“Саҳобаларнинг фазли борасида юз оят” туркумидан 9-оят

ss

﴿ وَاصْبِرْ نَفْسَكَ مَعَ الَّذِينَ يَدْعُونَ رَبَّهُمْ بِالْغَدَاةِ وَالْعَشِيِّ يُرِيدُونَ وَجْهَهُ وَلَا تَعْدُ عَيْنَاكَ عَنْهُمْ تُرِيدُ زِينَةَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَلَا تُطِعْ مَنْ أَغْفَلْنَا قَلْبَهُ عَنْ ذِكْرِنَا وَاتَّبَعَ هَوَاهُ وَكَانَ أَمْرُهُ فُرُطًا ﴾ [الكهف: 28[

Ўзингни эртаю кеч Роббиларига дуо қилиб, Унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут. Ҳаёти дунё зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингни бурма. Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб иши издан чиққанларга итоат қилма (Каҳф сураси 28-оят). [1]

Эсингизда бўлса туркумимизнинг еттинчи оятида ҳам юқоридаги сабаби нузул келтирилган эди. Аллоҳ таоло саҳобаларни яна эртаю кеч ибодатда ва дуода эканлигини зикр этаяпти.

Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида тафсири Кабирда қуйидагилар ривоят қилинади: «Қурайш раҳбарлари тўпланиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришди ва: «Агар бизнинг сенга иймон келтиришимизни истасанг, анави фақир-фуқораларни ҳузурингдан ҳайда», дейишди. Улар бу гаплари билан Билол, Ҳаббоб, Суҳайб ва бошқаларни кўзда тутган эдилар. Қурайшликлар яна: «Улар билан бир жойда бўлсак, кўнглимиз айнийди. Улар билан бирга тўпланишга алоҳида вақт тайин қилиб қўй», дейишди. Ана шунда Аллоҳ таоло: «Ўзингни эртаю кеч Роббиларига дуо қилиб, унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут» оятини нозил қилди».

Қурайшнинг бу зодогонлари саҳобаларни паст санашди. Ўзларича улардан жирканишди. Улар саҳобаларнинг қандай улуғ зот эканликларини қаердан ҳам билсин?!

Ислом – тенглик динидир. Улуғ ва паст, бой ва камбағал, бошлиқ ва хизматкор каби бири устун ва бошқаси паст бўлганларни ажратмайди. Барчаларини баробар кўради. Қуръони карим юқоридаги оятда бунга очиқдан-очиқ ишора қилиб кетган. Исломда Аллоҳнинг розилиги учун ихлос билан ҳаракат қилаётган оддий киши, беамал зодогон кишининг мингтасидан яхшироқдир.

Ҳақ Аллоҳ таоло томондандир. Тавфиқ ва ўз ҳолига ташлаб қўйиш Аллоҳнинг иродаси. Ҳоҳлаган кишисини ҳидоят қилади ва ҳоҳлаган кишисини адаштиради. Аллоҳ таоло қанча ночор кишиларни ҳидоят қилиб, Ўзини танитиб қўйди ва яна қанча бою-бадавлат кишиларни адаштириб, ўз ҳолига қўйиб қўйди. [2]

Аллоҳ таоло барчамизни ҳидоят йўлидан бардавом юриб боришимизни насиб айласин!

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Абдуссами Эргашев

 

[1] Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Қуръони карим – маънолар таржимаси” китоби.

[2] Шайх Ваҳба Зуҳайли роҳимаҳуллоҳнинг “Тафсирул мунир” асари.

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment