“Саҳобаларнинг фазли борасида юз оят” туркумидан 19-оят

ss

فَإِنْ حَاجُّوكَ فَقُلْ أَسْلَمْتُ وَجْهِيَ لِلَّهِ وَمَنِ اتَّبَعَنِ وَقُلْ لِلَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ وَالْأُمِّيِّينَ أَأَسْلَمْتُمْ فَإِنْ أَسْلَمُوا فَقَدِ اهْتَدَوْا وَإِنْ تَوَلَّوْا فَإِنَّمَا عَلَيْكَ الْبَلَاغُ وَاللَّهُ بَصِيرٌ بِالْعِبَادِ  سورة آل عمران 20

Агар сен билан тортишсалар: “Мен юзимни Аллоҳга таслим этдим ва менга эргашганлар ҳам!” деб айт. Ва китоб берилганларга ва саводсизларга: “Исломга кирдингизми?” деб айт. Агар Исломга кирсалар, бас, батаҳқиқ, ҳидоят топдилар. Агар юз ўгирсалар, сенинг зиммангда етказиш, холос. Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир (Оли Имрон сураси 20-оят).

Бу ерда Аллоҳ таоло аҳли китоб ва улардан бошқа ғайридинлар билан қандай мужодала қилишни ўргатди. “Агар аҳли китоб ёки бошқалар билан тавҳид борасида мужодала қиладиган бўлсанг, уларга: “Ибодатимни ягона, шериги йўқ, аёли ва болалари йўқ бўлган зот Аллоҳ таолога холис қилдим. Бу мен ва менга эргашганларнинг тутган йўлидир” деб айт” деб таълим берди. Бунга ўхшаш Аллоҳ таолонинг яна бир ояти каримаси бор. Юсуф сурасида “Бу менинг Аллоҳга чақирадиган йўлимдир. Мен ва менга эргашганлар аниқ ишончдамиз” деб марҳамат қилган. Буларга ўхшаганлар билан мужодала қилишдан фоида йўқ. Чунки, Аллоҳ таолонинг ягона зот эканлигига очиқ-ойдин далиллар қоим бўлган, адашганларнинг ҳар хил шубҳалари эса ботиллиги ҳам аниқ-равшан бўлган.

Оятга эътибор бериб қарайдиган бўлсак, Аллоҳ таоло “Мен юзимни Аллоҳга таслим этдим ва менга эргашганлар ҳам!” деб айт деди. “Менга эргашганлар ҳам” – бу зотлар саҳобайи киромлардир. Гувоҳи бўламизки, Аллоҳ таоло саҳобаларни ҳар жойда ўрнак қилиб кўрсатади. Аҳли китоб бўлсин ёки ғайри дин бўлсин уларга саҳобалар ҳар доим ўрнак қилиб кўрсатилган.

Исломга кирганлар ҳақиқатда ҳидоят топганликлари ҳақида ҳам Аллоҳ таоло хабар бермоқда: “Агар Исломга кирсалар, бас, батаҳқиқ, ҳидоят топдилар”.

Аллоҳ таоло барчаларимизни исломда собитқадам бўлишлигимиз ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг суннатларини бекамикўст бажармоқлигимизни насиб қилсин!

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Абдуссами Эргашев

Манбалар асосида тайёрлади

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment