Замонавий Миссионерлик уюшмалари (давоми)

ss

Миссионерлик фаолияти мафкурамиз учун ёт унсур бўлиб қолмай, балки маънавиятимиз ривожи учун ҳам тўсиқдир. Яқиндагина сиёсий мустақилликка эришганимизда, нима, энди маънавий қулга айланамизми? Айтинг, миссионер найрангбозларнинг қўғирчоғи бўлишимиз керакми?

Агар биз миссионерларнинг зарбасидан чекинсак, бу дунёда ва охиратда шарманда бўламиз-ку? Ахир, биз нафақат ўзимиз учун, балки келажак авлоднинг диний камолоти учун ҳам масъулмиз-ку? Бизнинг юртимиз хисобидан уларнинг издошлари кундан кунга кўпайиб бораётганлигининг сабаби нима экан? Нега буюк миллатдан муртадлар чиқмоқда? Нега баъзи бирларимиз Ҳақ диндан юз ўгирмоқдамиз? Нега ота-боболаримиз шарафланган диндан юз ўгирмоқдамиз? Саволлар кўп бўлишига қарамасдан, насроний дин оқимларидан юртимизда Иегова шоҳидлари, Евангелистлар, Адвентистлар, Баптистлар ва бошқа кўплаб катта-ю кичик черков вакиллари ўзларининг «самарали» овларига ўлжа изламоқдалар. Ўшдаги “Элдос” ташкилоти уч йилдан буён ноқонуний фаолият юритиб келмоқда, ҳатто ўз ибодат уйини очган. Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида тадбиркор сифатида машруълашган яна бир жанубий Кореялик фуқаро Қирғизистон ҳудудидаги Сулукта шаҳрида миссионерлик билан шуғулланган. Яна Ўшнинг ўзида “Иегова шоҳидлари ”нинг кўплаб вакиллари уйма-уй юришибди, ўтган-кетганларга ўзлари нашр этган китобларни тарқатмоқдалар, улар кўчанинг ўзида ва ҳатто бозорларда суҳбатга киришишга уринадилар. Бундай мисоллар етарли.

Айримлар шу даражада бузилиб кетганки, уни таърифлашга тил ожиздир. Баъзилар эса адашиб, зулмат батқоғига ғарқ бўлганлар. Лекин, инсониятнинг нажот топиши учун бир йўл бор, у ҳам бўлса Ислом динидир. Охират ва бу дунё ҳақиқатларини ўзида мужассам этган дин Исломдир.

Исломнинг асл ҳақиқати эса тавҳиддир. Миссионерлар даъват этаётган нарса ҳам, кўринишидан чиройли бўлиши, миссионерларнинг мулойим гаплари-ю, хайр-эҳсонларининг чегараси йўқ бўлиб туйилиши мумкин, аммо улар даъват этган нарса Тавҳид эмас, аксинча ширкдир. Аслида барча самовий динларнинг қалби тавҳид эканлигини Аллоҳ Ўзининг каломида: “Аллоҳ наздида (ҳақиқий) дин Исломдир”, деган (“Оли Имрон” сураси, 19-оят).

«Барча самовий динлар ислом шиори остидаТАВҲИДга эътибор ва аҳамият берган. Ҳазрати Нуҳдан, то ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломга қадар бутун пайғамбарларнинг даъватларида илк мавзу Тавҳид шиори эди. Аллоҳ таоло ўз қулларига ҳидоят қилиб юборган барча пайғамбарларнинг илк вазифалари бир биридан ажрамайдиган ва бир бирини тўлдирадиган икки асосдан иборатдир:

а) фақат Аллоҳга ибодат қилишга даъват;

б) тоғутлардан (сохта маъбудлардан) узоқланишга даъват». (Ю.Қарзавий Тавҳид ҳақиқатлари.)

Насронийларнинг баъзилари Исо алайҳиссаломни Робб (Господь), баъзилари эса Худонинг ўғли дедилар. Исо алайҳиссаломнинг оналарини ҳам худо қилиб олдилар (богородица, богаматерь, дева Мария), ҳатто 431 йилда ўтказилган жаҳон соборида Биби Марямни «худонинг онаси» деб расман тан олишган. Католиклар ва бошқа христиан оқимлари орасида Биби Марямга сиғиниш жуда ривожланиб кетди. Ҳатто черковларда Биби Марямнинг хайкал ва расмларини ўрнатиб, унга сиғинадилар. Аслида эса Исо алайҳиссалом, биргина Аллоҳга ибодат қилишга даъват этган эди. У осмонга кўтарилиб кетгач ва ҳақиқий ҳаворийлар давриданоқ сохта устозлар ҳар хил ботил таълимотлари ила Исо алайҳиссалом йўлларига ҳамла қилдилар (инша-аллоҳ бу масалани кейинги бобларда ўрганамиз). Хозир эса Қуръони каримга мурожат этамиз: Аллоҳ: «Эй, Исо ибн Марям, сен одамларга, Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни илоҳ қилиб олинглар, дедингми?» деганини, у эса: «Эй, пок Парвардигор, ҳаққим йўқ нарсани мен айта олмайман-ку. Агар айтган бўлганимда, батаҳқиқ, сен уни билар эдинг. Сен менинг дилимдагини биласан, мен сендаги ҳеч нарсани билмайман. Албатта, сен ўзинг ғайбларни энг яхши билгувчи зотсан», деганини эсла. «Мен уларга ўзинг менга амр қилган нарса менинг Роббим ва сизнинг Роббингизга ибодат қилингдан бошқасини айтганим йўқ. Ва модомики ораларида эканман, уларга гувоҳ бўлдим. Мени ўзингга олганингдан сўнг, сенинг ўзинг уларга кузатувчи бўлдинг. Зотан, сен ҳар бир нарсага гувоҳсан».(Моида 116-117, “Тафсири ҳилол”дан таржима)

«Виждон эркинлиги» қонунидан «самарали» фойдаланиб ва ғирром йўллар билан ислом дини вакилларини ўз тузоқларига илинтириш мақсадида юрган баъзи бир христиан миссионерлари ҳамда уларнинг ўлжасига айланаётган манқуртларга хитоб қиламиз.

Биз мусулмонлар иймон келтирган китоб, бу — Исо алайҳиссалом баён этган хушхабар яъни ҳақ Инжилдир. Хозирги кунимиздаги мавжуд Инжиллар Исо алайҳиссаломга нозил бўлган Инжил эмасдир. Буни мазкур китоб номлариданоқ билиб олса бўлади. Мисол учун Матто баён этган хушхабар, Луқа баён этган хушхабар, Юҳанно ва Марк баён этган хушхабарлардир. Тарихда яна кўп Инжиллар бўлган. Тарихий бўҳронларга дош беролмай, кўп Инжиллар йўқолиб ёки «йўқотилиб» ташлангандир. Хозирда ҳам дин тарғиботчиларининг ҳоҳлаганидан Исо алайҳиссалом баён этган хушхабарни менга кўрсатинг дейилса, улар буни кўрсата олмайди. Кўрсатишга ожиздир. Яна, Исо алайҳиссалом «мен худоман, менга ибодат қилинг» деб айтган жойи бўлса, менга бир кўрсатинг деб савол қилсангиз, кўрсатиб беришдан яна ожиз бўлади, аммо Исо алайҳиссаломни худо дейишдан қайтмайди. Ўзгартирилган Инжилда ҳам аниқ қилиб «Исо бу Худо» деб айтилмаган, балки ноаниқ ибораларни ҳар хил оқимлар ўзларича таъвил қиладилар. Таъвилларида яна ўзларини ҳақ деб биладилар. Таъвил қилаётган нарсаларининг манбаъсини бир ўрганиб чиқсалар фойдадан ҳоли бўлмас эди.

Авваламбор, халқимизни огоҳликка, сергакликка чақириш, зеро “Ватан”, “Миллат”, “Дин” тушунчалари муқаддас тушунчалардир. Уларга эътиборсизлик қилишга ҳеч бир кишининг ҳаққи йўқ. Иккинчидан, ҳар бир инсон бирор нарса ҳақида тўғри тасаввурга эга бўлмоғи зарур. Бирор нарсани нотўғри талқин этишга, бўяб кўрсатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Учинчидан, мусулмонга нима зарур ва нима зарур эмас эканини яна бир бор эслатиб қўйиш ҳам жуда муҳимдир.

 Нажмиддинхон Ҳамзаев — Ургут тумани “Ғўс” жомий масжиди имом-хатиби

ss

Ушбу хабарни улашинг

Post Comment