ЖУМА НАМОЗИ

ss

Жума намозини ўқиш фақатгина одамларни тўплайдиган шаҳарлар ёки шаҳарнинг намозгоҳида тўғри бўлади. Демак, хароба жойларда ўқиш жоиз эмас. Шаҳардан мурод раҳбар, суд-ҳуқуқ тизимига эга макондир.

Жума намозида мамлакат раҳбари амр этган кишигина имомликка ўта олади. Чунки жума катта жамоат ичида ўқилади, гоҳида имомликка ўтказиш ёки имомликка ўтишда низо чиқиб, баъзида жамоат ўртасида бошқа гаплар бўлиши ҳам мумкин. Шу жиҳатдан тамоман итоат юзасидан давлат раҳбарининг амри, ҳукуматнинг розилиги керак.

Жума хутбаси

Жума намозидан аввал иккита енгил хутба ўқилади. Бу хутбалар ўртаси бир муддат ўтириш билан ажратилади. Унинг мақдори ҳар бир аъзо ўз ўрнига тушиб олганига қадардир. Аммо хутба ўрнида “Алҳамду лиллаҳ”, “Субҳаналлоҳ” ва “Ла илаҳа иллаллоҳ” кабиларни ҳам айтса, жоиз бўлади.

Жума шартлари

Хутба – жума шартларидан. Чунки Пайғамбаримиз (с.а.в.) умрлари давомида хутбани тарк этмаганлар.

Жума шартларидан бири – вақт. Уни пешин вақтида ўқиш тўғри бўлади. Демак, ундан кейин ўқиш жоиз эмас.

Жума шартларидан яна бири – жамоат. Абу Ҳанифанинг фикрига кўра, жамоатнинг энг ози имомдан ташқари уч кишидир.

Жума ўқиш вожиб бўлмаган шахслар

Жума намозини ўқиш мусофир, аёл, касал, қул ва кўр кишиларга вожиб эмас. Улар жамоатга қўшилиб, жума ўқисалар, бу пешиннинг фарзи ўрнига ўтади. Чунки уларга пешин буюрилган. Бу мусофир тутган рўзага ўхшайди. Бинобарин, мусофирнинг рўзаси фарз ўрнига ўтади. Шу билан бирга, уларнинг ҳар бири жумага имомлик қилиши жоиз. Шунингдек, улар жамоат савобига тўлиқ эришадилар. Аммо аёлнинг  имомлик қилиши жоиз эмас.

Жума куни пешин намозини ўқиш

Кимки жума куни ҳеч бир узрсиз уйида имом жумани ўқишдан олдин пешин намозини ўқиса, макруҳ ҳолда жоиз бўлади. Аммо шу билан бирга, у намоз ўрнига ўтади.

 

Жума фарз бўлган шахсларнинг пешин намозини ўқиши

Шаҳарда узрли ва маҳбус кишиларнинг жамоат бўлиб жума куни пешин намозини ўқишлари макруҳдир. Чунки пешинни жамоат билан ўқисалар, унда жума намозига халал беришлари мумкин.

 

Жума намозига етиб қўшилиш

Жума намози бошлангандан кейин келган киши имомга иқтидо қилиб, келган ердан давом этади ҳамда етиша олмаган қисмини кейин тамомлаб қўяди.

Кечикувчи агар имомни ташаҳҳудда ёки саҳв саждасида топса, Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф наздида, иқтидо қилиб, жумани охирига етказиб қўяди. Имом Муҳаммад наздида, агар имомнинг иккинчи ракаатнинг бошроғида топса, иқтидо қилиб, жумани охирига етказади. Агар иккинчи ракаатнинг сўнгида топса, пешин намозини охирига етказиб қўяди.

Жумага шошилишнинг вожиблиги

Азонни эшитган кишига жума намозига шошилиш вожиб. Бу “Эй, имон келтирганлар! Қачонки, жума кунида намозга (азон) чақирилса, дарҳол Аллоҳнинг зикри сари (имом хутбасини тинглаш учун) ҳаракатга тушингиз ва савдо-сотиқни тарк қилингиз! Агар биладиган бўлсангиз, мана шу (иш) ўзларингиз учун яхшидир”  оятига биноандир.

Абу Бакр Розий. ТУҲФАТУ-Л-МУЛУК. А.Муҳиддинов таржимаси.
Самарқанд тумани
«Янги Масжид» жоме масжиди имом-хатиби
ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment