Ширк…

ss

Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан сақланиш мўмин киши учун ўта муҳим иш эканлигини жуда яхши биламиз. Ана шундай сақланиш керак бўлган ишларнинг энг аввалгиси ва энг каттаси Аллоҳга ширк келтирмоқлик. Эҳтиёт бўлайлик!

Аллоҳга ширк келтириш. Бу амал  ҳаром нарсаларнинг мутлоқ энг каттасидир. Абу Букра р.а дан: Расулуллоҳ с.а.в: “Сизларга гуноҳларнинг энг каттасини хабарини берайинми? (уч марта айтдилар).   “Ҳа, айтинг ё Расулуллоҳ”- дедик. Расулуллоҳ с.а.в : “Аллоҳга ширк келтириш”-дедилар. ( Бухорий ривояти). Аллоҳ таоло ҳамма гуноҳларни кечириши мумкин илло ширкни эмас. Бу гуноҳни кечириши учун ўзига хос тавба бўлиши керак. Аллоҳ каломида: “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтиришни кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хохласа, кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир”, деб марҳамат қилган. (Нисо48)

Ислом миллатидан чиқарадиган катта ширклар бор, унинг соҳиби агар шу ҳолатида вафот этса, дўзахда абадий қолади. Кўпгина мусулмон юртларда тарқаган шундай ширк турларининг кўринишларидан:

     Қабрларга сиғиниш.

  Ўликлардан мадад сўраш

Вафот этиб кетган авлиёлар ҳожатларни ҳал қилади, ғам ташвишларни кетказади деб, улардан ёрдам, мадад ва қўллаб-қувватлашни сўраб эътиқод қилиш. Ваҳоланки Аллоҳ таоло: «Раббингиз сизни фақат унинг ўзигагина ибодат қилишингизга амр қилди», деди.(Исро:23).

  1. Ўликларга дуо қилиш

Шунингдек ўтиб кетган пайғамбарлар, солиҳ кишилар ва бошқалардан шафоат истаб ёки бошига тушган кулфатлардан халос қилишни сўраб дуо қилиш, Аллоҳ таоло:

“Ёки музтар-ночор одам дуо қилганда ижобат этиб, унинг мушкулини осон қилган ҳамда сизни ер юзида халифа қилган зот яхшими?! Аллоҳ билан бирга илоҳ борми? Қанчалик оз эслайсизлар-а?!”, деди. ( Намл 62).

Баъзилар турса ҳам, ўтирса ҳам қоқилса ҳам бирон-бир пир ёки авлиёнинг исмини зикр қилишни ўзига одат ва дин қилиб олади. Оғир аҳволга тушиб қолса ёки мусибат ва ғам-ташвиш етса: баъзилар ё Муҳаммад, баъзилар ё Али, ё Ҳусайн, ё Баҳоуддин ва ё Пирим деб илтижо қилади. Ҳолбуки, Оллоҳ таоло бундай деган:

“Албатта, сиз Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётганлар ўзингизга ўхшаш бандалардир. Агар ростгўй бўлсангиз, уларни чақириб кўринг, бас, сизга жавоб берсинлар-чи!”. (Аъроф 194)

Қабрларни тавоф қилиш, улуғлаш

Баъзи қабрпарастлар, қабрларни тавоф қиладилар, устун ва бурчакларини силаб, юзларини суриб, остонасини ўпадилар. Қабр олдида бўйинларини эгиб, ўзларини хор тутиб, тазарруъ билан ёлвориб талабларини, ҳожатларини сўрайдилар. Беморлар дардларига шифо тилаган, бефарзандлар фарзанд талаб қилган, ҳожатини енгиллашини сўраган ва гоҳо қабрда ётган кишига нола қилиб: «Эй саййидим, ҳузурингизга узоқ шаҳардан келдим, мени ноумид қилманг», дейди. Аллоҳ таоло каломида: «Аллоҳни қўйиб, Қиёмат кунигача ҳам (дуони) ижобат қила олмайдиган олиҳаларга дуо-илтижо қиладиган кимсадан ҳам адашганроқ ким бор?! Ҳолбуки улар (жонсиз олиҳа)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофилдурлар», деди.(Аҳқоф:5).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳадис шарифда: «Ким Аллоҳдан бошқага дуо қилиб вафот этса дўзахга киради», деб хабар берганлар. (Имом Бухорий ривояти).

Ўликларни Аллоҳнинг рубубиятида шерик қилиш

Баъзилар: «Авлиёлар борлиқни бошқара оладилар, улар фойда ва зарар беришга қодирлар», деб эътиқод қиладилар. Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Агар Аллоҳ сени зарар ила тутса, Ундан ўзга ўшанга кушойиш берувчи йўқдир. Агар У сенга яхшиликни ирода қилса, Унинг фазлини рад этувчи ҳам йўқдир. Уни бандаларидан хохлаганига етказади. У мағфират қилувчи ва раҳмли зотдир.». (Юнус: 107).

5. Мақбараларга шам ва чироқлар назр қилиш

Шунингдек, қабр эгаларига шам ва чироқларни назр қиладилар, Аллоҳдан бошқа учун назр қилиш ҳам ширкнинг турларидандир.

Аллоҳдан бошқа учун қурбонлик қилиш

Яна катта ширк турларидан: Аллоҳдан бошқа учун қурбонлик қилиш. Аллоҳ таоло: «Раббингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг», деди. (Кавсар: 2). Яъни Аллоҳ учун ва Аллоҳнинг номи билан сўйинг!

Набий алайҳиссалом: «Аллоҳдан бошқа учун қурбонлик қилган кимсага Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деганлар. (Имом Муслим ривояти).

Жонлиқ сўйиш гоҳида икки ҳаром нарсани ўзида жамлайди: Аллоҳдан бошқа учун сўйиш ва Аллоҳдан бошқанинг номи билан сўйиш.

Бу иккала хил сўйилган жонлиқни истеъмол қилиш ҳаромдир. Бизнинг асримизда тарқалган жоҳилий қурбонликлар жумласидан: «Жинларга атаб сўйиш», бунинг кўриниши, баъзилар ҳовли сотиб олсалар ёки уй қурсалар ва ё қудуқ қазисалар, унинг ёнида ёки остонасида, жинларнинг зарар етказишидан қўрқиб қон чиқарадилар.

7. Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиш ёки Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилиш ёки Аллоҳдан бошқа бирон кимса бу нарсада хақга эга дейиш ёки жоҳилий ҳукм ва қонунларга ихтиёрий ва рози бўлиб ҳукм юритиш ва ўшани ҳалол ва жоиз деб эътиқод қилиш. Аллоҳ таоло бунинг катта куфр эканини зикр қилиб шундай деди: «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ақллиларини ва роҳибларини Робб қилиб олдилар». (Тавба:31).

Адий ибн Хотим Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу оятни эшитганида: «Ахир улар, уларга ибодат қилмас эдилар», деганида. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тўғри, лекин уларга Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол дейишса ҳалол дейишар ва Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром дейишса ҳаром дейишарди. Мана шу уларга бўлган ибодатларидир», деб жавоб бердилар». (Имом Байҳақий ривояти).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ширк келтирувчиларни сифатлаб шундай деди: “Сен: “Аллоҳ сизга нозил қилган ризқдан хабар беринг-чи! Уни ҳаром ва ҳалол қилиб олдингиз!”, деб айт. Сен: “Аллоҳ сизга изн бердими ёки Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқияпсизми?”, деб айт. (Юнус: 59). Уломаларимиз: “Банда гуноҳ ва неъмат оралиғидадир, уни фақат истиғфор ислоҳ қилади”, деганлар.

             Хайруллоҳ Саттаров, ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари

 

 

 

 

 

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment