САЛОМНИНГ ФАЗИЛАТИ

ss

Ҳар бир ота-она фарзандига тарбия-одоб берар экан, энг аввало, саломлашишни ўргатади. Жаҳонда одобнинг бу жиҳатига эътибор бермайдиган бирор миллат ёки халқ йўқ. Бежизга доно халқимиз “Гапнинг боши – калом, одоб боши – салом”, демаган.

Саломлашиш туфайли кишилар ўртасида ўзаро ҳурмат, самимият ва бир-бирига нисбатан меҳр-муҳаббат пайдо бўлади. Бир-биримизнинг ёнимиздан индамай ўтгандан кўра, мусулмоннинг мусулмон биродаридаги ҳақи бўлган саломлашиш, алик олишни одат қилсак, нур устига нур бўлади. Одоб билан салом бериш орқали биз суннатга амал қилган, Аллоҳнинг наздида бир савобга эга бўлган ва провардида мусулмонлик бурчимизни адо қилган бўламиз. Зеро, Саломлашиш Одам атодан бизга мерос қолган фазилатли амаллардан биридир. Аллоҳ таоло салом сўзини биринчи бўлиб, башарият отаси Одам (а.с.) ҳаёт тарзларига киритган эди. Бу ҳақда муҳаддислар ривоят қилган ҳадисларида ҳабарлар бор.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади: “… Бас, қачонки, уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтингиз (яъни “Ассалому алайкум” денг!) Сизлар ақл юргизишларингиз учун Аллоҳ ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур”. (Нур сураси, 61-оят)

Бу ояти карима ислом шариатида Салом сўзи билан саломлашиш жорий бўлганига далолат қилади.

Саломлашувнинг энг қисқа кўриниши “Ассалому алайкум!” деган сўздан иборат. Энг мукаммали эса: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу!” шаклида айтилиб, “сиз (лар) нинг устингизга тинчлик-саломатлик, Аллоҳнинг марҳамати ва баракотлари ёғилсин!”, деган мазмундаги эзгу тилакни англатади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Қачонки, сизларга салом берилса, бас, ундан гўзалроқ салом билан жавоб беринг ёки унинг ўзини қайтаринг!” (Нисо сураси, 86-оят).

Салом мусулмоннинг мусулмон биродари устидаги ҳақларидандир.  Набий алайҳиссалом марҳамат қилиб дедилар: “мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳақлари бештадир: саломга алик олиш, касал кўриш, жанозаларда қатнашиш, меҳмонга чақирса бориш ва аксирган кишига алҳамлу лиллаҳ деса, ярҳамукаллоҳ дея дуо қилиб қўйиш” (муттафақун алайҳ).

Салом бериш суннат, алик олиш эса фарз. Шунга биноан, қай йўсинда салом берилишидан қатъий назар алик олиш лозим бўлади.

Саломлашишнинг динимизда ўзига хос талаблари бор, агар-ки саломимиз мукаммал бўлишини истар эканмиз, қуйидаги шартларга амал қилишимиз лозим, бўлади: яъни, қўл бериб кўришганда, кафтни кафтга қўйиб, икки қўллаб кўришилади, узрли ҳолатлардагина бир қўллаб кўришса бўлади; узоқ кўришмаганда ёки яқин кишиларникига меҳмонга борганда, эркакларнинг қучоқлашиб кўришишлари мақбул. Бунда бир-бирини аввал ўнг кўкракка, кейин чап кўкракка босилади. Сўнгра қўл беришиб, ҳол-аҳвол сўралади. Аммо айрим кишилар ўртасида урфга кирганидек, оғиз-бурун ўпишиб кўришиш одобимизга мутлақо зиддир. Кўп замонлар кўришмаганда пешона ёки бошдан ўпса бўлади; Олимлар, фазилатли кишилар, улуғ устозларнинг қўлидан ўпиш мумкин. Ёш болаларни бағрига босиб, эркалатиб, пешона ёки бошидан ўпса бўлади; Номаҳрам аёллар билан қўл бериб кўришилмайди; Кўпчилик тўпланган жойларда кўришиш учун ҳаммани безовта қилиш шарт эмас, салом берилгач, қўлни кўксига қўйиб, «Кўришганимиз – сўрашганимиз», дейилса кифоя.

Хулоса қилиб айтганда саломлашиш инсонлар ўртасида ўзаро тотувлик, дўстлик, бирдамлик ва муҳаббат ришталарини мустаҳкамлайди. Саломнинг энг афзал фазилати ҳам айнан шундадир.

Аллоҳ таоло барчаларимизга Исломнинг макоримул аҳлоқ борасидаги беназр бебаҳо йўл-юриқларига, гўзал одоб-ахлоқларга амал қилишимизда ва азиз фарзандларимизни ҳам юксак маънавият соҳиби этиб тарбиялашимизда улкан муваффақиятлар ато қилсин!

 Маъруфхон Исматов — Оқдарё тумани “Сўғончи” жоме масжиди имом-хатиби 

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment