ЁЛҒОНЧИЛИК ОҒИР ГУНОҲ

ss

Бугунги кунда жамиятимизда кенг тарқалган иллатлардан бири ёлғончиликдир. Минг афсуслар бўлсинки, бу иллат одамлар орасида жуда ҳам авж олмоқда. Айниқса уяли алоқа воситаларидан фойдаланишда ёлғон гапиришлик кўпайиб бормоқда. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло бандаларини ёлғон гапиришдан қайтарган. Ёлғон гапириш энг оғир гуноҳлардан саналади. Шунинг учун ҳам Қуръони Каримда ёлғон ҳақида 167 та оят нозил бўлган.

Аллоҳ таоло Ғофир сурасининг 28-оятида “Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошган, каззоб шахсни ҳидоят қилмас” – дейди. Бу ояти каримада ёлғончи шахс ҳаддидан ошган киши эканлиги таъкидланмоқда. Бундан ёлғончи шахс гап-сўзида ҳаддидан ошиши келиб чиқади. Энг ёмон томони эса, ёлғончини Аллоҳ таоло ҳидоят қилмас экан. Демак Аллоҳ таоло Ўзининг китобида ёлғон гапиришни қаттиқ қоралаган.

Шунингдек Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларининг хадиси шарифларида ёлғончиликни қаттиқ қоралаганлар. Ёлғончилик қанчалик ёмон иллат эканлигини қуйидаги хадислардан билиб олишимиз мумкин.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар банда ёлғон гапирса, у қилган нарсанинг сассиғидан фаришта ундан бир мил нарига узоқлашади”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиснинг маъноси шундан иборатки, бу дунёда бандани қўриқлаб туриш учун бириктирилган фаришта хам унинг ёлғонини сассиғидан ҳазар қилиб, ундан қочар экан. Фариштаси қочган одам ким деган одам бўлади? Халқимиз ичидаги “Фалончининг фариштаси йўқ” деган гаплар бежиз эмас экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқнинг белгиси учта: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса бажармайди, омонат топширилса, хиёнат қилади”, дедилар. Имом Бухорий ривояти.

Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Омирдан ривоят қилган ҳадисда Ибн Омир бундай дейди: “Ёшлигимда, яъни болалигимда бизникига Пайғамбар алайҳисалом келдилар. Ўйнагани чиқиб кетаётган эдим, онам, эй Абдуллоҳ, бу ёққа кел, бир нарса бераман деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унга нимани бермоқчи эдинг?” – деб сўрадилар.

“Онам: “Хурмо” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар айтганингни қилмасанг сенга ёлғончилик бўлиб ёзилиб қолади” дедилар”.

Мана бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто ёш болаларни ҳам алдаб бўлмасликни айтмоқдалар.

Бас шундай экан, юқоридаги оят ва ҳадисларга амал қилган ҳолда зинҳор ва зинҳор ёлғон гапирмаслигимиз лозим бўлади. Биз мўмин-мусулмонлар одамларга ҳам, телефонда гаплашаётган кишига ҳам, ҳатто фарзандларимизга ҳам ёлғон гапиришликдан Аллоҳдан қўрқайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни ёлғончилик иллатидан Ўзи асрасин!

А.Ахмедов — Жомбой туман бош имом хатиби

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment