“Саҳобаларнинг фазли борасида юз оят” туркумидан 25-оят

ss

إِذْ غَدَوْتَ مِنْ أَهْلِكَ تُبَوِّئُ الْمُؤْمِنِينَ مَقَاعِدَ لِلْقِتَالِ وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ * إِذْ هَمَّتْ طَائِفَتَانِ مِنْكُمْ أَنْ تَفْشَلَا وَاللَّهُ وَلِيُّهُمَا وَعَلَى اللَّهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُؤْمِنُونَ * وَلَقَدْ نَصَرَكُمُ اللَّهُ بِبَدْرٍ وَأَنْتُمْ أَذِلَّةٌ فَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ * إِذْ تَقُولُ لِلْمُؤْمِنِينَ أَلَنْ يَكْفِيَكُمْ أَنْ يُمِدَّكُمْ رَبُّكُمْ بِثَلَاثَةِ آلَافٍ مِنَ الْمَلَائِكَةِ مُنْزَلِينَ * بَلَى إِنْ تَصْبِرُوا وَتَتَّقُوا وَيَأْتُوكُمْ مِنْ فَوْرِهِمْ هَذَا يُمْدِدْكُمْ رَبُّكُمْ بِخَمْسَةِ آلَافٍ مِنَ الْمَلَائِكَةِ مُسَوِّمِينَ * وَمَا جَعَلَهُ اللَّهُ إِلَّا بُشْرَى لَكُمْ وَلِتَطْمَئِنَّ قُلُوبُكُمْ بِهِ وَمَا النَّصْرُ إِلَّا مِنْ عِنْدِ اللَّهِ الْعَزِيزِ الْحَكِيمِ     سورة آل عمران 121-126

Аҳлингдан эрталаб чиқиб, мўминларни уруш жойларига турғизганингни эсла! Аллоҳ эшитувчи ва билувчи зотдир. Сизлардан икки тоифа қўрқиб заифлашмоқчи бўлганини эсла! Аллоҳ уларнинг валийсидир. Мўминлар фақат Аллоҳнинг Ўзига таваккал қилсинлар. Батаҳқиқ, Бадрда оз бўлсаларингизлар ҳам, Аллоҳ сизларга нусрат берди. Бас, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки шукр қилсангиз. Мўминларга: «Сизга Роббингиз туширилган уч минг фаришталар ила мадад бермоғи кифоя қилмасми?!» деганингни эсла! «Ҳа (кифоя қиладир)! Агар сабр ва тақво қилсангиз, улар шу пайт келиб қолсалар ҳам, Роббингиз сизга белгили беш минг фаришта ила мадад берадир». Аллоҳ буни фақат сизга суюнчилик ва қалбингиз таскин топиши учунгина қилди. Аслида, нусрат азиз ва ҳаким Аллоҳнинг ҳузуридандир (Оли Имрон сураси 1321-126 оятлар).

Ушбу ояти карималар Уҳуд ва Бадр ғазоти ҳақида хабар бериб нозил бўлган. “Сизлардан икки тоифа қўрқиб заифлашмоқчи бўлганини эсла!” ояти Хазраж қабиласига мансуб Бани Салама уруғи ва Авс қабиласига мансуб Бани Ҳориса уруғи ҳақида тушган. Улар мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул хафа бўлиб: “Менинг айтганимни қилмай, ёш болаларнинг айтганини қилди”, деб жангчиларнинг учдан бирини олиб Уҳуд йўлидан қайтганида, унинг фитнасига учишларига сал қолган эди. Бу эса, мусулмонлар сафининг янада заифлашишига, руҳий ва маънавий тушкунлик келтиришга сабаб бўлиши мумкин эди. Ҳали уруш бошланмай туриб, бундай ишларнинг бўлиши жуда ҳам ноқулай вазиятни вужудга келтирар эди. Лекин бу тоифаларни Аллоҳ таолонинг Ўзи сақлаб қолди, иноятига олди.

Чунки, “Аллоҳ уларнинг валийсидир”дир. Ушбу оят туфайли Бани Салама ва Бани Ҳориса уруғлари ҳам муваффақиятсизликка учрамай, Аллоҳ валийлик қилгани учун мусулмонлар сафидан чиқмай, жанг майдони томон кетдилар. Аллоҳ таоло эшитувчи ва билувчи зот эканлигидан, бу икки тоифанинг кўнглидан ўтган заифликни ҳам билди. Уларни ўз вақтида тўғри йўлга солди.

“Мўминлар фақат Аллоҳнинг Ўзига таваккал қилсинлар”: Мўминлар доимо – иккиланганларида ҳам, заифлашганларида ҳам, қийин ҳолга тушиб қолганларида ҳам, фақат Аллоҳнинг Ўзига таваккал қилсинлар. Шунда нажот топадилар. Бу ҳам мусулмонлар учун катта ҳаётий қоидадир. Бадр кунида мусулмонлар фақатгина Аллоҳ таолога таваккал қилишган эдилар, Аллоҳ уларга нусрат берди.

Шу ўринда таваккул ҳақида қисқача маълумот берсак. Таваккул – киши бир ишини бошқа бир кишига топширишлигидир. Ҳақиқий таваккул эса – банда Аллоҳ таоло шариат қилган барча сабабларни қилганидан сўнг, ишнинг натижасини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога топширишлигидир. Шу билан бирга инсон азиз бўлишликни ҳоҳласа, фақатгина Аллоҳ таологагина юзланмоқлиги лозим.

“Бас, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки шукр қилсангиз” – Агар Аллоҳ таоло бирор қавмга ёмонликни ирода қилган бўлса, бирорта ҳам қайтарувчи йўқ. Агар Аллоҳ таоло бирор инсонни хор қилишни ирода қилган бўлса, яқин кишисини унга ўзини катта оладиган қилиб қўяди. Агар Роббингиз бир инсонни азиз қилишликни ирода қилган бўлса, ўзи сезмаса ҳам душманларини унинг хизматида қилиб қўяди. Шунинг учун ҳам, агар Аллоҳ сиз билан бўладиган бўлса, ким ҳам сиздан устун кела оларди. Агар Аллоҳ сизга қарши бўлса, ким ҳам сиз билан бўла оларди! Хўш, Аллоҳ қачон биз билан бирга бўлади? – Қачонки У зотга юзлансакгина! У зотга юзланиш учун тақво қилиш керак. Аллоҳ таоло Ўзига юзланганларгагина юзланур! Мана шундагина шукр қилувчи банда бўла оламиз!

Баъзи инсонлар вафотига яқин қолганида ҳаракатдан тўхтайди. Яқин кишилари уни тезроқ ўлишлигини ҳоҳлашаётганини кўради.

Баъзи инсонлар одамлар наздида эътиборли бир ўринда вафот этадилар. Уни йўқотган атрофидаги кишилар қаттиқ хафа бўлишади. Ҳақиқий мўмин ва ҳаммага ўрнак бўлган кишини ҳеч ким йўқотишни ҳоҳламайди.

Шунинг учун азизликни Аллоҳнинг ҳузуридан изланг! Аллоҳнинг ҳузуридан улуғликни изланг! Зеро, саҳобаларнинг барчалари азизликни Аллоҳнинг ҳузуридан излашди азиз бўлдилар ва нусратни Аллоҳдангина талаб қилишди Аллоҳ таоло уларни Ўз нусрати ила мукофотлади. “Аслида, нусрат азиз ва ҳаким Аллоҳнинг ҳузуридандир”.

Аллоҳ таоло барча саҳобалардан шу қатори бизлардан ҳам рози бўлсин!

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Абдуссамиъ Эргашев

Манбалар асосида тайёрлади

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment