“Саҳобаларнинг фазли борасида юз оят” туркумидан 16-оят

ss

وَكَذَلِكَ جَعَلْنَاكُمْ أُمَّةً وَسَطًا لِتَكُونُوا شُهَدَاءَ عَلَى النَّاسِ وَيَكُونَ الرَّسُولُ عَلَيْكُمْ شَهِيدًا وَمَا جَعَلْنَا الْقِبْلَةَ الَّتِي كُنْتَ عَلَيْهَا إِلَّا لِنَعْلَمَ مَنْ يَتَّبِعُ الرَّسُولَ مِمَّنْ يَنْقَلِبُ عَلَى عَقِبَيْهِ وَإِنْ كَانَتْ لَكَبِيرَةً إِلَّا عَلَى الَّذِينَ هَدَى اللَّهُ وَمَا كَانَ اللَّهُ لِيُضِيعَ إِيمَانَكُمْ إِنَّ اللَّهَ بِالنَّاسِ لَرَءُوفٌ رَحِيمٌ   البقرة: 143

Шунингдек, сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта миллат қилдик. Сен аввал юзланган қиблани, ортга бурилиб кетадиганлар ким-у, Пайғамбарга эргашувчилар ким эканини билиш учунгина қилганмиз. Гарчи бу иш Аллоҳ ҳидоятга солганлардан бошқаларга оғир бўлса ҳам. Аллоҳ иймонингизни зое қилмас. Албатта, Аллоҳ одамларга меҳрибон ва раҳмлидир (Бақара сураси 143-оят).

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларни ўрта уммат қилганини эълон қилмоқда. Арабчада “васат” деб аталувчи сўз яхши, ўрта, марказ ва адолатли маъноларини англатади. Ўртага адолат маъноси берилишининг сабаби эса, “ўрта” атрофларга нисбатан бир хил туради, бирор томонга оғиб, адолатни бузмайди. Шунингдек, бу ерда саҳобалар ва бошқа мусулмонларни “ўрта уммат” деб номлашликнинг сабаби, у зотлар илм ва амал ўртасини жамлаганлардир.

“Тафсирул мунир” асарида “Умматан васатан” сўзини “энг яхши ва адолатли уммат” деб тафсир қилинган. Чунки, мусулмон уммати дин ва дунё ишларида энг яхши амал қилувчи ва на унисида ва на бунисида ғулуга кетмайдиган адолатли умматдир. Бўйнидаги вожиб амалларни нуқсонсиз адо қиладилар. Яҳудий ва мушриклар каби моддиятпараст ва насронийлар каби руҳоний эмаслар. Шунингдек, жасад ва руҳ ҳақларини ўртасини ҳам жамлаганлар.

Ислом умматининг ўрта уммат бўлишнинг яна бир сабаби – одамлар устидан гувоҳ этиб танланганида экан. Ислом уммати ўрта, яхши, адолатли уммат бўлгани учун бошқа умматларнинг яхши амалларига ўртада туриб адолат ила гувоҳлик беради.

Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло мусулмонларни бошқа умматлардан адолат сифати ила афзал эканлигини хабарини бермоқда. Мусулмонлар замон жиҳатидан охирги уммат бўлсалар ҳам, Қиёмат кунида макон жиҳатидан энг аввалги уммат ҳисобланадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Биз охирги(уммат)миз, (улардан) пешқадаммиз”. Бундан келиб чиқадики, гувоҳликка фақатгина адолатли кишиларгина ҳақлидирлар. Бундан яна маълум бўладики, ижмо қилиш дуруст ва унга амал қилиш вожиб. Чунки, ижмо қилган уламоларнинг барчаси адолатлидирлар. “Ҳар бир аср ўзидан кейингисига гувоҳ бўлади”.

Аллоҳ таоло барча мусулмон умматини доим адолатли ва умматларнинг энг яхшиси бўлишликларини насиб айласин!

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Абдуссами Эргашев

Манбалар асосида тайёрлади

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment