Ражаб ойининг ҳикмати

ss

Ражаб ойи  муҳаррам ойларнинг биридир. Бу ойнинг муҳаррам ойлардан экани бандалар учун ҳикматдир. Аллоҳ таоло муҳаррам ойларни қуръони каримда зикр қилиб, уларни тўртта эканини баён қилган бўлса, пайғамбаримиз ўзининг ҳадисларида уларни учтасини — Зул қаъда, Зул ҳижжа ва муҳаррам кетма-кет, бирини эса Жумади ва шаъбон орасидаги Музарнинг Ражаби эканини баён қилганлар.

Аллоҳ таоло: “Ва Роббинг хоҳлаганини яратиб, хоҳлаганини ихтиёр қилур…”, деб марҳамат қилди. (Қасос 68). Аллоҳнинг ихтиёр қилиши – унинг Робб эканлигига, бирлигига, ҳикматининг мукаммаллигига, илми ва қудратига далолатдир. Аллоҳ таоло муҳаррам ойларни бандаларга ихтиёр қилиши, уларни ҳаёт давомида инсонийлиги, ожизлиги сабабли йўл қўядиган уруш-жанжал, келишмовчилик, бир-бири билан бўладиган хусумат, адоват шу каби қиладиган иллатларини тўхтатиб, тавба қилиб, бир-бирлари билан иноқликда ҳаёт кечиришлари учун берган имкониятидир. Мусулмонлар муҳаррам ойларда ўзидаги иллатларни тўхтатиб, муҳаррам ойидан сўнг давом эттириши эмас, балки, шу ойда ўзининг хато-нуқсонларини бартараф этиб, инсониятга, жамиятга манфаат етказадиган шахсга айланишидир. Хуллас, бандалар йил-ўн икки ойнинг тўрт ойида ўзларини тўғрилаб, нафс-ҳавосини жиловлаб олишлари, уларни Аллоҳнинг олдида ожиз банда эканлигини тез-тез эслаб туришидир.

Ражаб ойи кирса, набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма баарик ланаа фий ражабин ва шаъбана ва баллиғнаа Рамазона”, дер эдилар. Яъни, “Аллоҳим, Ражаб ва шаъбонда бизларга барака бергин ва Рамазон ойига етказгин”, деб дуо қилар эдилар. Саҳобалар, улардан кейин салафи солиҳларимиз Рамазон ойидан сўнг олти ой рўзани қабул бўлишини Аллоҳга дуо қилиб сўрашар, қолган ойларда Рамазонга етказишини дуо қилар эдилар. Ушбу ҳадиси шарифни уламоларимиз шундай таъбир қилганлар: “Ражаб – донни экиш ойи, Шаъбон – суғориш ойи, Рамазон – ҳосилни йиғиш ойи”, Ражаб ойида донни экмаган киши қандай қилиб Рамазонда ҳосилни териб олади?, яна айтган эканлар, “Ражаб булутни ҳайдаб келувчи шамол ойи, Шаъбон булут ойи, Рамазон ёмғир ойи” , Ражаб ойи булутни ҳайдаб келмаса, қандай қилиб Рамазонда Аллоҳнинг раҳмати ёғилади деган эканлар. Демак, мусулмонлар Ражаб ойидан бошлаб Рамазонга тайёргарлик кўриши лозим экан. Ушбу ойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига тобеъ бўлишимиз мақсадга мувофиқдир. Шу ойда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам сурункали рўза тутар эдилар ҳатто одамлар у киши оғизларини очмасалар керак деб ўйлардилар, гоҳида оғизлари очиқ юрганларини кўриб, рўза тутмасалар керак деб, ўйлаб қолишар эдилар. Ражаб ойида бошқа ойларга нисбатан ижтиҳодли бўлишимиз, Рамазон – имтиҳон ойига тайёргарлик кўришимиз керак бўлар экан. Имтиҳонга тайёргарлик кўрмаган талаба, имтиҳондан аъло баҳолар билан ўта олмаганидек, Рамазонга тайёр бўлмасдан борсак, амалимизда хато-нуқсонлар кўпайиб кетади. Бу ўринда қиладиган амалларимиз Аллоҳга холис ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига хос ва мос бўлиши эътибор қилинади. Ражаб ойида хар-ҳил бидъат амалларга йўл қўймайлик! Ибодат ёлғиз Аллоҳга холис бўлмаса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тутган йўлларига мос келмаса, ибодат деган номга эга бўлмайди. Аллоҳ таоло: Сен: “Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман. Менга, шубҳасиз, илоҳингиз битта “илоҳ” экани ваҳий қилинди. Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин”, дегин. (Каҳф: 110). Аллоҳим барчамизни Рамазонга саломат етказгин!!!

 

 

Хайруллоҳ Саттаров, Жомбой тумани бош имом хатиби.

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment