Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар ўртасидаги суҳбат

ss

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар бир куни жам бўлиб ўтиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу бакр розияллоҳу анҳудан бошлаб сўрадилар:

“Дунёда нимани яхши кўрасиз?”.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу айтдилар:

— Дунёда уч нарсани яхши кўраман:

  1. Сизнинг олдингизда ўтириш;
  2. Сизнинг юзингизга боқиш;
  3. Сизга бор-будимни бериш.

“Сизчи эй Умар?”.

Умар розияллоҳу анҳу жавоб бердилар:

— Мен ҳам уч нарсани яхши кўраман:

  1. Маҳфий бўлса ҳам, яхшиликка буюриш;
  2. Жаҳрий бўлса ҳам, ёмонликдан қайтариш;
  3. Аччиқ бўлса ҳам тўғри сўзлаш.

“Сизчи эй Усмон?”.

Усмон розияллоҳу анҳу жавоб бердилар:

— Мен ҳам уч нарсани яхши кўраман:

  1. Таомлантириш;
  2. Саломни кенг ёйиш;
  3. Инсонлар ухлаган пайтда, тунда намоз ўқиш.

Сизчи эй Али?”.

Али розияллоҳу анҳу жавоб бердилар:

— Мен ҳам уч нарсани яхши кўраман:

  1. Меҳмонни икром қилиш;
  2. Ёзда рўза тутиш;
  3. Душманни бошига қилич тортиш.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зар розияллоҳу анҳуга юзланиб:

“Эй Абу Зар! Сизчи? Сиз дунёда нимани яхши кўрасиз?”.

Абу Зар розияллоҳу анҳу жавоб бердилар:

— Мен ҳам дунёда уч нарсани яхши кўраман:

  1. Очлик;
  2. Касаллик;
  3. Ўлим.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Нима учун?”.

— Очликни қалбим покланиши учун, касалликни гуноҳларим енгиллашиши учун ва ўлимни Роббимга йўлиқишим учун яхши кўраман.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Менга дунёнгизда уч нарса суюкли қилинди:

  1. Хушбўйлик;
  2. Аёллар;
  3. Кўз-қорачиғим намозда бўлиши.

Шу пайтда Жаброил алайҳиссалом тушдилар. Уларнинг барчаларига салом бердилар ва айтдилар:

— Менга ҳам дунёнгизда уч нарса суюклидир:

  1. Рисолатни етказишлик;
  2. Омонатни адо қилишлик;
  3. Мискинларни яхши кўришлик.

Сўнг Жаброил алайҳиссалом осмонга кўтарилиб кетдилар. Бир оздан сўнг қайтиб тушдилар ва айтдилар:

— Аллоҳ таоло сизларга салом айтиб юборди. У зот ҳам дунёнгизда уч нарсани яхши кўрар экан:

  1. Зикр қилувчи тил;
  2. Хушуъ қилувчи қалб;
  3. Балоларга сабр қилувчи жасад.

Аллоҳим бизларни барчамизни доимо Аллоҳни зикр қилувчи, қалби хушуъда юрувчи ва балоларга доимо сабр қилувчи бандаларинг қаторидан қилгин! Ҳамда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларига эргашишлигимизни насиб айлагин!

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Эргашев Абдуссамиъ

манбалар асосида тайёрлади

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment