Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сирларини ишонган зот

ss

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ёшлик чоғларида Исломга кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни доим лозим тутган саҳобалардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига ҳоҳлаган пайт ҳузурларига киришга рухсат берган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига сирларини ишониб айтар эдилар. Шу сабабдан ҳам у киши “соҳибу сирри Росулиллаҳ” (Расулуллоҳнинг сиридан бохабар киши) деб номланган эдилар.

У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўл остиларида катта бўлиб, Қуръон илмларини мукаммал ўргандилар. Фақиҳ саҳобалардан бўлиб етишдилар.

Сизга у киши ҳақида бўлиб ўтган ажойиб қиссани келтирсак:

Бир куни Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бир киши келиб: “Эй мўминларнинг амири! Мен Куфадан келдим. У ерда бир киши Қуръонни ўзидан айтиб имло қилаяпти” деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу жуда қаттиқ ғазабландилар. Олдин ҳеч ҳам бунақа ғазаб қилмаган эдилар. “Ким экан у?” дедилар. Ҳалиги киши: “Абдуллоҳ ибн Масъуд” деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу аста-секин ўзларига келиб, “Эй Аллоҳ раҳм қилгур! Мен бу ўринга ундан муносиб одамни билмайман. Эшит! Сенга бу ҳақида айтиб бераман:

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва мен мусулмонларни иши бўйича кечаси юрган эдик. Масжидда бир киши тик туриб намоз ўқиётган эди. Биз уни таний олмадик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини тинглаб туриб, сўнг бизга ўгирилдилар ва шундай дедилар: “Кимки Қуръонни айни нозил бўлганидек, хўшбўй ҳолатда ўқишни ҳоҳласа, Ибн Умму Абднинг (Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг кунялари) қироатида ўқисин!”.

Сўнг, Абдуллоҳ ибн Масъуд ўтириб дуо қила бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сўра! Ижобат бўлади… Сўра! Ижобат бўлади…” деб турдилар.

Шунда ўзимга ўзим айтдим: “Эртага Абдуллоҳнинг олдига бориб, Расулуллоҳнинг унинг дуосига омин деб турганларини хушхабарини етказаман” дедим. Эртаси куни унга хушхабарни етказсам, Абу Бакр розияллоҳу анҳу мендан олдин хушхабарни айтган эканлар. Аллоҳга қасамки, Абу Бакр билан бирор яхшиликда мусобақалашсам, у киши ҳар доим ўзиб кетар эдилар”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ундан бошқа илоҳ йўқ бўлган зотга қасамки, Аллоҳнинг китобидан нозил бўлган оятларнинг қаерда нозил бўлгани, ким ҳақида нозил бўлгани, ҳаммасини биламан. Агар мендан билувчироқ одамни эшитсам, имкони бўлса унинг олдига (ўрганиш учун) борар эдим”.

Бу кишини ўзлари ҳақида айтган гаплари муболаға ёки мақтаниш эмас. Барча саҳобалар худди юқоридаги гапларни у кишига нисбатини берадилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларигача яшадилар. Касал бўлиб ётиб қолганларида Усмон розияллоҳу анҳу у кишини зиёрат қилиб келдилар. Қуйида у кишининг тавозеъли ва тақводор зот эканликларини билиб оламиз.

Усмон розияллоҳу анҳу у кишига шундай дедилар:

— Шикоятингиз нима?

У киши:

— Гуноҳларим.

— Нима ҳоҳлайсиз?

— Роббимнинг раҳматини!

— Бир неча йил илгари олишни ҳоҳламаган нарсаларингизни беришликни буйурайинми?

— Менинг уларга эҳтиёжим йўқ.

— Сиздан кейин қизларингизга қолади.

— Қизларимни фақир бўлиб қолишларидан хавфсираяпсизми? Мен уларга ҳар куни кечаси Воқеа сурасини ўқишликни буйирганман. Чунки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шундай деб айтганларини эшитганман: “Кимки, Воқеа сурасини ҳар кеча ўқийдиган бўлса, унга ҳеч қачон фақирлик етмайди”.

Аллоҳ барча саҳобалардан, шу қатори бизлардан ҳам рози бўлсин!

 

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Абдуссамиъ Эргашев

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment