Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу

ss

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Тўлиқ исми: Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ибн Абдулузза ибн Каъб ибн Нуай ибн Фиҳр бўлиб, тўртинчи бобоси Каъб ибн Луайда Набийнинг (алайҳиссалом) насаблари билан туташади. Умар Қурайш қабиласининг Бану Адий уруғидан.

Жоҳилиятда қабиланинг элчиликка масъул киши бўлган. Лекин мансабига қарамасдан, у кўп ҳам элчилик қилмаган. Ваҳоланки, қурайш ўша вақтда арабларнинг энг обрўли қабиласи бўлиб, ҳеч бир қабила уларга қарши чиқолмасди. Умар ўзининг насаби ҳамда обрў-эътиборига қарамасдан, бошқа қурайшликлар каби санамларга сиғинар, кўп шароб ичар ҳамда қизларни тириклайин кўмар эди.

Кечаларнинг бирида у ибодат қилишни истаб хурмодан санам ясайди ва унга ибодат қилади. Озгина вақт ўтгач, оч қолиб “илоҳ”ини еб қўяди. Кейин бу ишидан афсусланиб, бошқасини ясар, кейин уни ҳам еб қўярди. Кўп йиллардан сўнг Исломни қабул қилач, мўминларнинг амирига айланади. Ўшанда унинг ҳузурига бир йигит келиб: “Эй мўминларнинг амири, сиз ҳам санамларга ибодат қилинган кишилардан бўлганмисиз? Ўша вақтда ақлингиз бўлмаганми?” деб сўрайди.

Шунда Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу): “Эй болам, бизларда ақл бўлган, лекин ҳидоят бўлмаган”, деб жавоб берган. Фил йилидан ўн уч йил ўтиб туғилади. Набийга (алайҳиссалом) нубувват келганда йигирма етти ёшда бўлган ва нубувватнинг олтинчи йили Исломни қабул қилади. Мусулмонлар халифаси бўлганида ёши эллик иккида эди. Унинг амирлик даври ўн йил, олти ою тўрт кун давом этган.

Набийнинг (алайҳиссалом) вафот этган ёшларига яқин, олтмиш икки ёшида вафот этади. Исломни қабул қилганида ёши ўттиз иккида бўлган. Яъни, Исломда яшаган умри ўттиз йилга тенг бўлган. Отаси Хаттоб Қурайшнинг бошлиқларидан ва сиёсий кишиларидан бўлмаган. Балки, қўпол одам бўлган. Онаси Ҳамна бинти Хошим. Аммасининг ўғли Валид ибн Муғира Холид ибн Валиднинг отаси бўлган. Болалари: Абдуллоҳ ибн Умар. Набийнинг (алайҳиссалом) феълларига энг кўп эргашган саҳобалардан. Кейин қизи Хафса. Набийнинг (алайҳиссалом) завжаларидир. Фотима ва Осим исмли фарзандлари ҳам бўлган. Шунингдек, унинг яна уч фарзанди ҳам бўлиб, Набийнинг (алайҳиссалом):

Аллоҳга исмларнинг энг ёқимлиси Абдуллоҳ ва Абдураҳмондир”, деган ҳадисларини эшитгач, уларни битта ном билан атаган: “Катта Абдураҳмон”, “Ўртанча Абдураҳмон” ҳамда “Кичик Абдураҳмон”. Жоҳилият замонида унинг учта хотини бўлган. Аллоҳ азза ва жалланинг: “(Шунингдек) сизлар ҳам кофираларнинг қўлларини тутмангиз!” (Мумтаҳана, 10) ояти нозил бўлгандан сўнг хотинларига Исломни таклиф қилади. Бош тортганларидан сўнг, ўша заҳоти учаласини талоқ қилган. Бу унинг Аллоҳ таоло буйруқларини бажаришга рағбатининг кучлилигидан эди. Исломни қабул қилгач, бир неча аёлга уйланган. Мўминларнинг амири бўлган вақтида аёлларидан энг машҳури Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) набиралари Умму Кулсум бинти Али ибн Абу Толиб, Ҳасан ва Ҳусайннинг синглиси, Фотиманинг қизи бўлган.

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment