Яхшиликнинг мукофоти фақатгина яхшиликдир

ss

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эҳсоннинг мукофоти фақатгина эҳсондир” (Ар-Роҳман сураси, 60-оят). Яъни, яхшиликнинг мукофоти фақатгина яхшиликдир. Ушбу ояти каримадаги биринчи яхшилик бандалар томонидан амалга оширилади. Ушбу яхшиликнинг ичига барча эзгу ишлар кириб кетади. Иккинчи яхшилик эса Аллоҳ таоло томонидан яхшилик қилувчиларга бериладиган Жаннатдир.

Жаброил алайҳиссалом келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Яхшилик ҳақида хабар беринг” деганларида у зот: “Яхшилик бу — Аллоҳ таолога кўриб тургандек ибодат қилишлигингиздир. Гарчи сиз Уни кўриб турмаган бўлсангиз ҳам У Зот сизни кўриб турибди” деб жавоб берганлар.

Барчамиз ҳар доим қўлдан келгунича яхшилик қилмоқлигимиз лозим. Аллоҳ таоло яхшилик қилгувчиларни суяди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Ўз суйган бандасини ҳеч қачон хор қилиб қўймайди.

Сизларга иккита ажойиб воқеани келтирсам. Олимлардан бири ўзи камбағал бўлишига қарамасдан одамларга яхшилик қилишга ҳарис эди. Кўпинча битта кийимда юрар эди. Агар кийимлари иккита бўлиб қолса, олдидан бирор мискин чиқиб қоладиган бўлса, биттасини ечиб берарди. Уйларига эса битта кийимда қайтиб кетар эдилар. Рамазон ойи кунларининг бирида уйларида аёллари дастурхон ёзиб ифторликка тайёргарлик кўраётган эди. Бир вақт эшик тақиллаб қолди. Шайх чиқиб қараса бир мискин (бечора) экан. У ўзи ва уйдагиларини бирор овқат ейишга имконияти йўқлигини айтди. Шунда Шайх хотини ичкарида эканлигидан фойдаланиб, барча овқатни ўша мискинга бериб юборди. Хотини бундан хабар топгач маломат қилиб, бақир-чақир қилди. Шайх бунгa эътибор бермай жим туриб ниманидир кутар эди. Бирданига эшик тақиллаб қолди. Очсалар бир киши турли ноз-неъматлар билан турибди. Бу нима сабабдан эканлигини сўрадилар. У киши “Саид Боша олимларни чақириб зиёфат берган эдилар. Барча олимлар узр айтиб, кела олмасликларини айтдилар. Шунгa у киши бу таомларни сизга етказишимни таъкидладилар” деди. Шайх аёлига қараб “Кўрдингми, бу яхшиликни мукофоти” деди.

Бир аёл кишининг ўғли сафарда бўлиб, анчадан бери келмаган эди. Бир куни аёл бир бурда нонни сарёғга ботириб энди емоқчи бўлганида бирдан эшик тақиллаб бир мискин келиб қолди. Аёл қўлидаги луқмани ўша мискинга бериб юбориб, ўзи оч ҳолатида ўтираверди. Бир неча кун ўтиб ўғли қайтиб келди. У йўлда ажойиб бир ҳодиса гувоҳи бўлаганлигини онасига ҳаёжанланган ҳолда шундай деди: “Онажон! Йўлда бир ўзим кетаётган эдим. Ортимга ўгирилиб қарасам бир шер изма-из эргашиб келяпти. Қўрққанимдан ундан қоча бошладим. У эса ортимдан қувиб менга етиб олди ва устимга сакради. Энди ўзимни унинг оғзида эканлигимни ҳис қилганимда бир оқ кийимли киши келиб мени ундан халос этди. У киши кетаётиб менга “Луқма эвазига луқма” деб айтди. Мен бундан жуда ажабланиб, бу гапни охирига ета олмаяпман”. Шунда она ўғлидан бу ҳодиса қачон бўлгани ҳақида сўради. Ўғли унга бу воқеа худди она мискинга луқма берган вақтда рўй берганини айтди. Шунда она Аллоҳга ҳамд айтиб, ўғлига бўлган воқеани айтиб берди.

Ҳа азизлар, яхшилик сабабидан Аллоҳ таоло касалликларни аритади, хато-камчиликларни авф этади. Қўлимиздан келгунича яхшилик қилайлик. Имкониятимиз йўқ бўлса, ҳеч  бўлмаса яқинларимизга табассум қилиб қарайлик, бу ҳам яхшиликдандир.

 

Х.Саттаров, ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment