“Саҳобаларнинг фазли борасида юз оят” туркумидан 15-оят

ss

 

وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ آمِنُوا كَمَا آمَنَ النَّاسُ قَالُوا أَنُؤْمِنُ كَمَا آمَنَ السُّفَهَاءُ أَلَا إِنَّهُمْ هُمُ السُّفَهَاءُ وَلَكِنْ لَا يَعْلَمُونَ * وَإِذَا لَقُوا الَّذِينَ آمَنُوا قَالُوا آمَنَّا وَإِذَا خَلَوْا إِلَى شَيَاطِينِهِمْ قَالُوا إِنَّا مَعَكُمْ إِنَّمَا نَحْنُ مُسْتَهْزِئُونَ * اللَّهُ يَسْتَهْزِئُ بِهِمْ وَيَمُدُّهُمْ فِي طُغْيَانِهِمْ يَعْمَهُونَ  البقرة: 13 – 15

Ва агар уларга, одамлар иймон келтирганидек, иймон келтиринглар, дейилса, “Эсипастлар иймон келтирганидек, иймон келтирамизми?” дейишади. Огоҳ бўлинг, улар, фақат улар эсипастлардир ва лекин ўзлари билмайдилар. Улар иймон келтирганларни учратсалар, иймон кетирдик, дейдилар, шайтонлари билан ҳоли қолганда эса, биз сизлар биланмиз, фақат истеҳзо қиляпмиз холос, дейдилар. Аллоҳ уларни истеҳзо қилади ва туғёнларида довдирашларига қўйиб беради (Бақара сураси 13-15 оятлар).

Юқоридаги ояти карималар мунофиқлар борасида нозил бўлган. Уларга саҳобайи киромларни ўрнак қилиб кўрсатилган. Чунки, саҳобалар ўзаро бир-бирларига насиҳатгўй эдилар. Мунофиқларни иймонга чорлар ва уларга шарият илмларини тўғри талқин этар эдилар. Соғлом ақл эгаси бу нарсани англаши мушкул эмас. Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу сингари зотлар тўғри йўлни тутдилар.

Қолган мунофиқларга “Қолганлар каби Иймонга киринглар” дейилганда, улар “Эсипастлар эргашган нарсага иймон келтирамизми?” дейишди. Қандай ҳам катта гуноҳ ишга қўл уришди. Мунофиқлар саҳобайи киромларни “Эсипастлар” деб аташди. Ваҳоланки, уларнинг ўзи тентак. Ҳақиқий оқил киши – олдидаги очиқ-ойдин, яхши йўлни кўриб, уни лозим тутади.

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонлардан “Эсипастлар” деган, мунофиқларнинг бўҳтонларини олиб, уларнинг ўзларини “Эсипастлар” деб номлади. Чунки, улар ҳақиқий иймон нима эканлигини билишмас эди.

Иймон – қалбий ишдир. Иймонни, унинг ҳақиқати нима эканлигини билган кишигина англай олади. Шунингдек, иймон яқиний (100%лик) илм билан мукаммал бўлади.

Илм – маълум бир нарсани қандай бўлса, шундай билишдир. Мунофиқларнинг эса иймоннинг ҳақиқатини билиш учун илмлари йўқ.

Мўминлар одамларнинг энг яхшисидир. Мўминлар ичида саҳобалар энг афзал кишилар ҳисобланади. Аллоҳ таоло саҳобаларни афзаллик сифатлари билан сифатлаган.

Аллоҳ таоло мунофиқларга “Аллоҳ уларни истеҳзо қилади ва туғёнларида довдирашларига қўйиб беради” деб таъкидлади.

Мўмин-мусулмонларга эса “мағфират ва улкан савоблар бор” деб хушхабар берган.

Аллоҳ таоло барча саҳобалардан шу қатори бизлардан ҳам рози бўлсин!

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Абдуссами Эргашев

Манбалар асосида тайёрлади

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment