنت الشعير حتى جعلنا اللحم في البرمة ثم جئت النبي صلى الله عليه و سلم فساررته فقلت : يا رسول الله ذبحنا بهيمة لنا وطحنت صاعا من شعير فتعال أنت ونفر معك فصاح النبي صلى الله عليه و سلم : «يا أهل الخندق إن جابرا صنع سورا فحي هلا بكم» فقال رسول الله صلى الله عليه و سلم: «لا تنزلن برمتكم ولا تخبزن عجينكم حتى أجيء» . وجاء فأخرجت له عجينا فبصق فيه وبارك ثم عمد إلى برمتنا فبصق وبارك ثم قال: «ادعي خابزة فلتخبز معك واقدحي من برمتكم ولا تنزلوها». وهم ألف فأقسم بالله لأكلوا حتى تركوه وانحرفوا وإن برمتنا لتغط كما هي وإن عجيننا ليخبز كما هو . متفق عليه

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз Хандақ куни (Мадина атрофидаги, ўзимиз ва душманларимиз орасидаги ерни) қазир эдик. Сўнгра қаттиқ ер чиқиб қолди. Саҳобийлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, “Хандақдан қаттиқ ер чиқиб қолди”, дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ўзим (хандаққа) тушаман”, дедилар ва ўринларидан турдилар. Ваҳоланки, у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қоринларига тош боғланган эди. Бунинг сабаби шуки ўшанда биз уч кун туз тотмай қолиб кетган эдик. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам чўқморни олдилар ва тошга зарба бердилар. Тош эса қум каби майдаланиб тушди. Мен аёлимнинг олдига бориб: “Ҳузурингда бирон нарса борми? Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламда қаттиқ очликни кўрдим”, деб айтдим. У ичида бир соъ арпаси бўлган  халтани чиқарди. Бизнинг бир семиз қўзичоғимиз бор еди. Мен уни сўйдим, аёлим эса арпани янчди. Гўштни қозонга солдик. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бордим ва у зотга секингина: “Эй Аллоҳнинг расули! Кичкинагина бир қўзичоғимизни сўйдик. Аёлим арпадан талқон тайёрлади. Ўзингиз ва сиз билан бир неча киши бўлиб келинглар”, деб айтдим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: “Эй Хандақ аҳли! Жобир таом тайёрлабди, тезда келинглар”, деб бақирдилар. Кейин менга: “То мен бормагунимча қозонингизни туширманг ва ҳамирингизни нон қилиб пиширмай туринг”, дедилар. Сўнг у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам келдилар ва аёлим ҳамирни олиб чиқди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса унга туфладилар ва барака сўраб дуо қилдилар. Сўнг қозоннинг олдига бордилар-да, (унга ҳам) туфладилар ва барака сўраб дуо қилгач аёлимга: “Нон пиширадиган бирон аёлни чақир, сен билан бирга нон пиширсин ва қозонингиздан (овқат) суз”, дедилар”. Жобир розияллоҳу анҳу сўзларида давом этиб айтдилар: “Улар (яъни саҳобалар) минг киши эди. Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, барчалари овқатланиб, ҳатто  таомни орттириб тарк қилдилар ва тарқалдилар. Қозонимиз эса бундан олдин қандай қайнаб турган бўлса, шундайлигича қайнарди. Ҳамиримиз ҳам бундан олдин қандай бўлса, шундайлигича нон бўлиб пишарди” (Муттафақун алайҳ).

Бу муборак ҳадиси шарифда Жобир розияллоҳу анҳу ўзлари гувоҳ бўлган мўжизани бизга етказишлари билан бир қаторда, бизга икки олам Сарвари “сизлардан бирортангиз то мен унга ота-онасидан, боласидан ва жамики инсонлардан севиклироқ бўлмагунимча (иймони комил) мўмин бўла олмайди” [1] деган сўзларига қай даражада амал қилганликларини кўрсатиб қўйдилар.

Зеро, Жобир розияллоҳу анҳу ўз суюклиларини оч, қоринларига тош боғлаб олгаб ҳолда кўрганларидан кейин ҳотиржам қўл қoвуштириб тура олмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни озгина таом билан бўлса ҳам меҳмон қилиш учун ўзлари, аҳли аёллари муҳтож бўлишига қарамасдан, уйларидаги бор нарсани сарфладилар. У зотни ўзларидан, аҳли аёлларидан устун қўйдилар.

Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз одатларига биноан умматларига, саҳобаларига меҳрибонлик кўрсатдилар. Ўзларининг қоринлари тўқ бўлган ҳолда умматларининг қоринлари оч бўлишини хоҳламадилар. Жонларимиз сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ!

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Мурод Музаффар ўғли

 

[1] Имом Бухорий ривояти.

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment