Шайх Худойдод Вали

ss

713222695_36504

Тариқатлар маънавий эҳтиёж сифатида шаклланган бўлиб, Аллоҳни англашнинг руҳий тушунчасидир. Яъни, сўфизм руҳий тарбия мактаби, комил инсонни тарбиялашнинг омили сифатида шаклланади.

Тариқат султони, ҳақиқат бурҳони, орифлар қутби, катталар ғавси, обидлар қаймоғи, комиллар пешвоси, шариат ва ҳақиқат жамловчиси деб улуғланган Ҳазрати Худойдод Вали Азизон Яссавия тариқатининг ўн биринчи ҳалқаси раҳномаси – пиру муршиди бўлиб, шайх, тарбиячи, сўфий ва шоир сифатида машҳур зотдир.

Худойдод Вали ҳозирги Навоий вилоятининг қадимий Кармана тупроғида, Ортиқ Шайх хонадонида ҳижрий 866, милодий 1461-62 йилларда таваллуд топган. Отаси Ортиқ Шайх асли Хоразмдан бўлиб, аввал Бухорога, сўнгра Карманага келиб у ерларни ватан-макон қилиб тутган.

Ёш гўдакка Худойберди исми берилади. Бу шукрона ифодаси булиб, таомилга кўра ё кўпдан умидланган фарзанд туғилиши ёки ўйлагандан зиёдаликка эришув шарафига аталишидир.

Ота-онадан 3-4 ёшларида эрта етим қолган Худойбердига Халил Қоракўлий раҳномалик қилади ва ундаги лоёқод ва истеъдод қирраларини англаб, ибтидоий мадраса таҳсилига беради. Тез орада таҳсилдаги пешқадамлиги сабабидан устози муаллимнинг ва таълимдошларининг назарига тушади. Илм олишига эҳтиёжи ошиб, Ғиждувонга йўл олади. Фақирлик ва қийинчиликлардан чўчимасдан, уч йил мобайнида бу ерда саводини оширади. Самарқанддаги Шердор мадрасаси шарқий томонида жойлашган “Жавзания” мадрасасининг илму толиби ҳам бўлган. Худойдод Вали Бухорога бориб, таълим таҳсилни “Мулло Муҳаммад” мадрасасида давом эттиради.

Худойдод Валининг шариат илмларини эгаллашига устозлик қилган шахсларнинг номи мавжуд манбаларда қайд этилмаган бўлсада, тариқат йўлида ботиний илмларда бухоролик машҳур сўфий Шайх Жамолиддин Азизондан таълим олади. Шайх даргоҳида илк учрашув ҳосиласи сифатида “Худойберди” исми “Худойдод”га айланади.

Шайх Жамолиддин:

  • Отингиз надур?!

Худойдод Вали:

  • Худойбердиман!

Шайх Жамолиддин:

  • Бале, бизга сизни Худо берди. Бундан сўнг исмингиз “Худойдод” бўлгай.

Шу алфоз пирини лутфи ва марҳамати билан тасаввуф дунёсида янги комил пир Шайх Худойдод Вали номи билан намаён бўлади.

Туғма валийлик сифати, тариқатдаги камоли билан Шайх Худойдод Вали инсонларнинг етук намунасига айланиб халқ ичига кирди. Унинг номига “валий” сўзини қўшилиши халқнинг ишончи, ҳурмати ва эътиқоди натижаси бўлди.

Оддийлик, камтарлик ва фақирлиги сабабидан халқнинг ўз кишисига айланиб борди, у бу жиҳатларини тилда эмас, амалда кўрсата билгани учун ҳам етук пешво “Азизон” шарафини топди.

Шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат бобидаги етук камолоти билан илму қол ва илму ҳолда даража касб этди. Оммага яқинлик, ҳидоятга чақириқ, жоҳилликка нисбатан муросасизлик ва қаноат камоли билан нуфузга эришди.

Шайх Худойдод Вали Азизон ўз замонасининг машҳур сиймоси бўлиб, валий ва шоир сифатида эътибор топди. Тасаввуфона мисраларда Ҳазрати Аҳмад яссавий, Сулоймон Бақирғоний изидан бориб, соҳанинг тадрижий такомилига ҳам бой ҳисса қўшди. Орифона нуқтадонлик билан холиқ ва махлуқ муносабатларини таҳлил этди. Унга комил банда кўзи билан ёндошди.

Худойдод Вали ижодининг асосида муҳаббат мавзуси ётади. Бу талқин Аллоҳ ишқи! Яъни, маърифат ва ҳақиқатнинг олий ифодасидир. Унда сохталик, қаллоблик, ёки ҳашам бўлмайди. Қалбни Яратган сари буриш учун, инсон нафсини ҳокими бўлиши, унга қул бўлиб қолмаслиги керакдир.

Бадиий бисотидан намуна:

Эй, сенинг ишқинг мени кўп ўзига зор айлади,

Хуш муборак жазбаким барчага безор айлади.

Эй, сенинг дардинг билан қолгумдурур мен то абад

Бу саодат кўрки дар афлоки даввор айлади.

Мен азалдин кутмадим ҳаргиз сенингдек меҳрибон,

Узди ўзгадин мени, ҳам ўзига зор айлади.

Жумла оламдин гузида қилди-ю, қилди шараф,

Одама қилди иноят, лутфу ахбор айлади.

Эй, Худойдод, лутфни кўргил тоқи ҳамвор бўл,

Ўзига нисбат учун, ўзгага ағёр айлади.

Бу улуғ зот руҳи бугунги кунда шод ва масрур. Мустақилликдек улуғ неъмат бу борадаги қадриятлариимзни том маънода тиклади. Кўнгиллар ободлигига етилиб, улкан хайрли ишлар қилинди.

Ҳазрати Шайх Худойдод Вали мақбараси, хонақоҳи ва зиёратгоҳи Самарқанд вилояти Жомбой туманинг Ғазира қишлоғида. Вафотлари 1532 милодий санада.

 

                       Хайруллоҳ  Саттаров,

                  ЎМИ Самарқанд вилояти вакил ўринбосари713226330_36874

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment