Аллоҳга таваккал қилиш — иймоннинг аломатидир!

ss

Мусулмон кишининг умумий эҳтиёжларида Аллоҳга таваккал қилиши – унинг иймонининг аломатларидандир. Бу борада ризқ ва уни ҳосил қилиш учун Аллоҳга таваккал қилиш ўз исботини топади.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сиз Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилсангиз, тонгда ошқозони бўш, кечқурун қорни тўқ бўлган қушни ризқлантиргани каби сизларни ҳам ризқлантирар эди”, дедилар.

Уломаларимиз таваккал қилиш борасида: «Таваккал қилиш — дунё ва охират ишларида фойдани жалб қилиш ва зарарни даф қилиш учун қалбнинг Аллоҳ таолога сидқидилдан эътиқод қилишидир», дейдилар.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби бўйича, таваккал қилиш қалбга ва касб аъзоларга боғлиқ нарса. Сабаб бўладиган нарсаларни ишга солмагунча, таваккал қилиш ҳосил бўлмайди. Демак, киши таваккал қилишида, у қандай ҳолат бўлишидан қатъий назар доим ҳаракатда бўлиши лозимдир. Яъни, мақсад қилган нарсага етишмоғи учун, унга олиб борадиган йўлни босиб ўтиши лозим.

Ҳадиси шарифда таваккал қилишда “қуш”ни мисол келтирилаётгани, ҳар бир инсон бугунги кун ризқи талабида ҳаракат қилиши, эртанги куннинг ризқини Аллоҳга таваккал қилишидир. Ва шу билан бир қаторда тонгдан то кечгача бўлган давр ичида доимий ҳаракатда бўлаётган қуш мисоли бандалар ҳам нарсага етиши учун мақсад қилиб, сўнгра таваккал қилишлари тўғридир.

Мусулмон киши: “Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг қадарини белгилаб қўйган, касбнинг нима кераги бор”,  дейиши ва ҳеч нарса қилмай ётавериши  дуруст эмас. Киши бирор ишни бажармоқчи бўлса, ўша ишнинг натижасига етиши учун чора-тадбир кўради. Аллоҳ таолога ишониб ва унга суяниб, таваккал қилишлиги мақсадга мувофиқдир. Акс ҳолда иймонга зид иш қилган ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “….Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севади”, деб марҳамат қилган. (Оли Имрон 159). Қатода розияллоҳу анҳу ушбу ояти карима ҳақида шундай дейди:  “Аллоҳ таоло набиййи соллоллоҳу алайҳи васалламни, агар бирор нарсани азму қарор қилса уни тугатмоқликни, Аллоҳнинг амрига тўғриламоқни ва унга таваккал қилишни буюради”. Демак, Аллоҳга таваккал қилинаётган нарса Унинг амрига мувофиқ келиши шарт. Аллоҳ қайтарган бирор ишни амалга оширишда Унга таваккал қилинмайди. Бу иймонга зид иш. Фақат ўзи учун ҳалол нарсаларга қилаётган ҳаракатдагина Аллоҳга таваккал ҳосил бўлади экан.

Ризқ масаласида таваккал қилишлик жуда муҳимдир. Киши тўғри келган нарсани “менинг насибам” деб қабул қилавермайди. У мақсад қилганини излайди, ҳаракат қилади, ўзганикига кўз ташламайди, меҳнат қилади. Зеро, меҳнат қилиб топилган ризқдан-да ширинроқ озиқа йўқ!

Ҳотим ал-Асом деди:

Аллоҳга таваккал қилишда ишимни тўртта хислатга бино қилдим:

  • Ризқимни мендан бошқа ҳеч ким ея олмаслигини билгач, нафсим хотиржам бўлди.
  • Менинг амалимни ўзимдан бошқа ҳеч ким қилмаслигини билдим-у, амалимга машғул бўлдим.
  • Ўлимим тўсатдан келишини билиб, у томон шошилмоқдаман.
  • Қаерда бўлсам ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг назаридан қочиб қутула олмаслигимни билгач, У зотдан ҳаё қилувчиман.

Хайруллоҳ Саттаров. ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари.

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment