Ватан ҳимоясига барчамиз масъул!

ss

оккуш“Икки кўз борки уларга дўзоҳ ўти тегмайди. Бири Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиб тонг оттирган”, Термизий ривoяти. Агар кўз қотиб қолса, яъни ёш оқмаса, билинки бу қалбнинг қотишидир! Қалбнинг қотиши гуноҳнинг кўплигидандир, гуноҳнинг кўплиги ўлимни унитишдан, ўлимни унитиш эса, узундан –узун орзу қилишдандир, орзуларнинг узун бўлиши, ўта очкўз бўлишдан, очкўз бўлиш эса, дунёни яхши кўришдандир, дунёни яхши кўриш барча хатоларнинг бошидир!

Ҳар-бир мўмин-мусулмон дунёни эмас, ватанни яхши кўришлиги вожибдир. Чунки ватан инсон учун муқаддасдир, уни ҳеч нарсага алмаштириб, уни сотиб ёки сотиб олиб бўлмайди. Уни севишлик Аллоҳ таоло томонидан инсон қалбига жойлаштирилган нозик бир туйғудир. Шунинг учун ватанни севиш ва уни ғанимлардан ҳимоя қилиш ватаннинг содиқ фарзандларининг олдидаги бурчи ва вазифасидир! Ватанни содиқ фарзанди ким эканлигини  Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу муборак ҳадисларидан билиб олишимиз мумкин: “Аллоҳга одамларнинг маҳбуброғи, уларнинг бошқаларга манфаатлироқларидир. Амалларнинг маҳбуброғи мусулмонларнинг қалбига киритилган хурсандчилик ва уларнинг ғам-ташвишларини кетказиш, қарздор бўлса қарзини адо қилиш, оч бўлса таом бериш…”. Имом Тобароний ривоят қилган.  Ижтимоий ҳаётда кишиларга фойдаси тегиш учун доим ҳаракатда бўлган, шахсий ҳаётини ижтимоий ҳаётдан кейинги ўринга қўйган, миллатнинг ғами-ташвиши унинг ғами-ташвиши бўлган, хар-бир нарсага адолат кўзи билан қараган киши ватаннинг содиқ фарзанди ҳисобланади экан. Ана ўшалар Ватанни ҳар қандай ғанимдан ҳимоя қила оладилар. Ватан ҳимояси чиройли битиклар, ёзувлар ёки тилларда қолиб кетмасин. Уни амалда исботлаш керак бўлади. Буни ўсиб келаётган ёш авлоднинг тарбиясидан бошламоғимиз лозимдир. Уларни иймон-эътиқодли қилиб тарбиялаш, ватанни севиш ва уни муқаддас эканлигини онгу-шуурига сингдириб боришимиз билан Ватанни ҳимоя қилишда биринчи қадамни ташлаган бўламиз. Ҳар бир шахснинг ўз олдидаги вазифасини омонотдорлик билан адо этиши ватанга хизмат ва уни ҳимоя қилишга ҳисса қўшишидир. Демак, ота фарзандларига тарбия бериши ҳам ватанни ҳимоя қилиш, ўқитувчи ёшларга сидқидил ила таълим бериши ҳам ватанни ҳимоя қилиш, мансабдор шахс мансабини сувистеъмол қилмаслиги ватанни ҳимоя қилиш ва ҳоказо… буларнинг акси эса ватанга нисбатан бевафолик ва хиёнатдир!

Атрофга назар солсангиз кимдир бузуқ оқимлар таъсирига тушиб қолган, яна кимдир миссионерларнинг тузоғига илинган, ёшларимизнинг аксар қисми “Оммавий маданият” найрангига алданган, аёл-қизларимиз эса уларда Нодирабегим, Увайсий, Зулфияхоним каби ўзбек момоларидаги бўлган ҳаё-иффат йўқолиб, миллатнинг шаънига доғ туширган, эрларда ғуюр-рашқ йўқолган… бу каби иллатлар миллатни, юртни тубанликка етаклаб, ватан учун жонини, молини фидо қиладиган, уни севадиган кишиларни камайиб боришига сабаб бўлади. Зеро, Умар розияллоҳу анҳу айтганларидек: “Агар юрт муҳаббати бўлмаса, шаҳарлар вайрон бўларди”. Ватанимизнинг юксак чўққиларга, ривожланган мамлакатлар қаторидан жой олишига фақат ва фақат юртнинг муҳаббати бирламчидир.

 

Хайруллоҳ Саттаров,

Жомбой тумани бош имом хатиби

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment