Ростгўйлик ва адолат

ss

Қуйида сизларга келтирмоқчи бўлган ҳикояда жуда кўп фойдалар бор. Буни ҳар биримиз яхшилаб англаб етмоқлигимиз зарур:

Алий розияллоҳу анҳунинг қимматбаҳо совутлари йўқолиб қолган эди. Бир куни уни аҳли китобдан бўлган бир кишининг қўлида кўриб қолдилар. Ҳалиги киши уни Куфа бозорида сотаётган эди. Алий розияллоҳу анҳу уни кўргач, у ўша совут эканлигини билдилар ва “Бу менинг совутим, фалон куни кечаси фалон жойда тушиб қолувди” дедилар. Зиммий эса “Балким, бу меникидир,  у менинг қўлимда турибди, эй мўминларнинг амири” деб жавоб қайтарди.  Алий розияллоҳу анҳу: “Бу меники, уни ҳали ҳеч кимга сотмаган бўлсам-у, у қандай қилиб сеники бўлиб қолиши мумкин?!” дедилар. Зиммий: “Мен ва сизнинг ўртамизга мусулмонларни қозисини қўямиз” деди. Алий розияллоҳу анҳу: “Тўғри айтдинг, қани юр” дедилар.

Сўнг улар қози Шурайҳнинг олдига боришди. Сўнг қозилик кенгашини чақирдилар. Қози Шурайҳ роҳимаҳуллоҳ Алий розияллоҳу анҳуга: “Нима дейсиз, эй мўминларнинг амири?” дедилар. Алий розияллоҳу анҳу: “Дарҳақиқат, манабу совутимни бу кишидан топдим. Уни фалон куни кечаси, фалон жойда тушириб қўйган эдим. Бу киши эса уни на сотиб олган ва на совға сифатида олган” дедилар.

Қози Шурайҳ роҳимаҳуллоҳ зиммийга юзланиб, “Сен нима дейсан?” дедилар. Зиммий: “Бу менинг совутим. У менинг қўлимда. Унинг мени қўлимда бўлишлиги у меники эканлигининг далолати. Аммо, мен мўминларнинг амирини ёлғончи демайман. Аммо, бу меники” деди.

Қози Шурайҳ роҳимаҳуллоҳ Алий розияллоҳу анҳуга қараб: “Шак-шубҳа йўқ. Мен сизнинг рост айтаётганингизни биламан. Сиз мўминларнинг амири, илм шаҳри эшиги ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг ўғлисиз. Сиздан ёлғон эшитилишлиги ақлга сиғмайди. Аммо, икки гувоҳ келтиришлигингиз зарур” дедилар.

Алий розияллоҳу анҳу: “Ҳа, мавлойим Қанбар ва ўғлим Ҳасан гувоҳлик беради” дедилар. Қози Шурайҳ роҳимаҳуллоҳ: “Лекин, ўғилнинг отаси фойдасига гувоҳлик бериши жоиз эмас, эй мўминларнинг амири” дедилар. Шунда Алий розияллоҳу анҳу: “Субҳаналлоҳ! Жаннат аҳлидан бўлган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмаса-я?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ҳасан ва Ҳусайн Жаннат ёшларининг саййидидирлар” деганларини эшитмаганмисиз?” дедилар. Қози Шурайҳ роҳимаҳуллоҳ: “Эшитганман. Лекин, мен ўғлини отасига гувоҳлик беришини жоиз билмайман” деб жавоб қайтардилар.

Шунда Алий розияллоҳу анҳу зиммийга юзланиб, “Олавер. Менинг улардан бошқа гувоҳим йўқ” дедилар. Шунда зиммий: “Аммо, мен буни сизники эканлигига гувоҳлик бераман” деди. Сўнг яна: “Мўминларнинг амири ўз қозиси олдида мен билан ҳукмлашди. Ўз қозиси менинг фойдамга, амирининг эса зарарига ҳукм чиқарди. Гувоҳлик бераманки бу дин ҳақдир. Фақатгина ҳаққа буюради. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан бошқа Илоҳ йўқ, албатта, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Унинг росулидир” деб, иймон келтирди.

Буни қаранг, ажойиб! Амир тасдиқ қилинмади, ҳолбуки, совут уники! Ўз жамоатидан бўлган қози ҳам адолат ўрнатиш учун ижрода собитқадам турди.

Зиммий: “Эй қози, шуни билинки, совут мўминларнинг амириники. Мен Сиффийн томон бораётган қўшин ортидан эргашаётган эдим. Бу совут у кишининг кулранг туяларидан тушиб қолди. Сўнг уни олдим” деб, уни Алий розияллоҳу анҳуга тутди.

Шунда Алий розияллоҳу анҳу: “Аммо, сен Исломни қабул қилдинг. Мен уни сенга совға қилдим ва унга қўшиб манабу отни ҳам қўшиб бераман” дедилар.

Ҳа азизлар! Ҳар доим адолат устида бўладиган бўлсак, энг сара мукофотлар билан сийланамиз. Ушбу зиммий ростгўйлик ва адолатни яхши кўргани учун ҳам учта мукофот билан тақдирланди: Ислом, совут ва от. Бу мукофотлар ичида энг сараси бу – Исломдир.

Аллоҳ таоло бизни доим рост сўзловчи ва адолатпарвар бандалари қаторидан қилсин!

Кўколдош ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Абдуссами Эргашев

Араб тилидан таржима қилди.

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment