“Саҳобаларнинг фазли борасида юз оят” туркумидан 24-оят

ss

كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَلَوْ آمَنَ أَهْلُ الْكِتَابِ لَكَانَ خَيْرًا لَهُمْ مِنْهُمُ الْمُؤْمِنُونَ وَأَكْثَرُهُمُ الْفَاسِقُونَ   آل عمران: 110

Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоблар иймон келтирганларида, ўзларига яхши бўлар эди. Улардан мўминлари бор. Кўплари фосиқдирлар (Оли Имрон сураси 110-оят).

Ислом уммати ўзи ҳақида билиб қўйиши зарур бўлган ҳақиқатлардан бири – бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат эканлигидир.

Умматларнинг сараси Ислом умматидир.

Умматларнинг йўлбошчиси Ислом умматидир.

Умматларнинг пешқадами Ислом умматидир.

Икрима ва Муқотил роҳимаҳумаллоҳлардан ривоят қилинади: Ушбу ояти карима Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убай ибн Каъб, Муоз ибн Жабал ва Ҳузайфанинг мавлоси Солим розияллоҳу анҳумлар борасида нозил бўлган. Икки яҳудий Молик ибн Сойф ва Ваҳб ибн Яҳуза уларга “Албатта, бизнинг динимиз сиз чақираётган нарсадан кўра яхшироқдир. Биз сиздан кўра яхшироқмиз ва афзалмиз” дейишди. Шунда ушбу оят нозил бўлди.

Ушбу ояти каримадаги “маъруф” ва “мункар” сўзларига эътибор берайлик. “Маъруф” – инсонлар наздида бажарилганда гўзал саналадиган амал. Бу амал инсонларга ҳам, аввало Аллоҳ таолога манзур келадиган амал ҳисобланади. “Мункар” – бу амал эса бажарилганда инсонларнинг нафратига сазовор бўлади. Оламларнинг Роббисини ғазабига дучор қилади.

Мўминларнинг сифати эса “Маъруф” – яхшиликка буюриш ва “Мункар”дан – ёмонликдан қайтаришликдир.

Ояти каримада Аллоҳ таоло баён қилаяптики, модомики мусулмонлар яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш ва Аллоҳга иймон келтиришда бардавом бўлар эканлар, борлиқда жамийки инсонлардан яхши уммат ҳисобланадилар. Нима учун иймондан олдин яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш муқаддам зикр этилди, деган савол туғилиши муқаррар. Бунинг сабаби, уларнинг бошқалардан афзал эканликларини билдиришликдир. Чунки, иймонни “қолган одамлар” ҳам даъво қилишликлари мумкин. Аммо, улар ҳақиқий иймон не эканлигини қаердан ҳам билсин(!). Улар орасида фисқ-фужур ҳукм сураётган бўлса, уларнинг кўзларини иймонни кўришликдан бошлиқлик ва мол-дунё тўсиб қўйган.

Қуръони карим билан инсонларнинг энг яхшилар ким эканлиги аён бўлди. Ҳадиси шарифда ҳам инсонларнинг энг яхшилари зикр этилган: “Инсонларнинг энг яхшилари менга яқин бўлганлар. Сўнг улардан кейин келадиганлар. Сўнг улардан кейин келадиганлар” (Имом Бухорий ва Муслим роҳимаҳумаллоҳлар ривояти). У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлганлар саҳобайи киромлардир. Уламолар иттифоқ қилишганки, умри давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гарчи бир марта кўрган бўлса ҳам, ўша киши ўзидан кейин келганлардан афзал ҳисобланадилар.

Ушбу оятда яна аҳли китобларни иймон келтиришликка қизиқтириш бор. Улар иймон келтирсалар ўзларига яхши бўлади. Улар орасида иймон келтирганлари ҳам бор. Аммо, уларнинг аксарлари фосиқлардан иборат. Аллоҳ таоло яҳудийларга ғазаб қилган. Чунки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, Қуръонга ва Исломга куфр келтирганлар. Улар пайғамбарларни қатл қилишган. Ҳатто, икки олам сарвари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдирмоқчи ҳам бўлишган. Бунда мушриклардан фойдаланмоқчи бўлишди. Аммо, Аллоҳ таоло уларнинг фитналарини чиппакка чиқарди. Чунки, Аллоҳ таоло мўминларга ва Ўз росулига аҳли китоб уларни ҳеч қачон мағлуб қила олмасликларини хушхабарини берган. Мўминларга Аллоҳнинг нусрати берилган. Мўминларга фитна қилиш ёки ғалаён қўзитиш орқали азият беришликлари мумкин, аммо, билиб қўйишсинки, албатта, якун мусулмонларнинг ҳисобига бўлади.

Аллоҳ таоло биз мусулмонларни инсонларнинг энг яхшиси қилди. Аллоҳ таоло бизни ҳақиқий яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган ва ҳақиқий иймон соҳибларидан қилсин!

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Абдуссамиъ Эргашев

Манбалар асосида тайёрлади

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment