УМРНИНГ ҚАДРИГА ЕТАЙЛИК

ss

Меҳрибон Парвардигор инсон зотига умр неъматини ато этган. Бир ўйлаб кўрайлик, инсон яшашдан, яъни умргузаронлик қилишдан мақсади нима, тирикликнинг моҳияти нима? Инсон бу фоний дунёга нега келади-ю нега кетади?, деган савол хаёлига келмаган одам кам топилса керак. Чиндан ҳам ҳаёт, умр мазмуни нимадан иборат? Аллоҳ таоло Қуръони Каримда (Зориёт сураси 56- оятида) шундай деган «Мен чин инсонларни ўзимга ибодат қилишлари учун яратдим”.
Бундан чиқди, Парвардигоримиз бизни ибодат қилиш учун яратган. Бу ёруғ оламга келишимиздан мақсад ҳам шу. Агар биз ҳалол-покиза яшасак, чин инсонларга хос ҳаёт кечирган, зиммамиздаги вазифани адо этган бўламиз.
Ибодат, деганда фақат намоз, рўза ёки ҳаж тушунилмайди. Ибодат сўзи “бўйсиниш”, “итоат этиш” мазмунига эга, Аллоҳга итоат этиш у зотга ибодат қилишдир. “Аллоҳ менга ҳалол касб-кор қилишни буюрган”, деб пешона тери билан тирикчилик қилган одам ҳам худди намоз ўқиган, рўза тутган каби ибодат қилган бўлади. Ўаётга нега келдим? Яшашдан мақсадим нима? Ўзига савол бера-диган мулоҳазали инсон мана шу оятдан батафсил ўзига жавоб топади. Зеро, ҳаёт фақат еб-ичиш, маишат қилиш, ўйин-кулги-ю, ётиб туришдан иборат эмас. Моддиятга ёпишиб олиб асосий мақсадни унутиб қўйган одам охиратда надоматга қолади. Доно халқимизда “Сўнгги пушаймон — ўзингга душман”, деган нақл бор. Охиратда афсус қилишдан ёмони йўқ. Ақлли одам имкон борида, нафас кириб-чиқиб турганида умр мазмунини идрок этиб, икки дунё учун керакли ишларни қилади. Эътибор берсак, ҳаёт сон-саноқсиз ташвишлардан иборат, турфа воқеалар гирдобида кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Ўтган умримизга назар ташласак, ундан қандайдир узуқ-юлуқ хотиралар қолганини эслаймиз. Бироқ, одамлар нима учундир ана шу ҳақиқатни, ўлимнинг муқаррарлигини эсламасликка уринадилар.
Шундай одамлар бор: “Еб-ичганинг, маишат қилганинг қолади”, деб кўнгли тусаган ишларни қилади, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормайди. Бахтни фақат тўкин-сочин ҳаётдан иборат деб билади. Наҳотки одам дунёга фақат еб-ичиш, ўйин-кулги, кайф-сафо қилиш учунгина келган бўлса? Наҳотки Ҳазрати инсондек мукаммал ҳилқат мана шундай арзимас нарсалар учун яратилган бўлса? Умр моҳиятини англаш қалбни поклашда, ҳақиқий бахт-саодатга эришишда муҳим ўрин тутади. Инсон ёруғ оламга нега келганини билса, қалби тоза, кўнгли пок, йўли равон, толеи баланд бўлади.
Н.ИСЛОМОВ,
Маҳдуми Аъзам масжиди имоми.

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment