ВАТАНПАРВАРЛИК НИМА?

ss

Албатта ватанпарварликни хурматли зиёлийларимиз ёки Ватандан узоқда юриб уни соғинганлар яхши ҳис қилишади ва имкониятларидан келиб чиқиб унинг тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшишади. Лекин, биз оддий фуқоролар, хусусан ўсиб келаётган ёш авлод ватанпарварликни қандай тушунмоғимиз керак? Буни тушуниш учун одамда кўп билим бўлиши шарт эмас аслида. Аввало “ватанпарвар” сўзини англасак, Ватанни парвариш қилувчи демакдир. Худди ниҳолни парвариш қилган каби Ватанга ҳам меҳр билан эътибор қаратишимиз лозим. Масалан, унинг тузи ва сувига туфламаслик, унинг чиройини бузиб турган ҳолатларни бартараф этиш. Сув, электр энергияси, газ ва бошқа бойликларимизни эҳтиёжимизга яраша ишлатиш, исроф қилмаслик…Шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кийим-кечакмиди, автомобилми, мебелми, ёки озиқ-овқатми фақат ўшаларни харид қилиш ватанпарварликнинг энг асосий белгиларидандир. Шунда маблағимиз четга чиқиб кетмасдан ўзимизда айланади. Пенсиялар, ойлик маошлар ошади, арзончилик бўлади вахоказо.Ривожланган мамлакатларда ватанпарварлик тушунчасига аввалдан катта эътибор қаратилган.Натижада бугун улар ривожланган, ҳамма ҳавас қиладиган бой ва обод юртларга айланди.

Афсуслар бўлсинки, сир эмас бизда ҳали ҳам “Хўрозқанд чет элники деса, ётиб олиб ялайди”ганларжуда кўплаб топилади.Бундай одамларга ҳавас қилиш яхши эмас. Элимиз танийдиган бир ҳамюртимиз чиқиб, барчамизга ибрат бўлсин учун “Машинам ҳам, уй жиҳозларим ҳам, кийимларим ҳам ҳаммаси ўзимни Ўзбекистонимда ишлаб чиқарилган” —  деб фахланиб ва мақтаниб айтса, ўша одамни ҳақиқий ватанпарвар  ва маънавиятли инсон экан, деган бўлар эдик…

Ёки, порахўрликка қарши қаттиқ кураш олиб борилаётган бир даврда, яширин ҳолатда ишларини “битираётган” икки кишини қандай қилиб ватанпарвар дейиш мумкин? Буни ҳеч ким билмаса ҳам, энг асосий жазоловчи Оллоҳ таолокўриб турибди-ку. Масалан, “амаллаб” диплом олган кадр соҳасида ишлаётганда Оллоҳ таоло албатта унга кўрсатади, ҳаётда бу одам қаттиқ қоқилади, жамиятга ҳам зарар  етказади ва охиратда ҳам жазосиз қолмайди.Муқаддас динимиз таълимотларида пора берган ҳам, уни олган ҳам баробар жазоланишини таъкидланган.

Хулосамиз шуки, ватанпарварликдек улуғ ҳисни баландпарвоз шиорга эмас, ўзимизнинг кундалик одатимизга айлантирсакгина бугунги кунимиз ҳам, келажагимиз ҳам иншо Оллоҳ обод ва фаровон бўлиб бораверади. Чунки, бунинг учун Оллоҳнинг назари тушган бизнинг севимли Ўзбекистонимизда ҳамма имкониятлар бор.

ХОЛМУҲАММАД Салимов. Ургут тумани Манғитобод жомий масжиди имом хатиби. /20.01.2019й/

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment