Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатнинг асоси у зотга эргашишдир!

ss

Агар муҳаббат бўлмаса эргашиш ҳам бўлмайди. Бир киши бошқа бир кишини яхши кўриб қолса ана ундан кейин унга эргаша бошлайди. У яхши кўрган нарсаларни яхши кўради, у ёмон кўрган нарсаларни ёмон кўради. Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу табиатларида қовоқни ўзлари яхши кўрмас эдилар. Лекин Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрганликлари учун еганлар, истеъмол қилганлар ва яхши кўрганлар.

Биз Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат тўғрисида кўп гапирамиз. Лекин бу муҳаббатни ва у зотга эргашиш мақоми қандай эканлигини қаердан биламиз? Агар биз у зотнинг суннатларига амал қилаётган бўлсак, демак биз у зотга эргашаяпмиз. Агар тарк қилаётган бўлсак, демак у зотга бўлган муҳаббатимиз яхши эмас. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиш учун у зотни яхши таниб олиш керак. Инсон танимаган инсонига муҳаббат қўймайди. Жаноб Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганиш натижасида, у зотнинг Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги мақомларини ўрганиш натижасида, умматга бўлган муҳаббатлари, шафқатлари, жонкуярликларини англанилганидан кейин у зотга муҳаббат қўйилади. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг мақомлари ва умматга бўлган муҳаббатларини намунаси сифатида қуйидаги шафоат ҳақидаги катта ҳадис далил бўлади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қиёмат куни бўлганида одамлар қаёққа боришни, кимнинг олдига боришни билмай қоладилар. Одам алайҳиссаломнинг олдига келишади. Ундан »Аллоҳдан биз учун шафоат сўранг”, дейишади. Одам алайҳиссалом: Мен шафоат қилолмайман. Сизлар Иброҳимнинг олдига боринглар дейдилар. Улар Иброҳим алайҳиссаломнинг олдига боришади. Иброҳим алайҳиссалом ҳам: Мен шафоат қилолмайман, сизлар Мусонинг олдига боринглар дейдилар. Улар Мусо алайҳиссаломнинг олдига келишади. Мусо алайҳиссалом ҳам: Мен шафоат қилолмайман, сизлар Ийсонинг олдига боринглар дейдилар. Улар Ийсо алайҳиссаломнинг олдига келишади. Ийсо алайҳиссалом ҳам: Мен шафоат қилолмайман, сизлар аввалги ва кейинги гуноҳлари кечирилган Муҳаммаднинг олдига боринглар дейдилар. Улар менинг олдимга келишади. Мен Роббимдан изн сўрайман, менга изн берилади. Мен саждага йиқиламан. Саждада Аллоҳ хоҳлаганча қоламан. Сўнг Аллоҳ: Бошингни кўтар эй Муҳаммад. Гапир эшитиласан. Шафоат қил шафоатинг қабул қилинади. Сўра сенга сўраганинг берилади дейди. Мен бошимни кўтараман ва “Умматим, умматим”, дейман. Сўнг менга “Бор, қалбида зарра миқдорича иймони бўлган кишини дўзохдан чиқар” дейилади. Мен бориб уларни дўзохдан чиқараман.

Бухорий ва Муслим ривояти

Ота боладан қочадиган, ака-ука бир-биридан қочадиган, эр-хотин бир-биридан қочадиган кунда Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам “Умматим” дейдилар. Бошқа пайғабмарлар “Нафсим” деган кунда у зот “Умматим” дейдилар. Наҳотки у зотга муҳаббат қўймасак? Бугунги кунда бизни қалбимизни бошқа муҳаббатлар эгаллаб олган. Мол дунё муҳаббати ва шунга ўхшаш муҳаббатлар бизни қалбимизни эгаллаб олганлиги учун биз Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни кам эслайдиган бўлиб қолдик. Аслида Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан бизни орамизни боғлаб турадиган нарса муҳаббатдир. Муҳаббат нима? Муҳаббат бу кўздан оқадиган қайноқ кўз ёшлари. Биз умримизда неча марта Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам учун йиғлаганмиз? Муҳаббат бу қалбдаги Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам учун бўлган соғинч ва ўкинчдир. Биз бир кунда неча марта Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни соғинамиз? Муҳаббат бу қалбдаги изтиробдир. Биз Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни тилимизда эслаганимизда қалбимиз изтиробга тушадими йўқми?

Биз Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга эргашишимиз Аллоҳнинг муҳаббатига ноил бўлишимиздир. Аллоҳ қуръони каримда айтади: “Айтинг (эй Муҳаммад) : Агар Аллоҳнинг яхши кўрсангиз, менга эргашинг. Шунда Аллоҳ ҳам сизни яхши кўради ва гуноҳларингизни кечиради. Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи ва раҳимлидир» (Оли Имрон 31-оят)

Биз Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилиш натижасида у зотга  эргашамиз. У зотга эргашишимиз натижасида эса энг улуғ мақсадга Роббимизнинг муҳаббатига сазовор бўламиз.

Аллоҳ таоло барчамизни Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли бўлишимизни, у зотга эргашишимизни ва Роббимизнинг муҳаббатига сазовор бўлишимизни насиб айласин!

Тошкент ислом институти 3-курс талабаси Эргашев Абдулвоси

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment