Жума кунининг фазилатлари

ss

Жума кунининг ҳар бир дақиқасида мўмин-мусулмонлар учун кўпдан кўп ажр-савоблар ва Аллоҳнинг марҳамати ёғилиб туради. Аммо, баъзида кўпчилик кишилар ушбу кунни бошқа кунлар қатори оддий бир кун деб биладилар. Келинг бу борада Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур кун тўғрисида айтган ҳадисларига тўхталсак, жума кунининг фазилати тўғрисида янада билимга эга бўламиз. Улар қуйидагилар:

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жума куни дуоларнинг ижобат бўлиши ҳақида: “Бу кунда шундай фурсат борки, мусулмон банда намоз ўқиш учун шу вақтга дуч келади ва Аллоҳдан нимани сўраса, истаганини шубҳасиз беради”, дедилар (Бухорий, Муслим).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлар учун энг хайрли кун – жума кунидир. Шундай экан бу куни менга кўп салавотлар айтинглар, чунки бу кунги салавотлар менга кўрсатилади”, деб айтганлар (Абу Довуд).

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким «Каҳф» сурасини жума куни ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб, осмону фалакни ёритади ва унинг икки жума орасидаги хатолари кечирилади”, деганлар.

Авс ибн Авс (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимки жума куни ғусл қилиб, масжидга яёв борса, жума хутбасини чалғимасдан эшитса ва намоз ўқиса, масжидга сари босиб ўтган ҳар бир қадами учун бир йиллик (нафл) рўза ва (нафл) тунги намознинг ажри берилади”, дедилар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимки ғусл қилиб, покиза кийим кийса ва мушк билан хушбўйланса, масжидга шошмасдан борса ва имом маърузасини бўлмасдан эшитса ва намоз ўқиса у киши уйига ўтган жумадан бери қилган гуноҳларидан фориғ бўлган ҳолда қайтади”, дедилар.
Бошқа бир ҳадисда эса, “Кимки жума намозидан сўнг, оёғини алмаштирмасдан туриб қуйидаги сураларни 7 мартадан ўқиса: Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини, Аллоҳ субҳанаҳу ва Таоло унинг аввалги ва охирги гуноҳларини кечиради ва уни мукофотлайди, деганлар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким жума куни ғусл қилиб, масжидга эрта борса, битта туя сўйгандек бўлади. Ким иккинчи вақтда борса, худди битта сигир сўйгандек, ким учинчи вақтда борса, худди битта шохдор қўчқор сўйгандек, ким тўртинчи вақтда борса, худди битта товуқ сўйгандек, ким бешинчи вақтда борса, худди бир тухум атагандек бўлади. Имом (минбарга) чиққанда эса фаришталар хутбани эшитишга ҳозир бўладилар”, дедилар (Абу Довуд, Ибн Можа).

Мазкур ҳадисларда эътибор берадиган нарсалар бор, улар:  Салавотлар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га кўрсатилади, қадамлар остидан нурлар чиқади, масжид сари ташланган ҳар бир қадам нафл рўза ва ибодат қилганга тенгалштирилади, гуноҳлар мағфират этилади, Масжидга барвақт борган киши туя қурбонлик қилган ажрига ноил бўлади.

Ушбу куннинг улуғ фазилатларидан баҳраманд бўлишимизни Аллоҳ барчамизга насиб қилсин. Омин

Хайруллоҳ Саттаров,

ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари

 

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment