“Саҳобаларнинг фазли борасида юз оят” туркумидан 23-оят

ss

وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا وَاذْكُرُوا نِعْمَتَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنْتُمْ أَعْدَاءً فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُمْ بِنِعْمَتِهِ إِخْوَانًا وَكُنْتُمْ عَلَى شَفَا حُفْرَةٍ مِنَ النَّارِ فَأَنْقَذَكُمْ مِنْهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ آيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ آل عمران: 103

Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир ақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки ҳидоят топсангиз (Оли Имрон сураси 103-оят).

Ояти каримадаги “Аллоҳнинг ипи” деган иборадан Қуръони Карим тушунилади. Жарга қулаш хавфидаги инсон ип-арқонни маҳкам ушласа, қутилиб қолганидек, дўзах тубига қуламасликнинг ҳам бирдан-бир чораси – Қуръони Каримни маҳкам ушлашликдир. Шундагина инсон нажот топади. Мусулмон уммати нажот топиши учун барча бир бўлиб Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримни маҳкам тутишлари лозимдир.

Аллоҳнинг ипи-арқони эканлиги ҳақида жуда ҳам кўп ҳадислар келган.

Имом Табароний Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг китоби – Аллоҳнинг осмондан ергача тортилган арқонидир”, деганлар.

Аввал бирлашишга чақириб туриб, ортидан бўлинмасликка амр келяпти. Шундан ҳам бу ишнинг нақадар муҳим эканини билиб олса бўлади.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом: “Албатта, Аллоҳ сизларга уч нарсани рози бўлади ва уч нарсани ёмон кўради; Унинг Ўзига ибодат қилиб, ширк келтирмасликларингиз; барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутиб, бўлиниб кетмаслигингиз ва сизга ишбоши бўлган шахсга насиҳатда бўлишингиздан рози бўлади. “Деди-деди” дейиш; кўп савол бериш ва молни зое қилишингизни ёмон кўради”, дедилар.

Тафсирчи олимларимиз: “Мусулмонлар иттифоқ бўлсалар, хато қилмасликларининг кафолати берилган”, дейдилар.

Минг афсуслар бўлсинким, мусулмонлар ушбу ояти каримага амал қилмаганликлари, Аллоҳнинг ипи бўлмиш Қуръонни барчалари бирлашиб маҳкам тутмаганликлари, кўплаб бўлинишлар, ихтилофлар қилганликлари учун бошларига битмас-туганмас бало-офатлар ёғилмоқда. Аллоҳнинг бир оятига амал қилмагани учун шунчалар мусибатлар бўлса, кўп оятларига амал қилмаганда нима бўлишини ўзимиз билиб олаверайлик.

Ислом Аллоҳнинг берган улуғ неъмати, шу неъмат туфайли душманлар улфат бўлдилар. Бир-бирига қарши нафратга тўлган қалбларни фақат Исломгина улфат қила олади. Фақат Аллоҳнинг ипи бўлган Исломни маҳкам тутибгина ҳамма биродар бўла олади.

“Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз”. Аллоҳ Ислом неъматини бермаганида бундай холис биродар бўлиш қийин эди. Фақат Ислом туфайли, Аллоҳ учун биродар бўлингандагина ҳақиқий биродарлик қарор топади. Бошқа ҳолда ё молу дунё, ё ирқ-миллат бирлиги, ё мансаб нуқтаи назаридан, ё қабила тарафкашлик билан ва ҳоказо шунга ўхшаш ниятлар асосига қурилган бўлади.

Исломга киришингиздан олдин уруш-жанжал ичида, жоҳилият ҳукмлари остида, умуман барча соҳада нотўғри йўлда, яъни, оловли жар ёқасида эдингиз. Шундай кетаверганингизда ҳалокатга учрашингиз турган гап эди. Аллоҳ таоло сизни Ўзининг улуғ неъмати бўлмиш Исломга бошлаб, мазкур оловли жарга қулашдан сақлаб қолди.

Аллоҳ таоло барча мусулмонларни ягона арқонни тутиб, бу борада саҳобалар каби ўзаро муҳаббатли бўлишликларини насиб айласин! Аллоҳ барчамиздан рози бўлсин!

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Абдуссамиъ Эргашев

Манбалар асосида тайёрлади

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment