Тўй — фаровонлик белгиси, исрофгарчилик эмас!

ss

 Тўйдан муддао — яхшилик. Эзгу ният, хайрли мақсад билан икки ёшнинг бошини қовуштирамиз. “Серфарзанд, сердавлат бўлинглар, ўзларингдан кўпайинглар, униб-ўсинглар”, дея кайвониларимиз ёшларни дуо қилишади. Янги оила бунёд этилади. Лекин биз нимагадир ёшларнинг бахт-саодати, келажаги ҳақида эмас, кўпроқ тўй, уни қандай ўтказиш хусусида қайғурамиз. Қулоғимизгача қарзга ботсак-да, обрў учун қозон-қозон гуруч дамлаймиз. Автомашиналардан карвон тузиб, маҳаллада “дув-дув гап” қилгимиз келади. Энг қиммат ресторанда базм уюштириб, танишу нотаниш, маст-аласт оломоннинг хурмача қилиқларини виқор билан томоша қиламиз. Элнинг расм-русумини қиляпмиз деб ҳаддан ошамиз. Хаётда хаммамиз кўп бўлмасаям ҳеч бўлмагандан бир марта шундай ҳолатларга гувоҳ бўлганмиз. Тўйхонага оппоқ либосларда шаҳзодаю малика бўлиб келин билан куёв кириб келишади. Келин салом қилиш мақсадида бир оз эгилар экан, ҳижолатдан катталарнинг нигоҳи ерга қадалади. Атрофдан: “Жуда очиқ кийинибди”, “Этагини узун қилгандан кўра елкасига ташласа бўлар экан”, деган дашномлар қулоққа чалинади. Келин-куёв тўрдаги ўриндиқларга бориб ўтиришади. Куёв креслода ясаниб ўтирар экан, ҳудди “Мана кўриб қўйинглар, менинг маликамни”,  деяётгандек эди. Жўралар, ҳатто тўйга келган аксар эркакларнинг нигоҳи шоҳсупада “малика”лардай ўтирган ҳушсурат келинга қадалган…

Келин юзини очиб, бемалол ўтирди. Лекин ҳарир парда ортидаги чеҳрани, бу нозик вужудни кўз-кўз қилиш асло мумкин эмас. Кетма-кет келган таниқли хонандалар қўшиқларидан давра ёшлар дискотека залига айланди-қолди. Ҳатто келин-куёвни ҳам даврага олиб чиқишди. Ҳинд сериалларида куйланадиган қўшиққа ҳамоҳанг келин-куёв қучоқлашиб вальсга тушишди. Бу манзарани қандай изоҳлаш мумкин?! Ҳамманинг назари икки ёшда. Атрофни ўраб олган йигитларнинг қий-чуви… Сўнг келин отаси билан, кейин қайнотаси билан ҳам рақсга тушди… Қани шарқона одоб-ахлоқ, ибо-ҳаё?! Буни оддий ҳолатдек қабул қилаётганларнинг орияти, ҳамияти қаерда қолди? Оила жамиятнинг бир бўлаги. Оила тўкис бўлса — жамият фаровон. Оила даромади жамият бойлиги билан чамбарчас боғлиқ. “Пул меники, қандай хоҳласам, шундай сарфлайман. Истасам — дабдабали тўй қиламан, истасам — данғиллатиб уй соламан”, деб ҳисоблайдиганлар бор. Улар бойлигимизни ҳавойи орзулар учун совуришимиз охир-оқибат ўзимизга зиён эканини наҳотки билмайдилар?! Аҳли донишлар шуҳратпарастлик, манманлик, такаббурлик деб баҳолайдиган дабдабабозлик билан ном қозониш, мол-дунёсини кўз-кўз қилиш унчалик қийин иш эмасдир, эҳтимол. Аммо ўзини шу заминга дахлдор деб билган туйчи акаларимиз тўй деган томошада сочадиган маблағларининг лоақал ўндан бирини хайрли мақсадларга, дейлик, бева-бечораларга ёрдам бериш, ўзлари яшайдиган маҳалла ва қишлоқларни ободонлаштириш, янги иш жойлари ташкил этиш, ёшларни илмли қилиш, йўллар, кўприклар қуриш сингари эзгу ишларга сарфласалар нафақат эл-юрт олдида обрў-эътиборга, балки катта савобга ҳам дохил бўладилар-ку! Беҳбудий таъбири билан айтганда, тўй ва аза исмидаги бу икки қаттол душман ҳаётимизга эгов, оёғимизга тушов бўлиб келаётгани бор гап. “Эрдан чиқсанг ҳам, элдан чиқма” нақлига амал қилиб, вужудимизни қуртдек кемираётган бу хасталикни бекитишга, ўзимизга ёқмаган пойгада ҳарсиллаб чопишга ҳаракат қиламиз. Маърака-маросимларимиздаги дабдабабозлик, исрофгарчилик ҳақидаги гап-сўзлар, таъна-дашномларга ич-ичимизда қўшилсак-да, сиртимизга сув юқтирмаймиз. Фойдаси йўқ, барибир ҳеч нарса ўзгармайди, бу ҳақда гапириш — осмонга кесак отишдай бир гап, дея қўл силтаб яшайверамиз. Шу ўринда ҳаётимизнинг ажралмас бўлаги бўлган тўй, маърака ва бошқа турли маросимлар ўша омилларнинг салмоқли қисмини ташкил этишини ҳам унутмаслик даркор. Тўй — фаровонлик белгиси. Тўкинлик, файз-барака, осойишталик бор жойда тўйлар бўлади. Бироқ ношукурлигимиз ҳаддан ошиб кетади баъзан. Орзу-истакларимиз чегара билмай қолади. Абдулла Қодирийнинг ўтган асрнинг бошларида, аниқроғи, 1915 йилнинг 20 мартида “Садои Туркистон” газетасида босилган “тўй” ғазали ёдга тушади. Абдулла Қодирий ҳам ўз даврининг улуғ маърифатпарварлари Беҳбудий, Фитрат сингари миллатимиз турмушига, руҳиятига, имон-эътиқодига салбий таъсир кўрсатаётган тўйлардан оғриниб, куюниб ёзган эди. Бундан юз йил нари-берисида битилган “Тўй” ғазалида қаламга олинган муаммолар бугун кўпайса кўпайдики, асло камайгани йўқ:

Қилди бу вақт бизда жавлон тўй,

Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй.

Бир-биридин ошурдилар тўйни,

Топди равнақ, ғайратила боён тўй.

Беш кун ўтмай тўйни сўнгидин

Кетибон мулклар боис фиғон тўй…

Ҳаммамизни тўйларга етказсин. Халқимиз ҳаётини тўйсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Орзу-истакларимиз, жамики саъй-ҳаракатларимиз фарзандларимиз камоли, бахт-саодати билан боғлиқ. Юртимиз тинч, турмушимиз фаровон, ҳаётимиз тўкис. Қанча тўй қилсак, ярашади. Қандай ота-она ўз фарзандини соғлом ва баркамол этиб тарбиялашни, унинг бахту иқболини кўришни истайди. Ана шундай эзгу мақсадда меҳнат қилиб, яхши кунлар учун йиғинамиз, “топган-тутганимизни” тўйларга атаймиз. Бироқ сўнгги пайтларда бундай ҳою-ҳаваслар миллий қадрият ва урф-одатларимиз кўзгуси бўлган тўй-ҳашамларимизнинг дабдабабозлигу ким ўзар пойгага, исрофгарлик томошасига айлантириб қўяётгани кўпчиликни ташвишга солиши табиий. Чунки дабдаба билан ўтказилаётган тўй-ҳашамлар оқибати турли муаммоларга, энг ачинарлиси, ёш оилаларнинг ажралишларига ҳам сабаб бўлмоқда.

Р.Аблақулов,

Пастдарғом туман “Соҳибохун” масжиди имом хатиби

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment