“ТАЪВИЛОТУЛ ҚУРЪОН” АСАРИГА ЁЗИЛГАН ШАРҲ

ss

Имом Мотуридийнинг машҳур “Таъвилотул Қуръон” тафсирига Самарқанд заминидан етишиб чиққан яна бир буюк олим Алоуддин Самарқандий шарҳ ёзган. “Шарҳу Таъвилотул Қуръон” деб номланувчи бу асар мотуридийлик таълимотини чуқур англашда жуда муҳим манба ҳисобланади.

Асар муаллифининг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Абу Бакр Алоуддин Самарқандий[1] бўлиб, Алоуддин номи билан танилган. Баъзилар томонидан Абу Бакр Самарқандий ҳам деб айтилади. Манбаларда унинг туғилган йили ҳақида бирор-бир маълумот келтирилмаган. Аллома Самарқандда таваллуд топган, кейинчалик Бухорога кўчиб борган ва ҳаётининг кўп қисми шу жойда ўтган[2]. Унинг вафоти ҳақида ҳам турли саналар кўрсатиб ўтилган.

Хусусан, Имом Самъоний аллома ҳақидаги хотираларида: “У Бухорода яшаган. Фатво, мунозара, усул ва калом илмида беназир имом эди. Менга дарс беришим учун ижоза (ёзма рухсатнома) ёзиб берган. Аллома 539 йилда (милодий 1145 йил) Бухорода вафот этган, Аллоҳ уни раҳматига олган бўлсин”, деб ёзиб қолдирган.[3] Бундан ташқари, Юсуф Саркисий уни 540 йилда (милодий 1146 йил), Ҳожи Халифа 552 ёки 553 йилда (милодий 1157 ёки 1158 йиллар) вафот этганини ёзиб қолдиришган. Бу саналар ичида ҳақиқатга яқини 539 йилдир. Негаки, Самъоний аломанинг вафот этгани ҳақида ёза туриб, ижоза ёзиб берганини айтиши бу уларнинг замондош бўлганини тасдиқлайди. Қолган олимларнинг айтганларида эса Алоуддин Самарқандийнинг бирор бир замондоши ёки унга алоқадор шахсга нисбат берилмаган[4]. Илмий тадқиқотларда бир киши ҳақида унинг замондоши билдирган фикр бошқаларнинг фикрига нисбатан албатта устун туради.

Алоуддин Самарқандий илмни асосан икки машҳур уламо, Содрул Ислом Абулюср Паздавий ва Абулмуъин Макҳул Насафийдан олган. Имом Паздавийнинг устозлари силсиласи Имом Мотуридийга ва у киши орқали Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийга етиб боради. Бошқа бир санад билан эса Имом Абу Юсуфга етади[5].

Абу Муин Насафийнинг илм санади ҳам тўрт ҳалқа билан Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийга етиб борган. Демак, Алоуддин Самарқандий ҳар икки санад билан Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайнинг шогирди ҳамда дўсти Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадга бориб тақалади.

Алломанинг фиқҳ, тафсир, ҳадис, усул, ақоид, калом илмларига оид кўплаб асарлари мавжуд. Улардан ислом оламида энг машҳури“Туҳфату-л-фуқаҳо” (“Фақиҳлар туҳфаси”) асари ҳисобланди. Китоб ҳанафий фиқҳи бўйича катта эътиборга эга бўлиб, унга кўплаб шарҳлар ёзилган[6]. Ушбу асар туфайли аллома барча замонларда буюк фақиҳ сифатида эътироф этиб келинади.

У фиқҳ илмидан ташқари калом илми бўйича ҳам ҳанафий мазҳабининг йирик вакилларидан бири сифатида Имом Абу Мансур Мотуридийнинг издоши ва таълимотининг тарқатувчиси бўлган. Аллома Мотуридийнинг “Таъвилоту-л-Қуръон” китобини шарҳлаб, уни“Шарҳу-т-таъвийлот” (“Таъвилот шарҳи”) номи билан саккиз жилдда жамлаган[7].

Аллома асар муқаддимасида шундай ёзади: “(Имом Мотуридий) бу китобни бошқа асарларидан фарқли ўлароқ ўз қўли билан ёзмаган. Балки, шогирдлари унинг оғзидан ёзиб олган. Шунинг учун бошқа китобларига нисбатан тушуниш осон. Лекин, шу билан бирга айрим мураккабликлардан ҳам холи эмас. Мен бу китобни Шайх Абу Муин раҳматуллоҳи алайҳ қўлида ўқиётганимда, устозим ундаги тушуниш қийин, изоҳлаш шарт бўлган жойларини шарҳлашга киришди. Мен эса бу манфаатли иш шундайгина ўтиб кетишини хоҳламадим.”

Муқаддимадан маълум бўлмоқдаки, Алоуддин Самарқандий “Таъвилотул Қуръон” тафсирини устози Абу Муиннинг қўлида ўқиган ва устози томонидан шарҳланган ибораларни жамлаб борган. Натижада “Шарҳут таъвилот” асари дунёга келган.

Ҳозирда юртимиз ва хориждаги кутубхоналарда мазкур шарҳнинг ўнга яқин қўлёзма нусхалари сақланмоқда.

Ўзбекистондаги мавжуд нусхалар ЎзР ФА ШИда № 3249- ва 3155- рақамлар остида сақланади. Бу икки нусха Ш.Ю.Зиёдов ва А.К.Мўминовлар томонидан тавсиф этилиб, биринчи бор илмий муомалага киритилган[8].

Қўлёзма нусхаларининг аксарияти Туркия кутубхоналирда сақланади. Жумладан,

Сулаймония кутубхонасида:

  • Ҳамидия нусхаси. № 176- рақам билан сақланаётган нусха тўлиқ ҳолда сақланган. У насх ёзув турида кўчирилган бўлиб, “Таъвилоту-л-Қуръон” тафсирининг аввали: “Тафсир ва таъвил орасидаги фарқ” мавзусидан бошланади ва “Нас” сурасига бориб тугайди. Унинг аввалги варағида қўлёзма Султон Абдулҳамид I ибн Султон Аҳмад томонидан вақф қилингани қайд этилган. Нусха 1180 ҳижрий санада Ҳожи Аҳмад номли нусханавис томонидан кўчирилган.

Бу нусханинг электрон шакли Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази электрон кутубхона фондида ҳам мавжуд.

  • Асъад афанди нусхаси. № 48-рақам остида;
  • Шаҳид Али Пошшо нусхаси № 283-рақам остида;
  • Жоруллоҳ нусхаси № 230-рақам остида сақланади.

Тўпқопи саройи кутубхонасида:

Мадина нусхаси № 179-рақам билан сақланади. Бу ҳам тўлиқ нусха.

Боязид кутубхонасида:

Ушбу кутубхонада сақланаётган нусха аслида беш жилддан иборат бўлган. Тўртинчи жилди топилмаган. Мавжуд нусхалар № 423-, 424-, 425-, 426- рақамлар билан сақланади.

Биринчи жилд “Таъвилотул Қуръон” тафсирининг сўз боши “тафсир ва таъвил орасидаги фарқ” мавзусидан бошланиб “Оли Имрон” сураси охирида тугайди. Иккинчи жилд “Нисо” сурасидан бошланиб, “Аъроф” сурасида тугайди. Учинчи жилд “Анфол” сурасидан бошланиб, “Мўминун” сурасида тугайди.

Манбада келтирилишича йўқолган тўртинчи жилдида “Нур” сурасидан бошлаб, “Сабаъ” сурасигача шарҳ қилинган бўлиши мумкин.

Бешинчи жилд “Фотир” сурасидан бошланиб, “Нас” сурасида тугайди.

Бундан ташқари Макка шаҳридаги “Ҳарами шариф” кутубхонасида икки жилдли нусха № 529-, 530-рақамлар билан сақланади.

Шунингдек, Ҳиндистоннинг Банкипура шаҳри кутубхонасида ҳам № 294- рақам билан сақланаётган нусха мавжуд[9].

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу дурдона асар ҳанузгача қўлёзма ҳолатидагина сақланиб келмоқда. Унинг замонавий нашри чоп этилмаган. Шунинг учун Алоуддин Самарқандийнинг ушбу асари билан барча бирдек яқиндан танишиш имкониятига эга эмас. Бу эса юртимиздаги тадқиқотчилар, илм аҳлларининг зиммасига ушбу асарни ўрганиш, тадқиқ этиш ва таржима қилиш масъулиятини юклайди.

Асарни ўрганишнинг долзарблиги шундаки, у мотуридийлик таълимотини асословчи “Таъвилотул Қуръон” асаридаги мураккаб ўринларни тушунишга кўмаклашади. Ислом динининг инсонпарварлик тамойилларини бутун дунёга янада кенг тарғиб этишда, унинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Усмонхон МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
катта илмий ходими
[1] Алоуддин Самарқандий. Мийзону-л-усул. Д-р. Муҳаммад Закий Абдулбар таҳқиқи. – Байрут: Дорул-кутубил илмийя, 1984. 20-б.
[2] Ш.Зиёдов, Қ.Маҳмудов. Самарқандлик алломалар. – Т.: Ғофур Ғулом, 2019. 112-б.
[3] Алоуддин Самарқандий. Мийзону-л-усул. Д-р. Муҳаммад Закий Абдулбар таҳқиқи. – Байрут: Дорул-кутубил илмийя, 1984. 21-б.
[4] Ўша манба. 24-б
[5] Ўша манба. 25-б
[6] Ш.Зиёдов, Қ.Маҳмудов. Самарқандлик алломалар. – Т.: Ғофур Ғулом, 2019. 114-б.
[7] Ўша манба. 115-б.
[8] Ш.Зиёдов. Абу Мансур ал-Мотуридий ва унинг «Китоб ат-таъвилот” асари. –Т.: “Фан” нашриёти, 2009. 57-бет.
[9] Имом Мотуридий. Таъвилот-у-л Қуръон./Аҳмад Вонли Ўғли, Доктор Бакир Тўпол ўғли таҳқиқи остида/ –Ж.1 –Истанбул: Мизон, 2005. 56-б.
ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment