“Саҳобаларнинг фазли борасида юз оят” туркумидан 6-оят

ss

﴿ وَاعْلَمُوا أَنَّ فِيكُمْ رَسُولَ اللَّهِ لَوْ يُطِيعُكُمْ فِي كَثِيرٍ مِنَ الْأَمْرِ لَعَنِتُّمْ وَلَكِنَّ اللَّهَ حَبَّبَ إِلَيْكُمُ الْإِيمَانَ وَزَيَّنَهُ فِي قُلُوبِكُمْ وَكَرَّهَ إِلَيْكُمُ الْكُفْرَ وَالْفُسُوقَ وَالْعِصْيَانَ أُولَئِكَ هُمُ الرَّاشِدُونَ * فَضْلًا مِنَ اللَّهِ وَنِعْمَةً وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ * وَإِنْ طَائِفَتَانِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ اقْتَتَلُوا فَأَصْلِحُوا بَيْنَهُمَا فَإِنْ بَغَتْ إِحْدَاهُمَا عَلَى الْأُخْرَى فَقَاتِلُوا الَّتِي تَبْغِي حَتَّى تَفِيءَ إِلَى أَمْرِ اللَّهِ فَإِنْ فَاءَتْ فَأَصْلِحُوا بَيْنَهُمَا بِالْعَدْلِ وَأَقْسِطُوا إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ * إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ ﴾ [الحجرات: 7 — 10].

Ва билингларки, албатта, ичларингизда Расулуллоҳ бордир. Агар У ишлардан кўпида сизга итоат қилса, албатта, қийинчиликка дучор бўлардингиз. Лекин, Аллоҳ сизларга иймонни маҳбуб қилди ва уни қалбларингизда зийнатлади ва сизларга куфрни, фисқни ва исённи ёмон кўрсатди. Ана ўшалар тўғриликда юрувчиларидир. Бу Аллоҳ томонидан фазл ва неъматдир. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир. Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг. Агар улардан бири иккинчисига тажовуз қилса, сиз тажовуз қилганига қарши, то у Аллоҳнинг амрига қайтгунича урушинг, агар қайтса, бас, ўрталарини адолат билан ислоҳ қилинг. Одил бўлинг, албатта, Аллоҳ адолат қилгувчиларни суядир. Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз (Ҳужурот сураси 7-10 оятлар). [1]

Мусулмон умматининг, саҳобаи киромларнинг катта бахти шундан иборатки, бу умматнинг ишларига Аллоҳнинг Ўзи аралашиб, хатоларини тўғирлаб, адашганда йўлга солиб, ёдидан кўтарилганда эслатиб туради.

Аллоҳ таолонинг баъзи бандаларига иймонни маҳбуб кўрсатиб, уларнинг қалбларида уни зийнатлаши, куфр, фисқ ва исённи ёмон кўрсатиб қўйиши, “Аллоҳ томонидан фазл ва неъматдир”.

Мўмин-мусулмонлар бир оила фарзандларидек, дўст-биродар бўлишлари зарур. Уларнинг бир-бирлари билан урушишлари ҳаром. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, икки мусулмон қиличлари билан тўқнашсалар, ўлдирган ҳам, ўлган ҳам дўзахдадир, деганлар.

Дарҳақиқат, бу биродарлик дин қардошлиги бўлиб, дунёдаги барча инсоний алоқалардан устун туради. Бу биродарлик Аллоҳ учун, дину диёнат учун, Ислом-иймон учундир ва у ўзаро муҳаббат, тинчлик-омонлик ва ҳамкорлик асосига қурилган бўлади. Бу биродарликка путур етса, зудлик билан ислоҳ қилишга ўтмоқ керак. [2]

Бу ерда биродарлик деганда яна шуни тушуниш керакки, Албатта мусулмонлар дин ва ҳурматда бир-бирлари билан биродардирлар. Аммо, насабда эмас. Чунки, насабда ака-ука бўлишлик диннинг бошқа-бошқа бўлишлиги билан якунига етади. Аллоҳнинг неъматини қарангки, насаб турли хил бўлиб, дин битта бўлса, биродарликка путур етмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Бир-бирингизга ҳасад қилманглар, ғазаб қилманглар, жосуслик қилманглар, зимдан кузатманглар ва қасддан нархни оширманглар. Аллоҳ таолонинг бир-бирига биродар бандаларидан бўлинг!”.

Мусулмонларнинг ўзаро биродар эканликларига кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Ислом гўёки мусулмонларнинг отасидир. Чунки, ака-укалар ўзларини оталарига нисбат берсалар, мусулмонлар ўзларини Исломга нисбат беришади. [3]

أبي الإسلام لا أب لي سواه          إذا افتخروا بقيس أو تميم

Отам Ислом, менинг ундан бошқа отам йўқ,

Қайс ва Тамим ила мақтансалар ҳам фарқи йўқ.

Аллоҳ таоло барча саҳобалардан рози бўлгани каби бизлардан ҳам рози бўлсин!

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Абдуссами Эргашев

[1] Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Қуръони карим – маънолар таржимаси” китоби.

[2] Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Тафсирул ҳилол” асари.

[3] Шайх Ваҳба Зуҳайли роҳимаҳуллоҳнинг “Тафсирул мунир” асари.

 

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment