Золимлар стратегияси

ss

Британия империяси ҳинд ерларини мустамлакага айлантирган дастлабки йиллар. Инглиз зобити саф қилиб турғизиб қўйилган мағлублар орасида қаддини тик тутиб турган ҳинд йигитининг қаршисига келди, кўзларига тикилиб қаради. Ўзи кутган қўрқувни кўрмагач, ҳинднинг юзига шапалоқ тортиб юборди. Ҳинд йигити шапалоқдан йиқилмади, тез қаддини ростлаб, жавобан инглиз зобитини шундай урдики, зобит хушидан кетди. Зобит ўзига келгач, ҳиндни ўлдирмоқчи бўлганди, инглиз генерали уни тўхтатиб қолди. Аксинча, 50000 рупия пул бериб, буни ўша ҳинднинг қўлига тутқаз, кечирим сўра деди. Зобит истамаса-да, генералнинг айтганини бажарди.

Орадан 10 йил ўтди. Ҳинд 50000 рупия билан тижорат қилиб, қашшоқдан бойга айланди. Оила қурди, серфарзанд, сердавлат, обрўли одам, катта уй ва бир неча хизматкорлар, тижорат ва ижтимоий мавқе эгаси бўлди.

Кунларнинг бирида генерал зобитни чорлади, ҳалиги ҳинднинг олдига бор, 10 йил олдин қилган ишингни такрорла, деди. Зобит таажжубланди. Ҳинднинг олдига борди, ҳеч нарса демай, тўғри келиб, ҳамманинг олдида унинг юзига шапалоқ тортди. Ҳинд бу сафар ҳеч нарса қилмади, ерга тикилганча тураверди. Зобит яна бир-икки шапалоқ туширгач, бўлган воқеани яхшироқ тушуниш учун генералнинг олдига қайтди. Шунда кекса генерал мустамлакачилар сирини зобитига изоҳлади:

— Сен уни урган пайтинг у қашшоқ, дунёдан беҳожат, номусидан бошқа йўқотадиган нарсаси йўқ, шунинг учун ҳам ўта хатарли бир инсон эди. Қавмининг жасоратлиси ва етакчиси ўлароқ бизга кўп муаммолар туғдириши мумкин эди. Энди эса унинг бойлиги, уйи, оиласи бор. Шунча нарсасини йўтоқишдан қўрқади. Энди у ҳам, қавми ҳам сеники, хоҳлаганингни қилавер.

Бу қиссада ибратлар кўп. Мен ҳар сафар ушбу қиссани айтиб берарканман, ўзимга ва ислом илмларини олаётган талаба биродарларимга ҳамда миллат дардида юрган замондошларимга насиҳат қиламан: ушбу қиссадан ўрнак олинг. Ўзингиз танлаган йўлга зуҳд билан, рўзадор одам кўчага чиққандек чиқинг. Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳдан нега у зотга ҳамма қулоқ солишини сўраганларида берган жавобларини эсланг: “Чунки улар мендаги нарсага (илмга) муҳтож эдилар, мен улардаги нарсадан (дунёдан) беҳожат эдим“.

Унутмангки, ким Аллоҳ учун фиқҳни ўрганса, Аллоҳ унинг икки дунёсига Ўзи кифоя қилади.

Аллоҳ бандаларидан жонларини ва дунёларини жаннат эвазига сотиб олган Зотдир! Қандай ҳам фойдали савдо бу!

Шу ўринда эслатиб ўтаман, зуҳд (зоҳидлик) билан таркидунё (asceticism, аскетизм) ўртасидаги фарқни баъзилар англамайдилар. Кофирлар ва баъзи исломий тоифалар чақирадиган “таркидунё“ қашшоқлик ўзини хор қилиш ва бечора ожиз мўмин бўлиб яшашга асосланган бўлса, унинг муқобилида ислом кишиларни чақирадиган “зуҳд“ бой ёки камбағал бўлишингизга қарамай, дунёнинг пашша қанотидек қадри йўқ эканини англаб, Охират учун яшашингиздир. Бинобарин, ислом кишиларни камбағалликка чорламайди. Аксинча, кучли мўмин кучсиздан, берувчи қўл олувчидан яхшироқ эканини таъкидлайди. Шунинг учун Имом Абу Ҳанифанинг шогирди Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Аш Шайбонийдан “Зуҳд китобини қачон ёзасиз?“ деб сўраганларида, “Савдо китобини ёзиб қўйибман-ку,“ деб жавоб берган эканлар.

Қиссадаги ҳинднинг муаммоси ҳам бойлигида эмас, қадриятларини бойлигидан устун қўя олмаганидадир.

Маҳмуд УСМОН
Мадина Ислом университети талабаси

manda: Azon.uz

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment