Зиёрат туризми имкониятлари турк журналистларини ҳайратлантирди

ss

2017 йил 30 декабрь куни Самарқанд шаҳрида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан туркиялик ва маҳаллий журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилди.

 

Тадбирда мамлакатимиздаги ҳамда 28-30 ноябрь кунлари юртимизда меҳмон бўлган Туркия республикасидаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, Самарқанддаги сайёҳлик фирмалари ва меҳмонхоналар раҳбарлари, шунингдек Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили З.Эшонқулов иштирок этди.

 

Йиғинда мамлакатимизнинг туристик салоҳияти, соҳа ишини халқаро талаблар даражасида такомиллаштириш ва ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Кейинги бир йил давомида амалга оширилган изчил ислоҳотлар, қонунчиликка киритилган ўзгаришлар ва соҳа субъектлари учун яратилган қулайлик ва имкониятлар республикамизнинг халқаро миқёсда сайёҳлик салоҳиятини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди.

 

Рақамларга мурожаат қилиниб, жорий йилнинг 10 ойи давомида юртимиздан Туркияга 180 минг нафар киши саёҳат мақсадида борган бўлса, Туркиядан Ўзбекистонга 20 минг нафар сайёҳ ташриф буюргани маълум қилинди ва турзм бўйича дунёда олтинчи ўринда турувчи Туркия давлати билан тажриба алмашиш яхши натижалар бериши таъкидланди.

 

Матбуот анжуманида меҳмонлар юртимизга саёҳат таассуротларга бой бўлганини таъкидлаб, бунинг учун Ўзбекистон ва Туркия республикалари раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Икки мамлакатнинг сайёҳлик борасида ҳали фойдаланилмаган имкониятлар жуда кўплиги ва буни тарғиб этишда оммавий ахборот воситалари фаол иш олиб бориши зарурлиги қайд этилди.

 

Фикр-мулоҳазаларга бой бўлган анжуман давомида сўз олган З.Эшонқулов юртимизда зиёрат турзми имкониятлари ҳақида сўзлаб, дунёга устоз бўлган боболаримиз, уларнинг бой мероси юртимизда кундан кунга қадр топиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, Имом Бухорий, Имом Мотрудий ва Хўжа Аҳрори Вали ҳазратлари тўғрисида тўхталиб, турк журналистларини ватанларидаги тасаввуф аҳлини ушбу зотлар қабрининг зиёратига тарғиб этишга чақирди.

 

Ўз навбатида ушбу чорлов Туркия оммавий ахборот воситалари вакилларида катта қизиқиш уйғотди ва сафарлари давомида ўзлари гувоҳ бўлган Ўзбекистоннинг зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича кенг имкониятга эгалигидан ҳайратга тушганларини истисно этмадилар.

 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment