“Саҳобаларнинг фазли борасида юз оят” туркумидан 20-оят

ss

إِنَّ رَبَّكَ يَعْلَمُ أَنَّكَ تَقُومُ أَدْنَى مِنْ ثُلُثَيِ اللَّيْلِ وَنِصْفَهُ وَثُلُثَهُ وَطَائِفَةٌ مِنَ الَّذِينَ مَعَكَ وَاللَّهُ يُقَدِّرُ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ عَلِمَ أَنْ لَنْ تُحْصُوهُ فَتَابَ عَلَيْكُمْ فَاقْرَءُوا مَا تَيَسَّرَ مِنَ الْقُرْآنِ عَلِمَ أَنْ سَيَكُونُ مِنْكُمْ مَرْضَى وَآخَرُونَ يَضْرِبُونَ فِي الْأَرْضِ يَبْتَغُونَ مِنْ فَضْلِ اللَّهِ وَآخَرُونَ يُقَاتِلُونَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَاقْرَءُوا مَا تَيَسَّرَ مِنْهُ وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَأَقْرِضُوا اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا وَمَا تُقَدِّمُوا لِأَنْفُسِكُمْ مِنْ خَيْرٍ تَجِدُوهُ عِنْدَ اللَّهِ هُوَ خَيْرًا وَأَعْظَمَ أَجْرًا وَاسْتَغْفِرُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ المزمل: 20

Албатта, Роббинг сени кечанинг учдан биридан озроғини, ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундоқ қилаётганларини) биладир. Ва Аллоҳ кечаю кундузни Ўзи ўлчайдир. У сизлар ҳеч чидай олмаслигингизни билиб, Сизларга (енгилликни) қайтарди. Бас (энди), Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар. Сизлардан келажакда касаллар бўлишини ҳам билди. Бошқалар ер юзида юриб Аллоҳнинг йўлида фазлини ахтаришини, яна бошқалар эса Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишларини (ҳам билди). Бас, ундан муяссар бўлганича қироат қилинглар. Ва намозни қоим қилинглар, закот беринглар ва Аллоҳга яхши қарз беринглар. Ўзингиз учун нима яхшилик қилган бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳузурида ундан яхшироғини ва улканроқ ажрни топарсизлар. Аллоҳга истиғфор айтинглар. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмдилдир (Муззаммил 20-оят).

 

Аллоҳ таоло ушбу оятдаги “…Бошқалар эса ер юзида юриб Аллоҳнинг фазлини ахтаришини, яна бошқалар эса Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишларини (ҳам билди)…” жумласида Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилувчилар билан Аллоҳнинг фазлини ахтарувчилар, яъни касбу кордагилар тенглаштирилмоқда.

Шунинг учун ҳам саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Кимки сабр қилиб, қийинчиликларга чидаб, савоб умидида мусулмонлар диёрига бирор нарсани келтириб ўша куннинг нархида сотса, Аллоҳнинг ҳузурида шаҳидлар мартабасига эришади”, деганлар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо эса: “Мен учун Аллоҳнинг йўлида жанг қилиб ўлишдан кейинги энг яхши ўлим, ер юзида Аллоҳнинг фазлини ахтариб юриб, юкларим орасида ўлишдир”, деганлар.

Аллоҳ таоло бандаларига қийинчиликни раво кўрмайди. Ҳар бир қилган яхши амалларига мукофотларни кўп қилиб беради. Бунинг учун биз Аллоҳ таолонинг қуйидаги каломига амал қилишимиз керак бўлади: “Ва намозни қоим қилинглар, закот беринглар ва Аллоҳга яхши қарз беринглар”. Аллоҳга яхши нарсаларни қарз бериб, Қиёмат кунида ёруғ юз билан маҳшар майдонига йиғилиш ҳар бир мусулмонга насиб бўлсин!

Аллоҳ таоло бизларни саҳобалар каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар бир амалда эргашувчилар қаторида қилсин!

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Абдуссами Эргашев

Манбалар асосида тайёрлади

 

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment