Улуғ таъриф соҳибалари

ss

Бахту-саодатли она, аёл, опа-сингиллар. Аллоҳ ўзининг неъматлари билан сизларнинг кўзларингизни доим қувонтирсин. Сиз – гўзаллик, садоқат ва меҳр-муҳаббат рамзисиз. Сиз – меҳрибон она, садоқатли умр йўлдош, оқибатли опа-сингил, шу билан бир қаторда оила зийнатисиз. Сизларсиз оилалар зулматдир. Сизнинг исмингиз зикр қилинмасада, сизлар ила насл-насаб бардавомдир. Нақадар ҳоки-сор, эрнинг олдида ўзингизни “заифа” санайсиз. Аслида сизнинг “заифа”лигингиз эркакларнинг зиммасида жуда кўп ҳақларингиз бор эканлигидир. Ўз ҳузурларингизни йўқотиб оилам, фарзандларим деб ёниб куясиз. Зиммангиздаги оғир, машаққатли вазифани бекаму-кўст адо қилишга ҳаракат қиласиз, гарчи эрингиз қилаётган ишингизни “енгилгина” санасалар ҳам. Сизларга қанчалик таъриф берилса, шунчалик оз. Сизларга энг улуғ таърифни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам берганлар. Яъни, “Жаннат оналар оёғи остидадир”. Сиз эрингизга итоатли бўлиш ила жаннатга кирасиз, сиз сабабли эса бир-неча фарзандлар жаннатий бўлишади. Сизнинг ҳусни хулқингиз, одобингиз келажакда фарзандларни чиройли тарбия топишига, туғилиб ўсган ватанига муҳаббатли, садоқатли бўлиши учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Сиз – миллат тарбиячиси. Миллатнинг келажак тараққиётини ҳал қиладиган ёшларни вояга етказасиз ва уларнинг ҳалол луқмасига шубҳа аралашмаслигига жон кўйдирасиз. Чунки юрт келажаги ҳалол инсонлар билан равнақ топади. Сиз буни тарихимиздан яхши ўзлаштириб олгансиз. Буюк аждодларимиз, алломаларимиз маърифатли, ўқимишли, оқила ва покиза оналарнинг фарзандлари, уларнинг тарбиясини олган миллат пешқадамлари эканини биласиз.

Имом ал-Бухорийнинг онаси тақводор, диёнатли ва ҳар хил кароматлар соҳибаси, оқила аёл бўлган. Замаҳшарийнинг онаси ҳам ғоятда тақводор ва диндор аёллардан бўлган, Ибн Синонинг онаси Ситорабону, Баҳоуддин Нақшбанд волидаси Биби Орифа, Муҳаммад Аминхўжа Муқимий онаси Ойшабиби, Мунавварқори Абдурашидхонов онаси  Хосиятхон отин, Абдурауф Фитрат онаси Бибижон бутун борлиғини фидо қилиб фарзандларини тарбиялаган  аёллар эканини яхши биласиз. Сароймулкхониму Гавҳаршодбегимлар, Нодирабегиму Увайсийлар каби волидаи муҳтарамалар миллатнинг келажагини тарбия қилганлар.

Аммо, кейинги пайтларда аёл гўзаллиги ва унинг зийнати ҳисобланган иффату-ибо, шарм-ҳаёдек Аллоҳ инъом этган бебаҳо неъматни арзимаган дунё матоҳига алмаштирилаётгани кўнгилни ранжитади. Ахир ўзбек момоларимиз иффату-ибо, шарм-ҳаёси билан дунёни илму-маърифатга тўлдирган сиймоларни дунёга келтирганлар-ку! Яна шуни қўшиб қўйишимиз керак-ки аёлнинг зийнати-эрнинг ғуруридир. Демак бу масалага аввало эркаклар масъул эканлар. Аёлида иффату-ибо, шарм-ҳаё бўлган эр киши кўчада бошини баланд кўтариб юра олади. Ана шу ғурур дейилади. Бунинг акси-чи?… Минг афсуслар бўлсинки эркакнинг қиммат нарсаси ҳисобланган ғурури бугунги кунда тупроққа қоришиб кетмоқда. Бунга сабаб эр зиммасида вожиб саналган оила нафақасини таъминлай олмаётгани эмас-ми?  Ҳа, ҳар бир оила раҳбари ҳисобланган эркак киши оила эҳтиёжига зарур бўлган нарсаларни муҳайё қилишлиги муаммонинг тугунини ечишга ёрдам беради.

Шу ўринда аёлнинг эрни олдидаги вазифаларини алоҳида зикр қилиниши зарур.

Имом Тобароний Абдуллоҳ ибн Саломдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлларнинг энг яхшиси – назар солганингда сени хурсанд қиладиган, буюрганингда сенга итоат қиладиган ва сен йўғингда ўз нафсини ва сенинг молингни муҳофаза қиладиган аёлдир», деганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда аёлдаги учта гўзал  хислат зикр қилинмоқда. Бу хислатлар аёлнинг оиласи олдидаги ҳаққи ҳамдир. Ва аёлларни гўзал ҳаётга тарғибдир. Оиласини, фарзандларини шаъни бошқа дунё ҳою-ҳавасларидан устун эканлигига далолатдир.

Эътибор берайлик, бу уч хислат мужассам бўлсагина аёл-аёлларнинг янг яхшиси ҳисобланади. Бу хислатларнинг охиргиси ва тўлдирувчиси “эр ғоиб бўлганда ўз нафсини ва эрнинг молини муҳофаза қиладиган аёл” дир. Демак, аёлларнинг янг яхшиси иффатли, шарм-ҳаёлиси экан. Иффат ва шарм-ҳаё аёлнинг энг қиммат нарсаси, зийнатидир. Шу билан аёл гўзал ва чиройлидир.

 Хайруллоҳ Саттаров

 ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари

 

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment